Ўзбекистон янгиликлари

Шавкат Мирзиёев Афғонистон масаласи Ўзбекистон учун нега муҳимлигини билдирди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги воқеалар оқибатида» бир муддатга халқаро сиёсатда «унутилган» Афғонистондаги вазият ўз кескинлиги ва жиддийлигини йўқотмаганини таъкидлади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири давлат раҳбари 27 март куни Тошкент шаҳрида ўтказилаётган халқаро конференцияда билдирган нутқига асосан хабар берди.

Президентнинг таъкидлашича, анжуманнинг ўтказиш таклифи ва Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни бирлаштириш зарурати қуйидаги омиллар билан боғлиқ.

Биринчидан, ташаббус Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепциясига тўлиқ мос келади. Бу концепцияда аввало қўшни мамлакатлар билан яхши қўшничилик, дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш устувор вазифа этиб белгиланган.

Иккинчидан, Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари асрлар давомида ягона маданий-цивилизацион маконда яшаб келган.

Учинчидан, хавфсизлик ягона ва бўлинмасдир ва уни фақат биргаликда саъй-ҳаракатлар билан таъминлаш мумкин. Халқлар хавф-хатарларни баъзи бирларини «ўзимизники», бошқасини эса «бировники», деб қабул қилмаслиги керак. Афғонистон хавфсизлиги - бу Ўзбекистон хавфсизлиги, бутун бепоён Марказий ва Жанубий Осиё минтақаси барқарорлиги ҳамда тараққиётининг гаровидир.

Тўртинчидан, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш бўйича тажрибага эга. Ўзбекистоннинг ташаббуси билан 1999 йилда Тошкентда Афғонистонга қўшни давлатлар, Россия ва АҚШ ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари даражасида «6+2» гуруҳининг учрашуви бўлиб ўтган эди. Бу учрашувда Шимолий Иттифоқ ва «Толибон» ҳаракати вакиллари ҳам иштирок этган.

«Айнан мана шунинг учун ҳам Ўзбекистон бутун дунё мамлакатларини бизнинг эзгу ишдаги саъй-ҳаракатларимизни қўллаб-қувватлашга даъват этаман», дейди Шавкат Мирзиёев.

Манба: https://kun.uz

Read 2802 times

Янгиликлар

Top