Ўзбекистон янгиликлари

Кока-Кола Қорақалпоғистонга инвестиция киритмоқда

Кока-Кола жамғармаси БМТнинг Орол денгизи бўйича қўшма дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Тахтакўпир туманида сув таъминотини яхшилаш лойиҳасига 100 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритмоқда. 

БМТ маълумотларига кўра, бугунги кунда сайёрамиз аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи ичимлик суви танқислигидан азият чекмоқда. 884 миллион киши тоза сув таъминотидан маҳрум, 1,7 миллиарддан кўпроқ одам қўшимча чучук сув манбаларига эҳтиёж сезмоқда. 

Орол денгизи қуриши натижасида Қорақалпоғистонда ҳам бир қатор ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммолар вужудга келган. Маҳаллий аҳолининг фақатгина 50,8 фоизи марказлашган сув таъминотидан фойдаланиш имконига эга. Узоқ туманлар аҳолиси жойларда ўрнатилган сув манбалари ҳамда чуқурлиги 400-500 метрлик артезиан қудуқлардан олинадиган сувни истеъмол қилмоқда. 

photo5233310920694933698.jpg

 
Тахтакўпир туманидаги «Ата кўл» қишлоқ фуқаролар йиғинининг «Мақпал кўл» овулида аҳолининг ичимлик сувига эҳтиёжи қўл насослари орқали таъминланади. Бу эса саломатлик ва санитария борасида қатор муаммоларни юзага келтирмоқда. 

Кока-Кола жамғармаси ва Глобал сув ресурслари муаммолари бўйича ташкилот томонидан Янги олам дастурининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Оролбўйидаги қишлоқ ҳудудларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш» лойиҳаси доирасида 2018 йил охиригача туманда сув тақсимлаш станциясини тиклаш ишлари амалга оширилади. Натижада 2 мингга яқин одам тоза ичимлик сувидан фойдаланиш имконига эга бўлади. 

photo5233332988236900536.jpg
 
Маҳаллий аҳолини жалб қилган ҳолда ижтимоий лойиҳаларни амалга оширишда кўмак бериш БМТнинг ҳудудда амалга оширилаётган «Орол минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан жабр кўрган аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш» қўшма дастурининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. БМТ Тараққиёт дастури, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши ва Тахтакўпир тумани ҳокимлиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа Янги олам дастури томонидан ҳам қўллаб-қувватланди. 

Янги лойиҳа доирасида туман ҳокимлиги ва аҳоли иштирокида таълим ва тиббиёт муассасаларида санитария-гигиена масалаларига бағишланган туркум семинарлар ташкил этилади. 
 
Манба: http://uza.uz
 

 

Read 2933 times

Янгиликлар

Top