Ўзбекистон янгиликлари

Учкўприклик онахон Ҳаж учун йиққан пулига маҳалласига сув чиқартириб берди

Учкўприк туманилик 81 ёшли Зебунисо она Аҳмедова ҳаж зиёрати учун йиллар давомида жамғарган 50 миллион сўмдан ортиқ маблағига ўзи яшаётган Янгиобод маҳалласи аҳолиси учун тоза ичимлик суви чиқартириб берди. "Халқ сўзи online" билдиришича, ўн бир нафар фарзандни вояга етказган онахондан бугун маҳалла аҳли жуда хурсанд.
— Динимиз арконларига кўра, ҳаж зиёратига борган одамнинг оиласида эҳтиёжи ва қарзи йўқ, тўқ ва тўкин бўлиши керак экан, — дейди Зебунисо ая. — Маҳаллам ҳам менинг оилам. Улар қишнинг совуқ, ёзнинг жазирама кунларида уч чақирим наридан сув ташиб келишаётганда, мен қандай қилиб бемалол ҳаж зиёратига бораман. Ёш келинларимизнинг қийналаётганлигини кўрсам юрагим эзилиб кетади. Тўғриси, буни ўзимга қабул қила олмадим.
Янгиобод маҳалласида авваллари таъмирталаб аҳволга келиб қолган сув тармоқлари мавжуд. Бироқ ер ости қувурларининг яроқсиз аҳволга келиб қолиши натижасида сув босими жуда пасайиб кетди. Зебунисо ая Аҳмедованинг ташаббуси билан янги қудуқ кавланиб, маҳалладошлари хонадонларига зилол сув кириб борди. Шу билан бирга, ҳудуддаги 49-умумтаълим мактаби, оилавий поликлиника ва 6-мактабгача таълим муассасаси ҳам барқарор сув таъминоти билан таъминланди.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 2621 times

Янгиликлар

Top