Ўзбекистон янгиликлари

Навоийда беш юз йиллик обидага зах хавф солмоқда. У ҳақда биласизми?

Мамлакатимиз улуғ алломалар туғилиб ўсган диёрдир, унинг ҳар бир гўшасида бир улуғ зотнинг тарихи бор. 

Шундай қадамжолардан бири Навоий вилояти Кармана шаҳридаги нодир меъморий ёдгорлик – “Қосим Шайх” мажмуасидир. Ушбу мажмуа 500 йиллик тарихга эга бўлиб, айни пайтда ушбу маданий мерос объектида мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. 

Мажмуанинг зах тортиб, емирилишига сабаб бўлаётган ер ости сувларини бинодан узоқлаштириш мақсадида ҳудудда 4-5 метр чуқурликдаги ҳовуз барпо этилди. Ҳовузда тўпланган сув Касаба каналига чиқариб юборилади. Шунингдек, мажмуа пойдеворини мустаҳкамлаш, иморатнинг яроқсиз ҳолга келиб қолган ғиштларини алмаштириш, атрофни ободонлаштириш ишлари ҳам уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. 

Маълумот учун, Бухоро хони Абдуллахон даврида машҳур бўлган пири муршид Қосим Шайх Азизон дафн қилинган даҳма XVI асрнинг 80-йиллари хоннинг фармойишига мувофиқ бунёд этилган. Тарҳи тўғри тўртбурчак. Бинонинг ичи хочсимон хонақо бўлиб, икки гумбаз билан қопланган. Тарҳининг уч томонида пештоқ бўлиб, оралиғидаги бурчакларда ҳам хоналар бор. Улар ҳам гумбазли. Жануб томондаги асосий пештоқ ҳашаматли ва баланд қилиб қурилган. 

Кейинги асрларда хонақо атрофида қўшимча бинолар қурилиб, мажмуа вужудга келган. Ҳовли атрофида даҳма, зиёратхона ва ҳужралар барпо қилинган. Мажмуанинг умумий тарҳи 92х87 метр. 1910 йили атрофи девор билан ўралиб, заҳира тарзида қўшимча бинолар зиёратхона, масжид, айвон бунёд этилган. Қосим Шайх мажмуаси мустақиллик шарофати ва Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси билан қайта таъмирланган. 

Бухоро хони Абдуллахон (1583–1595) ҳукмронлиги даврида Қосим Шайх Азизон унинг маънавий раҳнамоси ва пири муршиди бўлган. Карманалик сўфий Қосим Шайх тарихий манбаларга қараганда, Қосим Шайх Карманағий, Шайх Азизон, Низомиддин Қосим Шайх, Ҳазрати Эшон, Қутбул Авлиё, Суъдул Авлиё каби номлар билан машҳур бўлган. Бухоро хонлигининг муваффақиятларида у кишининг хизматлари беқиёсдир. 

Ҳофиз Таниш ал-Бухорийнинг “Абдулланома”, Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб”, Муҳаммад Тоҳир ал-Хоразмийнинг “Тарих ул-авлиё” каби асарларида Қосим Шайх ҳазратлари XVI аср бошларида, тахминан, 1503–1504 йили туғилган дейилган. Қосим Шайх Азизон тасаввуфнинг жаҳрийя (зоҳирий зикр) сулукига мансуб бўлиб, маънавий руҳоний силсилалари Хожа Аҳмад Яссавийга бориб тақалади. Шайбонийлар хони Абдуллахон Рустам Баҳодирхон каби ўз аъёнлари билан ул зоти бобаракотнинг этакларидан маҳкам тутишга жазм этган. Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” номли асарида Қосим Шайх Азизон “вужуддан кечмоқ, вужудни дариғ тутмаслик назариясини чунонам мартабасига етказганлар ва соҳиби каромат даражасига эришганлар” дейилади. 

Қосим Шайх Азизон 1581 йили 78 ёшида вафот этган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3583 times

Янгиликлар

Top