Ўзбекистон янгиликлари

Аждодлар меросини ўрганиш ҳар биримизнинг бурчимиздир

 

Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи отинойилар томонидан ҳар ойда “Динимизнинг софлигини асрайлик” мавзусида тадбирлар ўтказиб турилади. Бу галки тадбирни Юнусобод тумани отинойилари иштирокида Шайхонтоҳур тумани “Аёллар маркази”да “Қомусий олим ва буюк муҳаддис Ҳаким ат Термизий” мавзусида навбатдаги семинар бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг муовини Эргаш қори ака Рустамов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси хотин-қизлар масалалари бўйича бош мутахассиси Фотима Ҳақбердиева, Республика “Бувижонлар” маркази раҳбари олима Муборак Юнусходжаева, узоқ йиллар Ф.Ҳ.Д.Ё нуроний жамғармаси раиси лавозимида ишлаб келган Бўстон Рашидовна, диний-маърифий масалалар бўйича бош мутахассис Омила Арипова, ҳамда шоира Нодирабегим ва бошқа меҳмонлар ташриф буюришди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган “Ислом нури” газетаси мухбири хабар беради. 

Тадбирни Мусулмонлар идораси хотин-қизлар масалалари бўйича бош мутахассиси Фотима Ҳақбердиева очиб берди.

 

 

 

Эргаш қори ака Рустамов тадбирни Қуръон тиловати билан бошлаб, сўнгра отинойиларнинг фаолиятидаги ютуқ ва камчиликларини айтиб, оилаларда рўй бераётган “қўйди-чиқди”ларнинг олдини олиш, улар билан тез-тез суҳбатлар ўтказиб туриш лозимлигини ҳам таъкидлади. Ва: “Елкангиздаги масъулиятли ва шарафли вазифани оқлаб, халқ учун, Ватан учун чин кўнгилдан хизмат қилинг. Инсонлар орасини чиройли ислоҳ қилиб, ўз муомала ва амалларингиз билан ўзгаларга яхши ибрат бўлинглар. Бизга шунча шароитларни яратиб бераётган раҳбарларимизнинг ишончларини оқлайлик”, дедилар. 

Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Дилбар Атабоева семинар олдидан Дилором Каримованинг янги нашр этилган “Сабр соҳили” китоби ҳақида илиқ фикрларини айтиб ўтди. Шунга қўшимча тарзда шоира Нодирабегим ҳам Дилором Каримованинг ижодий фаолияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди. Айниқса, Дилором опа ўзининг “Онажоним – Маккам, Мадинам” деган шеърини ўқиганларида онасини йўқотган-йўқотмаган барчани кўзи ёшланди.

Юнусобод туман бош имом хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Шоира Умарова ва бошқаларнинг семинарга ўзгача изланиш ва иштиёқ билан тайёрланиб келишганининг гувоҳи бўлдик. Шоира опа буюк муҳаддис – Ҳаким Термизийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида етарлича таништириб ўтди. 

Шу туманнинг худуд отинойиси Расулова Марҳамат опа эса олимнинг нафс ҳақидаги фикрларини, Ҳакимова Муҳтарам опа эса “Ғазабланиш” ҳақида, Содиқова Жанона опа Имом Термизийнинг ҳикматларини, Ҳошимова Ҳалима опа эса фиқҳшунос олимнинг “Манозилул ибод-мин-ал-ибодат” китоби ҳақида, Умрзоқова Мавлуда опа эса мақбаралари ҳақида слайдлар ёрдамида маълумот берди.

Ҳар бир одам ёритган мавзулар бир-биридан қизиқ ва янги маълумотларни ёшу қари катта қизиқиш билан тинглади.

Айниқса, Ҳаким ат Термизийнинг ўз давридаги ботил оқимларга қарши кучли далиллар билан курашгани, у кишининг ғазабланганларида янада мулойимлашиб қолишлари ҳамда Аллоҳга қуйидагича мурожаат этиши: “Ё Раббим, қайси гуноҳим учун уларни менга ғазаблантириб қўйдинг”, – деб йиғлаб нола қилиши, кўпчилик қалбига афсусни солиб қўйди. Чунки арзимас ҳолатларда ҳам жаҳл-ғазабимизни жиловлай олмай, ўзимизни идора қилолмаслигимизни ўйлашга мажбур қилади.

Юртимизда яшаб ижод қилган буюк уламоларнинг барча ҳолатидан ўрнак ва андоза олсак арзийди. Аждодлар меросини ўрганиш, фарзандларимизнинг маънавий савиясини оширишда руҳий озиқ сифатида бу каби олимларнинг дин учун, халқ учун қилган хизматларини қадрлашимиз мақсадга мувофиқдир. Тадбир охирида ўтганларга бағишлаб, яъни бобомиз Ҳаким ат Термизийнинг руҳларини шод қилиш мақсадида “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юрти талабаси Эркинзоданинг Қуръон тиловати билан якунланди.

Нилуфар Бозорбой қизи
ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3393 times

Янгиликлар

Top