Ўзбекистон янгиликлари

Жиззахда бошланган эзгу ташаббус Қорақалпоғистонда ҳам кенг қулоч ёймоқда

Қорақалпоғистон Республикасида ҳам “Обод қишлоқ” дастури доирасида қайта қуриш, кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

Буни Беруний туманидаги “Пахтачи” овул фуқаролар йиғини, “Хоразм” ва “Палваш” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Беруний туманининг энг чекка ҳудудида жойлашган Пахтачи қишлоғида кўпдан буён ижтимоий-иқтисодий муаммолар йиғилиб қолган эди. Қишлоқ кўчалари бўйлаб фуқаролар ўзбошимчалик билан ҳеч қандай талаб ва меъёрга жавоб бермайдиган ноқонуний биноларни қуриб ташлаган, ички йўллар ачинарли аҳволда эди.
Айни пайтда бу ерда "Обод қишлоқ" дастури доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган секторлар ҳам бу ишда фаол иштирок этаётир.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган ишда барча хайрихоҳлик билан қатнашмоқда. Қишлоқни ободонлаштириш мақсадида ҳудуддаги 66 уй-жойнинг том қисми, 157 хонадоннинг фасади таъмирланиб, бўяш ишлари олиб борилмоқда. Ноқонуний қурилишлар бузилмоқда. Шунингдек 4,7 километр масофадаги автомобиль йўллари ва ички йўлларга қум, шағал ётқизиш, 1,5 километр масофадаги йўлларни таъмирлаш, 26-умумтаълим мактаби, 56-мактабгача таълим муассасаси биноларида қайта таъмирлаш ишлари авжида.
– Ҳақиқатдан ҳам, кўп йиллардан буён тўпланиб қолган муаммолар Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўзининг ижобий ечимини топмоқда, – дейди “Хоразм” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Абдуллаев. – Қишлоғимизда турли миллат вакиллари бир оиладек иноқ яшаб, меҳнат қилади. Бундай эзгу ишлардан қишлоқ аҳли миннатдор.
Бу каби хайрли ишлар маҳалланинг Кат кўчасида ҳам амалга оширилмоқда. Мазкур кўчадаги 9 қаватли уй-жойларнинг том, фасад қисмлари таъмирланаётир, ноқонуний қурилишлар олиб ташланмоқда. Уйларнинг кириш эшиклари ва йўлаклари қайта таъмирланиб, электр лампалар ўрнатилаётир. Болалар майдончаси, автомобиль турар жойлари қурилмоқда. Пиёдалар юриш йўлакларига бетон қопламалар ётқизилиб, кўчаларга тунги ёритгичлар ўрнатилаётир.
“Палваш” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 52-умумтаълим мактаби биноси ва 1,5 километр масофадаги йўл таъмирланди. 700 метр пиёдалар йўлаги қурилиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Бундай эзгу ишларда фермер хўжаликлари ҳам фаол иштирок этиб, ободонлаштириш ва қурилиш ишларида меҳнат қилаётган ишчиларни иссиқ овқат билан таъминламоқда.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида туманда олиб борилаётган ишларни кузатар экансиз, бунда халқимизнинг ҳашар, меҳр-оқибат каби улуғ қадриятлари ўзининг амалий ифодасини топаётганига гувоҳ бўласиз, деб хабар беради ЎзА.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3094 times

Янгиликлар

Top