Ўзбекистон янгиликлари

Қуръонга ошиққанларга хушхабарлар ёр бўлсин!

Сурхондарё вилоятида давом этаётган Қуръони карим мусобақасининг ҳудудий босқичи давом этаётган бир паллада, самодан Яратганнинг раҳмати ва баракоти – оппоқ қор ёға бошлади. Денов туманидаги “Имом Бухорий” жоме масжидига ташриф буюрган ёшу қари, аёлу эркак илоҳий каломга қулоқ тутар экан, ундан таъсирланиб, кўзларидан шашқатор ёш қуйилмоқда. Ушбу мусобақа қалбларга таскин берувчи ва тўғри йўлга бошловчи Қуръони каримга бўлган чексиз муҳаббатимизни янада мавжлантирмоқда.
Юртимиз узра Яратганнинг илоҳий раҳмати ёғилиб турган дамда, ушбу тароватли онлардан баҳраманд бўлиш, бугунги Қуръон мусобақасида иштирок этиш, сомеъ бўлиш учун бериладиган ажрлардан умидвор бўлган Қуръонга ошно қалблар, совуқ ҳаво – чилланинг авжи кунлари бўлишига қарамай, тўп-тўп бўлиб Каломуллоҳни тинглаш учун ошиқиб келишмоқда. Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бу кўнгиллар таскин топмоқ учун Қуръоний зиёфатга шошмоқда.
Дарҳақиқат, Қуръон энг тўғри йўлга бошловчи илоҳий каломдир. Аллоҳ таоло Исро сурасида: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят қилур…», дея Қуръонни васф қилган.
Роббимизнинг каломига қанчалик ошиқсак, уни қанчалик маҳкам тутсак, бизга Ҳақ таолонинг баракоти шунча кўп ёғилади. Айниқса, мана шундай қалблар эриб, кўнгиллар юмшаб турган дамларда унинг тиловатини тинглаб, маъноларини ўргансак, иншоаллоҳ, Қуръонда ваъда қилинган хушхабарларга эришамиз ва икки дунё саодатидан баҳраманд бўламиз!
Шундай экан азизлар, Қуръони карим қироатларини жонли тинглаб, руҳингизга қувват беринг.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 3118 times

Янгиликлар

Top