Ўзбекистон янгиликлари

Фредерик Старр: Америкада Шавкат Мирзиёев ҳақида китоб ёзилмоқда

Фото: UzReport.news

Евроосиё ва Россия бўйича америкалик эксперт Стивен Фредерик Старр Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар ҳамда Ўзбекистон президентининг тинчликпарвар ташаббуси ҳақидаги фикрлари билан бўлишди. UzReport'да америкалик таҳлилчи билан шу мавзудаги қизиқ интервью тақдим этилди. 

Эксперт Афғонистондаги муаммолар фавқулодда оғир эканини тан олиш кераклигини қайд этди. "Бироқ фақат деразадан қараган билан иш битмайди, бу хавфли ва муваффақиятсиз. Олдинга қараш керак. Менинг фикримча, президентингиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси - Жанубга мурожаат - бугунги жаҳон саҳнидаги энг асосий қадамлардан биридир", - дейди у  ва нима учун шундай эканига изоҳ беради. 

  1. Сув. Сизнинг минтақангизда сув жуда муҳим аҳамиятга эга. Афғонистон ҳам сувга доир барча муҳокамаларда иштирок этиши зарур. 
  1. Транспорт. Янги темир йўл йўналишингиз Афғонистон ҳукумати учун жуда муҳим, албатта. 

Гап шундаки, Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишида муҳим роль ўйнай олади.  Мозори Шарифни олайлик. Бугун бу жуда жонли шаҳар. Шаҳар бошқа мамлакатлар пойтахтлари билан тўғридан-тўғри алоқада. Бу мўъжиза. У ерда сизларни ўзига биродар ҳисобловчи истеъдодли ишбилармонлар бор. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё учун катта йўналишдир. 

Мен Қозоғистонда жуда кўп афғонларнинг таълим олаётганини завқ билан кузатаман. Қирғизлар ҳали бу йўналишда ўз имкониятларини излашмоқда. Туркманларнинг улкан лойиҳаси ҳам муайян вақт ичида амалга ошади, яъни шу кунгача минтақадаги ҳар бир мамлакат "бир қўшиқни алоҳида куйлаган". Энди эса Ўзбекистоннинг ташаббуси билан "бу қўшиқни ҳар бирингиз алоҳида эмас, минтақа билан жўр бўлиб куйлаяпсиз". Бу катта "плюс"! 

- Тез орада Тошкент Афғонистон муаммолари бўйича муҳокамалар майдони сифатида иштирок этади. Ўзбекистон президентининг ушбу ташаббусини қандай баҳолайсиз? 

- Ижобий! Бу ҳамма учун фойдали. Бу ташаббус ижобий ва эҳтимол, амалий қадамларга олиб келиши шубҳасиз. Энг асосийси, бу коференцияни Марказий Осиёнинг ўзи тўплади. Ташаббус айнан сизнинг президентингиздан чиқиши фавқулодда муҳим аҳамиятга эга. Бу "Биз минтақавий муаммоларни ўзимиз ҳал қила оламиз", деган мазмундаги ташаббус. Катта ҳукуматларга ёрдам сўраб мурожаат қилишга ҳожат йўқ. Марказий Осиё ўз юзи, ўзининг истеъдодли кишилари, ўз тарихи ва қизиқишларига эга. Буларнинг бари ана шу конференцияда ўз аксини топишига ишонаман. Мен бу лойиҳага чуқур ҳурмат билан қарайман. Бу фақат Афғонистон учун эмас, бутун Марказий Осиё учун ҳам жуда зарур лойиҳа. 

- Афғонистонда тинчлик ўрнатиш учун фақат афғонларнинг хоҳиши етарли эмас. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари ўртасидаги консенсус қанчалик аҳамиятга эга? 

- Бу алоҳида манфаатларнинг қўрқинчли қарама-қаршилигидир. Катта сиёсатдаги кўп нарсалар кўзга кўринмайди. Одамларга ўз ҳаёти билан яшашга имкон бериш керак. Ўйлайманки, вақти келиб улар ҳам Афғонистон ўз суверенитетига эга бўлиши яхши эканини тушуниб етишади. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон ва Марказий Осиё ҳам жанубга мурожаат қилишнинг фақат бир йўлини эмас, бир неча йўналишини кўриб чиқиши керак. 

- Афғонистондаги вазият нормаллашуви учун яна қандай ишлар амалга оширилиши керак деб ўйлайсиз? 

- Фикримча, кўп мамлакатлардан, жумладан, бугунга қадар вазиятни кузатиб, ҳеч қандай фикр билдирмаган давлатларнинг фикрини ҳам ўрганиш керак. Масалан, Япония - иқтисодиёти жуда ривожланган мамлакат. Японлар анча камгап. Бироқ уларнинг шундай жараёнларда фаолроқ иштирок этиши мақсадга мувофиқ бўларди. Жанубий Корея ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Ҳиндистон бу жараёнга қўшилган. Европаликлар ҳам фаоллашиши керак. Секин-асталик билан атрофдаги мамлакатлар билан ўзаро ҳамфикрлик юзага келиши керак. Бироқ ҳеч бир мамлакат назоратни қўлга олишга даъво қилиши керак эмас, ҳамма баравар ҳаракат қилиши керак. 

Афғонистонда савдо-сотиқ, транспорт алоқалари - барчаси азалдан мавжуд бўлган. Афғонистон ёшлари орасида истеъдодлилари талайгина. Шундай экан, имкон қадар секин-аста илк қадамларни амалга ошириш керак. Ишончим комилки, Афғонистонда фаровонлик даврини кўришга муваффақ бўламиз. Бугундан кутаётганларимиз кўп. Натижалар нафақат Афғонистон учун, балки бутун Марказий Осиё давлатлари учун ижобий бўлади. 

Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан ҳамкорлиги минтақа иқтисодиёти ва маданиятининг бир қисмига айланади. Бу шубҳасиз. 

Мутлақо ишончим комилки, Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлари ва ташаббуслари жаҳон саҳнида муҳим ва дадил қадамлар ҳисобланади. Биз ҳозир бу ҳақида китоб ёзяпмиз. У икки ойдан кейин нашрдан чиқади. Бу хорижий ўқувчилар учун жуда қизиқ китоб бўлади ва эҳтимол, сизларнинг ўқувчиларингиз учун ҳам. Нима учун биз бундай қиляпмиз? Биринчидан, янги президент қандай ислоҳотлар ўтказмоқда? Иккинчидан, савол билан юзланяпмиз, бу ислоҳотларнинг келажаги қандай? Бугунги жараёнларда ёш авлод вакиллари, билимли ёшлар фаол иштирок этишмоқда ва мана шу янги психология сезилмоқда. Минтақанинг янгича маданияти айнан улардан келиб чиқмоқда. Мен Тошкентдаги воқеаларни катта қизиқиш билан кузатяпман.

 

Манба: kun.uz

Read 2975 times

Янгиликлар

Top