Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда 2017 йили 18 мингдан ортиқ шахс махсус ҳисобдан чиқарилди

Фото: ЎзА 

Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида инсон ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш мақсадида барча вақтинча сақлаш ва тергов ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойлари, жазони ижро этиш муассасаларини видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов ЎзА мухбири билан суҳбатида маълум қилди.

Белгиланган вазифалар доирасида жазони ижро этиш тизими фаолияти тубдан такомиллаштирилмоқда. Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар ётоқхоналари, ёрдамчи бинолар бугунги кун талаблари асосида қайта қурилиб, зарур жиҳозлар билан тўлиқ таъминланди.

Жазони ижро этиш соҳасини халқаро стандартларга мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тошкент шаҳридаги 1-тергов ҳибсхонасининг янги бинога кўчирилгани бу борада муҳим қадам бўлди. Тошкент вилояти Зангиота туманида янгидан қурилган замонавий тергов ҳибсхонасида барча шарт-шароитлар мавжуд бўлиб, ошхона, кутубхона, ювиниш хонаси ва бошқа маиший хизмат кўрсатиш хоналари зарур жиҳозлар билан таъминланган.

Жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумларни ижтимоий-фойдали меҳнатга жалб этиш амалиёти йўлга қўйилган. Муассасалар ҳузурида давлат унитар корхоналари ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад маҳкумларни меҳнатга жалб этиш орқали тарбиялаш, уларда касбий кўникмаларни шакллантириш ва олинаётган даромадни қамоқда сақланаётган шахслар шароитини янада яхшилашга йўналтиришдир. Жазони ижро этиш муассасалари ишлаб чиқариш корхоналари томонидан 2017 йил мобайнида 123,2 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Президентнинг 2017 йил 6 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигининг 25 йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида»ги фармонига асосан жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган, жиноятни билиб-билмай содир этган, тузалиш йўлига қатъий ўтган 2700 нафар маҳкум афв этилди. Мазкур фармон ижроси тўлиқ таъминланди.

2017 йил давомида инсонпарварлик тамойили асосида жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган 1932 маҳкум озодликка чиқарилди, 8835 маҳкум манзил-колонияларига ўтказилди, 9462 маҳкумнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.

Тергов ҳибсхоналари, вақтинча сақлаш ҳибсхоналари, махсус қабулхоналар, маъмурий қамоқни ўташ жойлари, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар устидан узлуксиз назоратни олиб бориш мақсадида мазкур муассасалар видеокузатув воситалари билан таъминланмоқда. Жорий йилнинг 1 март кунига қадар ушбу муассасаларда видеокузатув мосламаларини ўрнатиш ишлари тўлиқ тугалланади.

Президент топшириғига асосан турли диний оқимларга бошқалар таъсирида ёки ёшлик қилиб, оқибатини билмасдан кириб қолганларнинг «пушаймонлик аризалари»ни ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди. Диний экстремистик оқимларга кирганларнинг ҳар бирига нисбатан мавжуд ҳужжатлар дин уламолари, яқинлари, қўни-қўшни ва қариндош уруғлари, маҳалла аҳли фикрини инобатга олган ҳолда ўрганилмоқда. Шу асосда тегишли комиссия томонидан хулосалар қабул қилинмоқда. Бунинг натижасида ўтган йилнинг ўзида 18 мингдан ортиқ шахс махсус ҳисобдан чиқарилди.

Манба: https://daryo.uz

Read 3663 times

Янгиликлар

Top