Ўзбекистон янгиликлари

Саҳатми, сиҳатми ёки соат?

Самарқанд шаҳри ҳудудида жойлашган йирик маҳаллалардан бири – бу Хўжасаҳат маскани ҳисобланади. Маҳаллий аҳоли бу жойни Хўжасоат ва Хўжасиҳат деб ҳам атайди. Хўш, ушбу атамаларнинг қайси бири тарихий ҳақиқатга мос?
“Зарафшон” нашри билдиришича, хўжа сўзи форс тилидан олинган бўлиб, хўжайин, соҳиб, жаноб, муаллим ва устоз маъноларини англатар экан.
Хўжа атамасига бириктирилган арабча соат сўзидан ҳосил бўладиган Хўжасоат номи – хўжаларнинг бахтли, толеи баланд фарзанди ёки эшонзодаларнинг бахтли, омадлиси маъноларини билдиради.
Ўтмишда мазкур маскан ҳудуди чегарасидан катта сой оқиб ўтган экан. Бу замин деҳқончилик учун жуда қулай бўлиб, ери ҳосилдор ҳамда боғу роғ ва узумзорлар кўп бўлган экан. Шу сабабли хўжалар оромгоҳи, яъни сиҳатгоҳи бўлгандир.
Хўш, саҳат сўзи қандай ифодаланади? Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари томонидан ўзбек тилига ўгирилган Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсирида "Саффот" сурасининг 177-оятидаги " بِسَاحَتِهِمْ" сўзи "уларнинг масканларига" деган маънода таъкидланган.
Мазкур манбага таянадиган бўлсак, Хўжасаҳат атамаси – хўжалар маскани деган маънони билдиради. Ушбу атама тарихан тўғри бўлиши мумкин, чунки ҳудудда эшонлар авлодига мансуб инсонлар истиқомат қилишади.
Юқорида қайд этилган уч атаманинг қайси бири ҳақиқатга мос эканлигига аниқлик киритишни тарихшунос олимлар ҳукмига ҳавола қилиш мақсадга мувофиқдир.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 2707 times

Янгиликлар

Top