Ўзбекистон янгиликлари

Икки ойда Умра сафарига 8736 нафар зиёратчи боради

Жорий йилнинг 1 февралидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси “Умра. Баҳор-2018” дастури доирасида қатновларни амалга ошира бошлади. Бу ҳақда МАК Матбуот хизмати хабар берди. 

Ушбу дастур доирасида Тошкент-Жидда-Тошкент йўналиши бўйича жами 46та қатнов амалга оширилиб, унда 8736 нафар зиёратчини “Boeing-767” самолётларида белгиланган манзилга эсон-омон етказиш режалаштирилган. 

Миллий авиаташувчи мутахассислари томонидан “кичик ҳаж” амалига пухта ҳозирлик кўриш билан бирга зиёратчиларга қулай шарт-шароит яратиш, юқори даражадаги сервис хизматларини кўрсатиш учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. Жумладан, зиёратчилар билан ишловчи махсус гуруҳ ташкил этилган. Шунингдек, саҳн таомномасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, ундан ҳалол гўшт маҳсулотлари, қуруқ мевалар, турли салатлар, сарҳил мевалар ва ширинликлар ўрин олган. 

Миллий авиакомпаниянинг барча таркибий бўлинмалари мазкур дастурни амалга оширишга тайёр эканини кўрсатмоқда. 

“Умра. Баҳор-2018” дастури шу йилнинг 29 мартига қадар давом этиши кўзланган.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3745 times

Янгиликлар

Top