Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат билан самимий суҳбатлар давом этмоқда

Наманган вилоятига ташрифлари давом этаётган муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов бошчилигидаги гуруҳ жойларда аҳоли билан бирма-бир суҳбат қилиш, намозхонлар билан самимий мулоқот ўтказиш ишларини жадал олиб боришмоқда.
Бугун мутасаддилар Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов ҳамроҳлигида Учқўрғон туманига ташриф буюриб, “Соҳил” номли масканда хорижга меҳнат сафарига кетган фуқароларнинг ота-оналари ва яқинлари иштирокида бир пиёла чой устида дилдан суҳбат ўтказдилар.
Мулоқотда муфтий ҳазратлари мўмин-мусулмонларнинг дарду ташвишларини енгиллатиш, орзу-умидларини рўёбга чиқариш бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан асосий мақсад қилиб қўйилаётганини алоҳида таъкидладилар. Бугунги доно сиёсат узра уни кенг тарғиб этиш, динимиз ва ватанимизни ҳимоя қилишда барча иштирокчи бўлиши ҳам фарз, ҳам қарз эканини таъкидладилар. Қуръони карим, ҳадиси шариф ва улуғлар ҳикмати билан мазкур фикр-мулоҳазаларини қувватладилар. Шунингдек, мана шундай шарт-шароитлардан кейин ҳам адашиш, нотўғри йўлга қадам қўйиш ўта ношукрлик эканини изоҳладилар.

 

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Жасурбек Акрамов муҳтарам Президентимизнинг Наманган вилоятига ташрифлари чоғида муҳим масалалар билан бир қаторда диний-маърифий соҳада ҳам жуда катта ўзгаришлар белгилангани, ҳудуддаги мўмин-мусулмонларнинг диний-маърифий билимларини ошириш борасида долзарб вазифалар топширилганини алоҳида қайд этиб ўтди. Ҳозирги кунда ёвуз кучларга алданиб, ўзга юртларда юрган юртдошларимиз чин дилдан қилмишларига пушаймон бўлиб, юртга қайтсалар муҳтарам Президентимиз, албатта, уларни кечиришларини айтиб берди.
Наманган вилояти бош имом-хатиби Абдулҳай Турсунов диёримиздаги барча мўмин-мусулмонлар бир мазҳабга эргашиб, жипс бўлиб яшашлари ва Яратганнинг буйруқларига итоат этиб, мана шундай неъматларга муносиб шукроналик келтиришлари лозимлигини айтиб ўтди. Миллий, диний ва ирқий низолар сабаб дунё саҳнасида бўлаётган нотинчликлардан мисоллар келтириб, бу ҳолатлардан ўзимизга хулоса чиқариб, мусаффо Ислом динимизни асраб авайлаш зарурлигини таъкидлаб ўтди.
Ҳақиқатда инсон хатодан холи эмаслиги, хатосини англаб тўғри йўлга қайтган фуқароларимизга нисбатан ҳукуматимиз кечиримли бўлаётгани энг олийжаноб иш сифатида баҳоланди.
Давра суҳбатида Фозилов Ҳолмуҳаммад, Турсунов Иброҳим, Солибаева Адиба, Хожимирзаева Муқаддас, Умрзақова Ҳанифа, Жалилов Ғиёсиддин, Юнусов Сиддиқжон, Қодирова Дилдорахон сўзга чиқиб, кўрсатилаётган бундай эътибор учун муҳтарам Президентимизга чин юракдан ташаккур билдириб, у кишининг юксак ташаббуслари натижасида мана шундай ёруғ кунларда ҳаёт кечираётганларини билдирдилар.
Улар бугунги учрашувдан хулоса чиқариб, ўзга юртларда мусофир бўлиб юрган яқинларини, албатта, жонажон ватанимизга қайтаришга ваъда қилиб, келажакда юртимиз равнақи йўлида муносиб хизмат қилишларга тайёр эканларини маълум қилдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2470 times

Янгиликлар

Top