Ўзбекистон янгиликлари

Муносабат: Неки бўлса, илҳом билан бўлади

Олиму уламоларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, ўтганларини хотирлаб уларнинг руҳларини шод қилишни ният қилиб, ишларини давом эттириш Аллоҳ таоло қошида, аждодлар хотираси олдида, жамики олам аҳли олдида миллатнинг юзини ёруғ қилади, йўлларини очади.

Тарихий манбалардан биламизки, Аллоҳ таолони севган бандаларни севган, уларга ниҳоятда катта эҳтиром кўрсатган Соҳибқирон Амир Темур 1363-64 йилларда буюк мутасаввуф Аҳмад Яссавийнинг набираси, улуғ авлиё Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.  

Адолатпарварлик, халқпарварлик, авлиёи киромга эҳтиром кўрсатиш, эл-юртнинг розилигини топиб яшашни ҳаётининг маъноси деб билган ва бошқалардан ҳам ана шу фазилатларни талаб қилаётган президентимиз ҳар жиҳатдан Соҳибқирон бобомизнинг ҳаётидан ибрат олиб келаётгани ана шу мақбара  қурилиши мисолида янада яққол намоён бўлмоқда.

Давлатимиз раҳбари 2017 йил 26 май куни бу масканда бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш бўйича топшириқлар берган эди. Чунки бу мақбаранинг обод бўлиши, ушбу макон-манзилларда ётганларнинг руҳи шод қилади, шаҳар аҳолисининг дилини равшан этади ва энг муҳими, Аллоҳ таолонинг иккита севикли бандаси – Сузук ота ва Амир Темур ҳазратларининг руҳини ором топтиради. Аллоҳнинг изни-иродаси ила иншоаллоҳ, миллий меъморлик анъаналари асосида бунёд этилаётган, зиёратчилар учун кенг қулайликлар яратилаётган масжиднинг қурилиш ишлари жорий йилнинг 1 сентябрида якунланади.

Президентимизнинг мажмуага ташрифига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ҳамроҳлик қилди. Улар мажмуадаги қурилиш ишларини кўздан кечирдилар.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Чилонзор туманида барпо  этиладиган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номи бериладиган бўлди.

– Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф нафақат юртимизда, балки бутун ислом оламида тан олинган олим эди, – деди Шавкат Мирзиёев. Ҳаётини муқаддас динимиз арконларини ўрганишга ва тарғиб этишга, халқимиз, ёшларимизни диний маърифат руҳида тарбиялашга бағишлади.

Президентимизнинг масжид қурилаётган майдонда туриб айтган сўзларини тинглаган киши 1989 йилда, жуда қийин ва мураккаб даврда, бениҳоя қалтис шароитда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий бўлгани Аллоҳ таолонинг ушбу минтақага бир марҳамати бўлганини чин юракдан ҳис қилди, десак, асло муболаға бўлмайди.

Меҳрибон Парвардигоримиз Шайх ҳазратларини восита қилиб, турли фирқалар, бидъатчилар, реакцион оқимлардан ўлкамизни Ўз паноҳида асради. Шайх ҳазратлари ислом оламида машҳур бўлган ва барча илм аҳллари, соғлом ақл эгалари мўътабар манба деб биладиган “Мухтасари Виқоя”, “Кифоя”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, “Мазҳабсизлик – ислом шариатига таҳдид солувчи энг хатарли бидъат” каби китобларни ўзбек тилида шарҳлаб, ўша мураккаб йилларда кўпдан-кўп беҳуда ихтилофларнинг олдини олишга катта ҳисса қўшди.

100 дан ортиқ илмий-оммабоп асарлари билан халқимизнинг қалбидан чуқур жой олди. У киши юртимиз одамларининг маънавий суянчи эди. Юртбошимиз айтганидек, Шайх ҳазратлари бир ибратли ҳаёт кечирдики, ҳар бир ишларидан, ҳаракатларидан намуна олишга арзир эди.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари юксак инсоний фазилатлари, қомусий илми, даврнинг руҳини теран англаш хислати билан юртимиз одамларига қанчалик севимли бўлса, дунёнинг бошқа давлатларида ҳам шунчалик ардоқли эди, дунё олимларининг пешволаридан эди.

Эрталаб идорамизга телефон қилган бир юртдошимиз айтади:

Ҳеч қачон ахборот кўрсатувини бунчалик ҳаяжон билан кўрмаган эдик, Президентимиз гапиряптилар, бизнинг кўз ёшимиз сел бўляпти. Ундан кейин муфтий ҳазратларининг гаплари севинчга тўла кўз ёшларимизни янада зиёда қилди, Илоҳо, Парвардигоримиз ўтганларимизни ҳурматлаган юртбошимизнинг, марҳум Шайхимизни устозимиз деб эъзозланган муфтий ҳазратларининг умрига, ризқига барака берсин. Бундай савобли ишларни қилишда уларнинг куч-қувватини, ғайрат-шижоатини зиёда қилиб, ёмон кўзлардан Ўз паноҳида асрасин.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳар доим Ўзининг каломига муҳаббати зиёда бўлган, аждодларини, олиму уламоларини эъзозлаган, ўзаро ҳурмат-эҳтиромни одат қилиб олган халқнинг насибасини зиёда қилиб қўйган.

Бинобарин, Ватанимизда давом этаётган Қуръон мусобақаси бу – шунчаки одамлар ўрганиб қолган беллашув эмас. Бунда Аллоҳнинг Каломи тиловат қилинаётир, Ушбу Калом ҳурматини васила қилиб дуоларга қўл очилаётир. Муфтий ҳазратлари кеча қурилиш объектида турганларида “Аллоҳ таоло Президентимиз қалбига илҳом солиб” дея  эсда қоладиган жуда ҳам чиройли иборани айтдилар.

Дарҳақиқат, Аллоҳнинг Каломини ўқиш бўйича мамлакат бўйлаб мусобақа ўтказиш ғояси, Унинг илмларини ўрганиш бўйича янги-янги марказлару мактаблар, олий ўқув юртлари, академиялар ташкил этиш, азизу авлиёларнинг манзилини обод қилиш ташаббуси уйғоқ қалбларда ҳар доим илҳом билан бўлади.

Аллоҳимиз юртимизни, халқимизни, бошимизда турган Йўлбошчимизни ҳар доим ҳифзу паноҳида асрасин! Бошлаган хайрли ишларимизда Ўзи ҳар доим мададкор бўлсин!

ЎМИ матбуот хизмати

 

 

Read 4023 times
Tagged under

Янгиликлар

Top