Ўзбекистон янгиликлари

Акмал Саидов: «Ўзбекистон ҳамма масалада мулоқот учун очиқ»

Шу кунларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 37-сессияси бўлиб ўтмоқда. У жорий йил 23 март куни ниҳоясига етади. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таъминлашнинг долзарб масалалари муҳокамасига бағишланган мазкур нуфузли тадбирда 180 дан ортиқ мамлакатларнинг уч мингдан зиёд вакиллари иштирок этмоқда. Улар орасида Ўзбекистон делегацияси ҳам бор.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов “Халқ сўзи” мухбирига сессиянинг иши, унда кўтарилган масалалар ҳақида сўзлаб берди.
— Бу йил дунё жамоатчилиги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигини кенг нишонлайди, — дейди Акмал Холматович. — Аксарият экспертларнинг фикрича, бугунги кунда декларация янада катта аҳамият касб этмоқда. Сессиянинг очилишида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Зайд Раад ал-Ҳусайн ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси раиси Мирослав Лайчак давлатларни бутун дунёда инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ушбу соҳада фаол ҳамкорликка чақирди. Тажриба шуни кўрсатаяптики, айнан БМТга аъзо давлатларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан замонамизнинг кўплаб муаммоларига ечим топиш мумкин.
Сессия доирасида баҳс-мунозаралар ташкил этилмоқда, маърузалар тингланаяпти, муҳим учрашувлар ўтказилаётир. Кун тартибига мувофиқ, долзарб масалалар, яъни инсон ҳуқуқларини, жумладан, бола ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги бугунги вазият муҳокама қилинмоқда.
— Бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги қатъий қадамлари туфайли ҳам дунё ҳамжамиятининг эътиборини тортган.
— Ҳақиқатан ҳам, Ўзбекистонга бўлган қизиқиш кун сайин кучайиб бораяпти. Буни сессия иши ҳам яққол тасдиқлайди. Гап шундаки, муҳокамаларда мамлакатимиздаги туб ўзгаришларга қизиқиш ўсиб бораётгани яққол сезилиб турди. Ўзбекистон делегацияси сессия иштирокчиларига мамлакатда фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, БМТ билан ҳамкорлик истиқболлари ҳамда беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилиши ҳақида ахборот берди. Аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш бўйича Ўзбекистоннинг ноёб тажрибаси тақдим этилди. Бунда Президентнинг виртуал ва Халқ қабулхоналари асосий омил бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. Давлат органлари фаолияти, энг аввало, одамлар турмуш даражасини оширишга йўналтирилгани алоҳида таъкидланди.
Жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ҳамда унинг барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида урғу қаратилди. Суд-ҳуқуқ соҳаси ва суд-тергов тизимини ислоҳ қилишнинг илк натижалари тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистон Президентининг 2018 йил кузида Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форумини ўтказишга доир ташаббуси сессия иштирокчилари томонидан қизғин кутиб олинди. Ўзбекистон ҳар қандай, таъбир жоиз бўлса, инсон ҳуқуқларига оид ўта нозик масалаларни амалий муҳокама этишга тайёр бўлган очиқ мамлакатга айланаётгани эътироф этилди.
— Сессия доирасида Ўзбекистон биринчи марта 2021 йилдан 2023 йилга қадар БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланиш ниятини билдирди. Бу мамлакатимиз учун нимани англатади?
— Бу давлатимизнинг инсон ҳуқуқларини таъминлашни яхшилаш ҳамда ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни фаоллаштириш бўйича олиб бораётган кенг кўламли ишлари билан узвий боғлиқ қарор ҳисобланади. Бугун халқаро ҳамжамият мамлакатимизни тенг иштирокчи сифатида кўрмоқда. Экспертларнинг билдиришича, Ўзбекистон БМТнинг устав ва шартнома органлари, шу жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши тавсияларига тобора очиқ бўлиб бормоқда. Мисол учун, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид 2017 йилда биринчи марта юртимизга ташриф буюришди ҳамда ўз тавсияларини беришди. Шундан сўнг парламентимиз томонидан Олий комиссар бошқармаси билан ҳамкорлик бўйича Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилди. Бу ҳужжат 90 га яқин тадбирларни ўз ичига қамраб олган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзолигига сайлашда Бош Ассамблея номзодларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унга кўмаклашиш, ихтиёрий мажбуриятлари ҳамда бу борадаги интилишларини инобатга олади. Биз учун мазкур нуфузли тузилмага аъзо бўлишнинг аҳамияти ниҳоятда катта. Бинобарин, Ўзбекистон ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Кенгаш ишида ва муҳим қарорлар қабул қилинишида бевосита ҳамда тенг ҳуқуқли иштирок этиши мумкин бўлади.
— 37-сессияда Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича ўз маърузасини тақдим қилди. Унда қандай жиҳатлар ўрин олган? Махсус маърузачи мамлакатимизда диний таълимга оид ташаббусларни ва ёшларнинг таълим-тарбияси бўйича янгича ёндашувларни қандай баҳолади?
— Аҳмад Шаҳид Ўзбекистон Ҳукуматига ўз миссиясини бажариш учун барча шарт-шароитни яратиб берганига миннатдорлик билдирди. Маърузачи жамоаси Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари ва қонуний манфаатлари нечоғли таъминланаётганини ўрганиш учун барча объектга кириш имкониятига эга бўлди.
Маърузада Ўзбекистонда 140 га яқин миллатлар ҳамда элатлар ва 16 та диний конфессия вакиллари аҳил-иноқ яшаётгани қайд этилган. Конституцияда дунёвий давлат тамойиллари эътироф этилган ҳамда барчага дин ёки эътиқод эркинлиги кафолатланган.
Махсус маърузачи фикрича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг жадал суръатли дастурига катта умид билан қаралмоқда. Унинг сўзларига кўра, бу дастуриламал ҳужжат диний эътиқод соҳасидаги вазиятни яхшилаши ва мавжуд муаммоларни бартараф қилиши мумкин. У Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ислом цивилизацияси маркази дин ва эътиқод эркинлиги масалаларида саводхонликни оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлишини таъкидлади.
Аҳмад Шаҳид ўз тавсияларига мувофиқ, Дин ва эътиқод эркинлиги бўйича миллий ҳаракатлар режасини ёки “йўл харитаси”ни ишлаб чиқишда Ўзбекистон Ҳукумати билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. У Ўзбекистон делегациясининг нуқтаи назарига, яъни инсон ҳуқуқларини таъминлашда диннинг ролини камситиш ҳамда диний зўравонликка қарши курашишда “Ҳуқуқ ҳимоясига ишонч” ташаббусини кенгайтириш бўйича Бейрут декларациясининг аҳамияти ва диний таълимни ривожлантириш зарурлиги тўғрисидаги фикрларга қўшилди.
Ўзбекистон БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси билан янада фаол ҳамда конструктив ҳамкорлик қилиш бўйича яқин истиқболга мўлжалланган аниқ режаларга эга. Масалан, махсус маърузачининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “йўл харитаси”ни, дин ҳамда миллатлараро муносабатлар соҳасида сиёсат концепциясини ишлаб чиқиш, “дунёвий давлат” тушунчасини белгилаш, диний ташкилотлар фаолиятини рўйхатга олиш ва тугатиш тартибларини либераллаштириш режалаштирилаяпти.
— Ўзбекистон делегацияси Женевада яна қандай учрашувлар ўтказди?
— Ўзбекистон делегацияси Женевада тиғиз иш олиб борди. Биз Парламентлараро иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг билан учрашув ўтказдик. У ўн йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон 2017 йилда мазкур ташкилотдаги аъзолигини тиклаганини эътироф этди. Унинг фикрича, республика Иттифоқ фаолиятига катта ҳисса қўшади.
Чунгонг миллий парламент ролини мустаҳкамлаш ҳамда салоҳиятини юксалтириш бўйича чора-тадбирларни амалга оширишда, айниқса, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан боғлиқ масалаларда ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди. Шу маънода, Иттифоқ Бош котиби мамлакатимизда парламент томонидан ижро ҳокимияти органларининг ҳисоботларини эшитиш, шунингдек, халқаро мажбуриятлар ва шартномаларни рўёбга чиқариш бўйича тадбирлар режаларини, “йўл хариталари”ни кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш амалиёти мавжудлигини юқори баҳолади.
Чунгонгнинг фикрича, Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси Парламентлараро иттифоқнинг иккинчи Глобал парламент ҳисоботида ўз аксини топган тамойилларга тўлақонли жавоб беради ва дунё мамлакатлари парламентлари ўртасида тажриба алмашишда қўл келади.

