Ўзбекистон янгиликлари

Мўминнинг сифати – ҳалолликдир

Вилоятларда ҳеч қачон ёнмаган свет учун аҳолидан дўқ-пўписа қилиб пул тўлатиб олиб ўша пулларни туя қилиб кетиш кўп йиллардан бери урф бўлганини ҳамма билади. Аммо буни қарангки, совуқ сувнинг тўлов пули ўзлаштириб кетилиши ҳам бор экан. Ана, нуроталик шоввоз, оз эмас, кўп эмас, нақд 71 кишининг ичимлик суви учун давлат ғазнасига тўлаган маблағини ўзлаштириб олибди.
«Сувоқава» давлат унитар корхонаси Нурота тумани филиалининг собиқ назоратчиси Э.Ҳ. туманнинг Нурфахр, Янгиобод, Эшон Судур ва Бўдиқ маҳаллаларида яшовчи 71 нафар фуқарони чув туширди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда. У аҳолининг ичимлик суви учун тўланган жами 5 миллион 300 минг сўмдан зиёд пулини ўз шахсий эҳтиёжи учун сарфлаб юборгани аниқланган.
Хизмат вазифасини суиистеъмол қилиб халқнинг давлат хазинасига тушиши керак бўлган ёки давлат хазинасидан халққа етиб бориши зарур бўлган пулни ўзлаштириб олиш адлия ва банк ходимлари, солиқчилар, газчилар, светчилар, божхоначилар, бозор маъмурлари, автотураргоҳларда ниҳоятда кўп учрайди. Ҳатто бунга одамлар ўрганиб ҳам қолган. Ана шу жойларга иши тушмаслигини сўраб Аллоҳга дуо қилиб юради-ю, мабодо иши тушиб қолгудек бўлса ҳам ғайриихтиёрий равишда чўнтак кавлаб уларнинг “насиба”сини ажрата бошлайди. Аммо Аллоҳ таоло Аллоҳ таоло:


يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تَأْكُلُوا أَمْوَالَكُمْ بَيْنَكُمْ بِالْبَاطِلِ إِلَّا أَنْ تَكُونَ تِجَارَةً عَنْ تَرَاضٍ مِنْكُمْ وَلَا تَقْتُلُوا أَنْفُسَكُمْ إِنَّ اللَّهَ كَانَ بِكُمْ رَحِيمًا

“Эй, имон келтирганлар! Мол-мулкларингизни ўртада ноҳақ (йўллар) билан емангиз! Ўзаро розилик асосидаги тижорат бўлса, у бундан мустасно. Шунингдек, ўзларингизни (бир-бирингизни ноҳақ) ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳм-шафқатлидир” (Нисо, 29-оят), деб қўйибди.
Модомики, шундай экан, халқдан олиб давлатга етказмаган ёки давлатдан олиб халққа етказмаган одам шариат ҳуқуқшунослиги ва жиноят кодекси бўйича бир неча жиноятни содир этган бўлади. Улар: хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, товламачилик, ёлғончилик, ўғрилик, фирибгарлик йўли билан ўзганинг мулкини ўзлаштириш, шу усулда давлат мулкига чанг солиш ва ҳоказолар. Ана шу санаб ўтилганларнинг биттасининг ўзи ҳам унинг устидан жиноий иш очишга асос бўлади. Бунга жамиятнинг маънавий ҳаққи бор. Чунки Расул алайҳиссалом ҳадиси шарифида: “Ҳар бир фирибгарда қиёмат кунида хоинлик ёрлиғи бўлади. Муслимлар у ҳақда: «Бу Шайтоннинг хоинидир», дейишади" (Саҳиҳ ал-Бухорий), деб уларнинг хабарини бериб қўйганлар. Шайтоннинг хоини бўлган одам жазоланмаслиги мумкинми! Бундайларни жазоламаган давлат парокандаликка юз тутиши, жамиятнинг эса боши жабру зулмдан чиқмаслиги муқаррар бўлиб қолади.
Динимиз инсонларга фириб бермасликни, уларни алдамасликни тарғиб қилади. Ўғрилик қилиш, ёлғон гапириш мўмин-мусулмонга ярашмайди.
Мўминларнинг сифати: ҳалоллик, самимият, вафодорлик, Ватанга муҳаббат, касбга садоқат кабилардир. Мўминлар ана шундай раҳмоний фазилатлар билан безанса; ёлғончилик ва фирибгарлик, ўғрилик, муттаҳамлик каби шайтоний иллатлар чекинади ва жамият покланади. Зотан, давлатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳам бош мақсади шу эмасми ўзи!

ЎМИ матбуот хизмати

Read 2809 times

Янгиликлар

Top