Ўзбекистон янгиликлари

“Етти пир” ҳақида китоб тайёр, энди унга ҳомий керак
Маълумки, яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятига сафарини азиз-авлиёлар қабрини зиёрат қилишдан бошлади. Сафар давомида Бухоро заминидаги етти буюк авлиё – пирлар ҳақида жуда илиқ ва фойдали фикрларни билдирди. Уларни дунёга танитиш борасида барча чораларни кўриш, улуғ аждодларимиз муқаддас масканларини олам аҳлига танитиш ҳақида тавсиялар берди. Шунингдек, Президентимиз “Етти пир” ҳақида китоблар ёзиш, уларнинг асарларини таржима қилиш кераклиги ҳақида ҳам куюниб гапирди.
 
Айнан ана шу улуғ алломаларимиз ҳақида илмий асосланган, пишиқ ва пухта китобни нашрга тайёрлаш учун филология фанлари номзоди Сайфиддин Рафиддинов бир қанча изланишлар олиб борган. Яқинда адибнинг бухоролик етти пир тўғрисидаги – “Дунё муршидлари” деб номланган асари тайёр бўлди.
 
“Фақат энди ушбу асарни нашр этиш учун мутасадди ёки кўнгилли инсонларнинг ёрдами керак”, дейди ЎзА билан суҳбатда етти буюк авлиё тўғрисида бир йил давомида изланиб китоб ёзган муаллиф Сайфиддин Рафиддинов. 
 
– Бу йил мамлакатимизда Абдулхолиқ Ғиждувоний таваллудининг 915 йиллиги ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 700 йиллиги кенг нишонланади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур саналарга бағишлаб, Ислом оламининг йирик олиму уламолари иштирокида халқаро анжуман ўтказилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан каминага “Етти пир” ҳақида китоб ёзиш ҳамда уларнинг асарларини таржима қилиш вазифаси топширишган эди. 
 
Бир йил давомида Хожагон Нақшбандия машойихлари билан боғлиқ бешта китоб тайёрланди. Китоблар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний Қўмитанинг экспертлар гуруҳи томонидан нашрга тавсия қилинди. Айрим масалаларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти олимлари билан кенгашиб иш тутилди.
 
Бешта китобнинг биринчиси, бухоролик етти пир – Абдулхолиқ Ғиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Маҳмуд Анжир Фағнавий, Али Ромитаний, Муҳаммад Бобо Саммосий, Амир Кулол ва Баҳовуддин Нақшбанд ҳақида бўлиб “Дунё муршидлари” дея номланди. Китобни ёзишда арабий ва форсий манбалардан, етти пирнинг асарларидан, хорижда ва юртимизда нашр этилган манбалардан фойдаланилди. 
 
Қолган китоблар етти пирнинг асарлари таржимасидир. Улар: Юсуф Ҳамадонийнинг “Рутбат ул-ҳаёт”, “Одоби тариқат” ва “Инсон ва коинот ҳақида”ги рисолалари ҳамда илова маълумотлар, Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг “Мақомоти Юсуф Ҳамадоний”, “Васиятнома” ҳамда илова маълумотлар; Хожа Ориф Ревгарийнинг “Маҳбуб ул-орифин” рисоласи ва илова маълумотлар; Каминанинг “Хожагон-Нақшбандия тариқати” ҳақидаги росоласини ўз ичига олади.
 
Китобларнинг илмийлигини ҳисобга олиб, айримларининг охирига асарнинг қўлёзма матнини ҳам илова қилдик. Бу хорижлик китобхонларнинг фойдаланишлари учун ҳам қўл келади. 
 
Бўлажак халқаро анжуманга тўёна сифатида энди уларни тезроқ нашр этиш пайидаман.
 
Бешак, аввало, китобларни охирига етказишда куч-қувват ва илҳом берган Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин! Тилагим – ушбу китоблар тезроқ, бехато ва сифатли нашр этилса. Бухоро вилояти ҳокимияти ёки бошқа нуфузли ташкилотлар мазкур китобларга ҳомийлик қилса, яхши бўларди. 
 
Президентимиз ёшларимизнинг илми ва ахлоқи, келажаги хусусида куйиниб гапиряпти. Фарзанд тарбиясида китобларнинг ўрни нечоғлик муҳим эканини бот-бот такрорламоқда. 
 
Машойихларимиз ҳақидаги ушбу китоблар, уларнинг асарлари ёшларимизни илму маърифатга, одоб-ахлоқ, ота-она ва устозларни ҳурмат қилишга, динимиз ва эътиқодимизни қадрлашга, элу юрт, жонажон Ватанни севишга, тарғиб ва ташвиқ қилиши билан ҳам эътиборга молик, деб ҳисоблаймиз.
 
Манба: http://uza.uz
 
Read 3559 times

Янгиликлар

Top