Ўзбекистон янгиликлари

Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали ўрнатилди

Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи ҳудудида ўзбек ва тожик адабиётининг икки буюк мутафаккири – Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкали ўрнатилди.
ЎзА хабарига кўра, ўтган аср олтмишинчи йилларида таниқли ҳайкалтарошлар – Ҳ.Ҳусниддинхўжаев ва В.Лунев томонидан қизил гранит тошдан ясалган ушбу ҳайкал илгари Самарқанд шаҳридаги собиқ “Афросиёб” меҳмонхонаси ёнида, кўримсиз жойда эди. Кейинчалик ҳайкал бу ердан кўчирилди.
Самарқандлик зиёлилар ва ижодкорлар, шаҳар жамоатчилигининг таклифи билан ҳайкал учун Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғи танланди ва ниҳоятда қисқа муддат ичида ушбу маскан обод этилиб, муҳташам ҳайкал ўрнатилди.
– Жаҳон адабиётининг бу икки йирик вакили ҳаётида Самарқанд алоҳида ўрин тутади, – дейди Самарқанд давлат университети профессори Дилором Салоҳий. – Уларнинг иккиси ҳам ёшлик йилларида илм-маърифат истаб ушбу муаззам шаҳарга келган ва бу икки даҳо ҳаётида муҳим аҳамият касб этган. Шу жиҳатдан Самарқанд шаҳрида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкалининг бўлиши ва энг кўркам масканда ўрнатилиши айни муддаодир. Бу, шубҳасиз, азалий ўзбек ва тожик адабиёти анъаналари давом этиб келаётганидан далолат бериб, халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади.
Ҳайкалнинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Т.Жўраев Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида тобора мустаҳкамланиб бораётган алоқалар, давлатимиз раҳбарининг яқинда Тожикистон Республикасига амалга ошириладиган давлат ташрифи ҳақида сўз юритди. Мазкур маърифат маскани икки қардош халқнинг азалий дўстлик ва ҳамкорлигини янада кучайтиришини таъкидлади.
Ҳайкал пойига вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан гуллар қўйилди. Талаба ва ўқувчи-ёшлар икки буюк аллома ижодидан намуналар ўқиди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 3154 times

Янгиликлар

Top