Ўзбекистон янгиликлари

Китоб – ҳаётни ўргатувчи мураббийдир

Бир дўстки, ҳеч кимга бермаган азоб,

Узоқ синаб кўрдим, билсанг, у китоб!

Сирни яширмайди ўқувчисидан,

Хабар берар сенга ёзувчисидан.

Хилватда сен билан бўлиб у улфат,

Жимгина қуради ёқимли суҳбат.

Ҳеч кимдан қолишмас билимли аҳбоб,

Ундан сўрамасанг, бермайди жавоб.

                         Муҳаммад Жабалрудий 

 

Кимки китобга кўп боқса, китоб унинг зеҳнини очади, завқини оширади, сўзга чечан қилади. Китоб ёлғизликдаги энг мунис ҳамдамдир. Китоб инсондан ҳеч нарса тиламайди, аммо уни камолга етказади. Китоб одоб-ахлоқнинг кони, билимнинг эса булоғидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишларига биноан 2018 йил 27 февраль куни устоз ва талабаларни дунёқараши кенг, маънавий ва бадиий ҳамда сиёсий илм савияларини янада юксалтириш ҳамда юртимизда чоп этилаётган янги адабиётлар билан таништириб бориш мақсадида Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ҳамкорлигида китоб кўргазма савдоси ташкил этилди.

Ташкил этилган мазкур кўргазмада институт жамоаси иштирок этиб, уларга “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи ходимлари 210 номда 605 дона Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” деб номланган китоблари, мумтоз адабиёт намоёндалари, бадиий тўқималарга бой асарлар, саломатлик, табобат рукнларидаги адабиётлар, сиёсий, бадиий, диний-маърифий, илмий-адабий, ҳажвий, жаҳон ва болалар адабиёти дурдоналари, рус тилидаги оила психологияси, тарих, юридик китоблар, шерий тўплам китоблар, оила ва болалар энциклопедиялари, “Ўзбекистон жаннатмакон юрт” номли альбомлар ҳамда ибратли ҳикматлар тўпламларини тақдим қилдилар.  

Институтда бу каби китоб кўргазмаларини ўтказиш йўлга қўйилгани устоз ва талабаларнинг вақти ҳамда нақдини тежаётгани ва албатта талабалар дуёнқараши ривожланишида катта омил экани эътироф этилмоқда. Шунингдек, китоб кўргазмалари юртимиздаги нашриётлар фаолияти ва уларда чоп этилаётган янги китоблар билан яқиндан танишишда муҳим аҳамият касб этмоқда.  

 

Ахборот-ресурс маркази мудири

Камолиддин Маҳкамов

Read 4011 times

Янгиликлар

Top