Ўзбекистон янгиликлари

Парижда “Буюк Ипак йўли маданияти” мавзуида халқаро кўргазмаcи ўтказилади

Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги дўстона алоқалар кўп асрлик тарихга эга. Соҳибқирон Амир Темур Франция қироли Карл VI га йўллаган мактублардаги самимий истаклар ҳам ана шундан далолат беради. Франция мусулмонлари жамияти раисининг буюк муҳаддис ватандошимиз Имом Бухорий ҳурмати туфайли бутун дунё мусулмонлари ўзбеклар билан ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр эканлигини билдиргани бундай алоқалар бардавом бўлишини англатади.

Куни кеча Францияга ташриф буюрган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Халқаро ислом академияси вакилларидан иборат делегация диний-маърифий соҳада манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Франция Ислом фондида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистонда бу борада яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

— Турли миллат ҳамда дин вакилларининг ўзаро ҳамкорлиги бугунги кунда жуда зарур, — дейди Франция Ислом фонди президенти Жан-Пьер Шевенман. — Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий соҳаларда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар маданий-маърифий жабҳадаги ҳамкорлигимизга ҳам ижобий таъсир этишига ишонаман.

Франция аҳолиси орасидаги 7 миллиондан зиёд мусулмонлар манфаатларини ҳимоя қилиб келаётган мазкур фонд 2021 йилда Маданият вазирлиги, Лувр музейи билан ҳамкорликда Париж шаҳрида “Буюк Ипак йўли маданияти” мавзуидаги халқаро кўргазмани ўтказишга ҳозирлик кўрмоқда. Унда “Ўзбекистон — ислом цивилизацияси маркази” номли экспозиция намойиш этилиши ҳам кўзда тутилган.

 

Шойим БЎТАЕВ,
“Халқ сўзи”.

Манба: http://xs.uz

Read 2844 times

Янгиликлар

Top