Ўзбекистон янгиликлари

Саид Аҳмад Бухорий: “Ота-боболаримиз юртида дин ва маърифат йўлида бўлаётган ишларни кўриб, қувондик”

19 март куни юртимизда меҳмон бўлиб турган Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри жоме масжиди бош имоми Саид Аҳмад Бухорий бошчилигидаги делегация Диний идорага ташриф буюрди. Меҳмонларни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси ва Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш маркази раҳбарлари кутиб олишди.
Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов меҳмонларни ташриф билан қутлаб, Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий меросни ўрганиш ва Ислом маърифатини кенг ёйиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапириб берди. Жумладан, Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, жойлардаги калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмий мактаблари фаолияти ҳақида сўз юритилди.

 


Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг диний эҳтиёжларини таъминлаш, ибодатларини ҳанафий мазҳаби ва мотуридия ақидаси асосида адо этиш йўлида диний идора яқиндан кўмак бериб келаётгани таъкидладилар. Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, зиёрат туризмини ривожлантиришда кўп ишлар бажарилгани, чет эллик мўмин-мусулмонлар учун шароитларни ҳозирлаш каби ишларнинг барчаси мана шундай меҳмонлар учун эканини гапириб, Самарқанд, Сурхондарё ва Бухоро вилоятларидаги бунёдкорлик ишлари шу мақсадга йўналтирлиганини алоҳида қайд қилдилар.
Ислом цивилизацияси директори Шоазим Миноваров давлатимиз Раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ислом цивилизацияси, Ислом академияси ва Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни тадқиқ этиш марказларини ташкил этишдан кўзланган мақсад, нодир асарларни жамлаш, сақлаш ва ўрганиш ҳамда мана шундай илмий-маънавий меросни тарғиб қилиш орқали Ислом динининг асл моҳиятини бутун дунёга етказиш эканини қайд қилди. Ш.Миноваров ўтган йили май ойида Ҳиндистонда сақланадиган Қуръони каримнинг энг қадимий нусхаси Ўзбекистонга тақдим этилгани учун миннатдорлик изҳор қилди.

 


Мулоқот давомида делегация раҳбари Саид Аҳмад Бухорий сўзга чиқиб, Ўзбекистонга сафарни амалга оширишда яқиндан ёрдам берган барчага миннатдорлик билдириб, шундай деди: – Мамлакатингизга бир неча бор ташриф буюрганман. Лекин авваллари юртингизни зиёрат қилишда айрим чекловлар ва Ислом маърифатини ёйишда баъзи тўсиқлар бор эди. Бу галги ташрифим бутунлай бошқача бўлди. Давлатингиз раҳбари бошчилигида исломий қадриятларни тиклаш йўлида қилинаётган ишлар бизни жуда хушнуд қилди. Ота-боболаримиз юртида дин ва маърифат йўлида бўлаётган мана шундай ишларни кўриб, жуда қувондик.
– Бу юртга келишимдан аввал бўлаётган ижобий ўзгаришлар ҳақида маълумотлар билан танишиб чиқдим. Сизнинг юртингизда Исломни тарғиб этиш мақсадида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, олимларни етиштириш учун Ислом академияси, илмий савияни ошириш бўйича илмий мактаблар ташкил этилганидан ҳайратландим. Президентингиз жуда яхши тушунган инсон сифатида маънавият ва Ислом маърифатига эътибор қилиш орқали барча соҳаларда муваффақиятга эришмоқда. Ҳақиқатан, Ислом дини бузғунчиликка мутлақо қарши ва тинчлик дини эканини барчага етказиш керак, деди Деҳли шаҳри жоме масжиди бош имоми.

 


Саид Аҳмад Бухорий жаноблари сўзида давом этиб, зиёрат туризмини ривожлантириш борасида қилинаётган ишларни қўллаб-қувватлади ва ўзининг таклифларини тақдим этди. Жумладан, Ўзбекистоннинг зиёрат туризм салоҳиятини тарғиб этиш бўйича Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида алоҳида веб-сайт очиш фойдали экани, шунингдек, ҳиндистонлик умра зиёратига борувчиларни Ўзбекистон орқали Саудия Арабистонига олиб бориш икки томон учун ҳам манфаатли бўлишини изҳор қилди. У сўзининг якунида сафардан қайтгандан кейин, албатта, 250 миллионлик жамоасига Ўзбекистон ҳақида сўзлаб бериши ва яқин кунларда бир гуруҳ вакилларини жўнатишини маълум қилди.

Ҳиндистонлик исломшунос олим, профессор Ифтихор Аҳмад жаноблари сўзга чиқиб, Саид Аҳмад Бухорий ҳақида илиқ фикрларни билдирди. Жумладан, бош имом Ҳиндистондаги 250 миллион аҳолига етакчилик қилиши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва муаммоларини бартараф этишда шижоат билан ҳаракат қилишини билдирди.

 


Ифтихор Аҳмад юртимиздаги тасаввуф ва шариат илмларини ўрганишга бўлаётган эътиборни қўллаб-қувватлаб, мана шундай мураккаб даврда Ислом таълимотини ўрганишга катта ҳисса қўшаётганлари учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Давлатимиз Раҳбари халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўяётгани, бу йўлда тинмай меҳнат қилаётгани ва уламолар билан кенгашиб иш кўраётганларига юксак баҳо берди. У Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги алоқалар мустаҳкамланиб бораётганига алоҳида урғу қаратиб, ушбу ҳудуддаги давлатлар ўртасидаги илиқ муносабатларни ривожланиши ва дўстона алоқаларни тикланиши бугунги таҳликали даврда жуда катта фойда беришини изоҳлади.
Уттараканд штати шариат ишлари бўйича бош маслаҳатчиси Мавлоно Зоҳид Раза Ризви сўзга чиқиб, дунёнинг бир қатор мамлакатларига ташриф буюргани, лекин Ўзбекистонга ташрифи қалбини сурурга тўлдирганини изҳор қилди. Бош маслаҳатчи жаноблари Ўзбекистон халқи билан маънавий яқинлик борлиги, аслида мусулмонлар ўзаро биродар экани, ташриф давомида ҳудди кўп йиллик қадрдон каби муносабатда бўлинганини айтиб, миннатдорлик билдирди. У сўзининг охирида мана шундай улуғвор ишларни Ҳиндистонга қайтиб боргандан кейин, албатта, мўмин-мусулмонларга баён этишларини таъкидлади.
Ташриф якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси билан Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри жоме масжиди ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзоланди. Меҳмонлар Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасини зиёрат қилишди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3058 times

Янгиликлар

Top