Учрашувда Ўзбекистоннинг Ассамблеянинг бўлажак сессияларида ҳамда Парламентлараро иттифоқнинг бошқа тадбирларидаги иштироки, Иттифоқнинг асосий ҳужжатларини ўзбек тилига таржима қилиш, шунингдек, ҳамкорликнинг асосий йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича аниқ режалар муҳокама қилинди ҳамда келишувларга эришилди.
Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти Бош директори Фрэнсис Гарри билан музокараларда мазкур тузилма билан юртимиз ҳамкорлигининг бугунги аҳволи таҳлил этилди. Учрашувда мамлакатимизда интеллектуал мулкнинг самарали ҳимоясини таъминлаш, норматив-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, муаллифлик ҳуқуқи объектларини экспертизадан ўтказиш ҳамда рўйхатга олиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ижобий баҳоланди. Ҳамкорликни кенгайтириш, интеллектуал мулк соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш, миллий салоҳиятни юксалтириш ва ушбу соҳани Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти халқаро қоидаларига мувофиқ барқарор ривожлантириш бўйича қўшма тадбирларни амалга ошириш юзасидан келишувларга эришилди.
Ўзбекистоннинг Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти билан ҳамкорлиги мустаҳкамланиши мамлакатимизнинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши билан боғлиқ масала қайта кўриб чиқилаётган шу кунларда долзарб аҳамиятга эга. Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти раҳбари ўзбекистонлик шериклари билан кўп қиррали ҳамкорликни фаоллаштириш бўйча аниқ чора-тадбирларни кўзда тутувчи тегишли дастурни ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Умуман, Ўзбекистон делегацияси сессияда нутқ сўзлаш асносида БМТ тизимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлашини ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва илгари суришга тайёрлигини маълум қилди.


* * *


Маълумот ўрнида: БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 2006 йилнинг 15 мартидан бери фаолият юритиб келади. Тузилма яширин овоз бериш йўли билан мутлақ кўпчилик овоз олган 47 давлатдан иборат.
БМТ Бош Ассамблеяси органи мақомига эга мазкур кенгаш Женевада жойлашган. Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси унинг котибияти ҳисобланади.
Кенгаш инсон ҳуқуқларига тааллуқли масалалар муҳокамаси учун форум вазифасини ўтайди. Давлатларга инсон ҳуқуқлари соҳасидаги мажбуриятларини бажариш бўйича мулоқот асосида ёрдам кўрсатиш, салоҳиятни ошириш ҳамда техник кўмак бериш тузилма фаолиятининг асосий йўналиши ҳисобланади. Кенгаш БМТ Бош Ассамблеясига инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ҳуқуқни янада ривожлантириш бўйича тавсиялар киритади.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 3485 times

Янгиликлар

Top