Ўзбекистон янгиликлари

Қувайт Ўзбекистонда араб тилини ўқитишга ёрдам беради

2018 йилнинг 21-февраль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қувайт Давлати Ҳукумати ўртасида олий таълим ва илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Битим кучга кирди. Ҳужжат 2017 йил 9-февральда Ал-Қувайт шаҳрида имзоланган эди.
Битим олий таълим ва фан соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат олий таълим муассасалари (ОТМ) ва тадқиқот марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Ҳужжатга кўра, томонлар талабалар ва тадқиқотчилар алмашинувини амалга оширадилар ва улар учун ҳар йили тегишли стипендиялар ажратадилар, шунингдек, Ўзбекистон ва Қувайт ОТМлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашадилар.
Битим айни пайтда араб тилини ўқитиш ва ўрганиш, манбаларни тадқиқ қилиш ва шарқ қўлёзмаларини сақлаш ишларида ўзаро ҳамкорликка кўмаклашади.
Унинг асосида Қувайт ОТМларида араб тили ва адабиёти ўқитувчиларининг амалиёт ўташи орқали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Ўзбекистон ОТМларида араб тили хоналари ва кутубхоналарини замонавий техника воситалари ҳамда араб тилидаги адабиётлар билан жиҳозлашда ўзаро ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 2858 times

Янгиликлар

Top