Ўзбекистон янгиликлари

Масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш бўйича ҳукумат қарори қабул қилинди

Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” каналида хабар берилган. 

Қарорга асосан қабристонлар жойлашган ҳудудларда диний маросимларни (жаноза, марҳумларни хотирлаш) ўтказишга мўлжалланган махсус жойлар ташкил этилади. 

Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишлари учун маҳаллий бюджетларига 3 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. 

Реконструкция қилиш ва таъмирлаш талаб этиладиган эски масжидлар рўйхати шакллантирилади ҳамда улар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди ҳамда ҳомийлар ҳисобидан 2018-2019 йиллар давомида реконструкция қилинади ва таъмирланади. 

Шунингдек, ёшларни юртимиздаги муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни обод қилиш ҳамда уларда муқаддас масканларни қадрлаш, сақлаш ва аждодлар хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш туйғуларини тегишли фанлар машғулотлари ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш орқали шакллантирилиши белгиланди. 

Қарорда белгиланган ишларни амалга ошириш мақсадида муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш, бажарилган ишларни назорат қилиш ва ҳисоботларни тақдим этишга доир чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4810 times

Янгиликлар

Top