Ўзбекистон янгиликлари

Тожикистондан Ўзбекистоннинг бешта шаҳрига автобус қатновлари йўлга қўйилмоқда

Жорий йил 13 апрель куни Ўзбекистон ва Тожикистон давлатларининг транспорт соҳасига масъул ҳукумат органлари вакиллари Тошкентда учрашиб, икки мамлакатнинг йирик шаҳарлари ўртасидаги автобус қатновларини йўлга қўйиш бўйича битимни имзолашади.
Бу ҳақда “АР” ахборот агентлиги Тожикистоннинг “Asian Express” компанияси маълумотига таяниб хабар берди. Унга кўра, барча йўловчи автобуслари шу йил май ойи бошидан “Хўжанд — Тошкент”, “Панжикент — Самарқанд”, “Хўжанд — Фарғона”, “Душанбе — Денов” ва “Душанбе — Термиз” йўналишлари бўйлаб қатнай бошлайди.
Мазкур қатновлар учун йўлкира тарифлари ва ҳаракат графиги битим имзолангандан сўнг эълон қилинади.
Ҳозирча Тожикистон мазкур хизматни “Asian Express” компанияси тақдим этиши аниқ бўлган. Ўзбекистон тарафи эса яқин орада бу фаолиятга масъул юридик шахс номини маълум қилади.
“Халқ сўзи” нашри билдиришича, автобус йўловчилари Тожикистондан Ўзбекистонга ўтаётганда чегарада муаммо бўлмаслиги айтилаяпти.
“Назорат-ўтказиш пункти ҳудудида йўловчилар автобусдан тушишлари лозим ва тезкор чегара ҳамда божхона текширувидан сўнг улар ўз саёҳатларини давом эттиришлари мумкин”, - дейди Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари матбуот котиби Муҳаммад Улуғхўжаев.
Эслатиб ўтамиз, икки давлат шаҳарлари ўртасидаги мунтазам автобус қатновлари ва авиарейслар 1992 йилда тўхтатилган эди. Жорий йил апрель ойида 25 йиллик танаффусдан сўнг авиапарвозлар қайта тикланди.
Бундан ташқари, шу йилнинг мартида икки давлат фуқаролари Ўзбекистон ва Тожикистонда 30 кун виза олмасдан юриши жорий этилди.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 2571 times

Янгиликлар

Top