Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонлик қори Киевда хатмга ўтади

Аввал хабар берганимиздек, ўзбекистонлик қорилар хорижда таровеҳ намозларини адо этиб беришмоқда.

Қадимдан юртимиздан етишиб чиққан диний уламолар ва қориларга хориж давлатларида катта ҳурмат билан қаралган. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг диний таълимга катта эътибор берилди. Бунинг натижаси ўлароқ юртимиздан юзлаб, минглаб қорилар етишиб чиқди ва чиқмоқда.

Бир неча йилдан буён хориж давлатлари диний идораларидан келган таклифлар асосида қориларимиз чет мамлакатларида диний-маърифий тадбирларда иштирок этиб, таровеҳ намозларини адо этиб бермоқдалар. Бу йил ҳам Рамазон ойида қориларимиз бир қанча давлатларга, хусусан, АҚШ, Россия, Украина каби мамлакатларга жўнаб кетганини маълум қилган эдик.

Жумладан, Украина мусулмонлари диний идораси таклифига биноан Олмазор тумани "Иброҳим ота" жоме масжиди имом-хатиби Худойберди қори Саидов Украинага жўнаб кетди. У ерда қоримиз Рамазон ойи давомида мусулмонларга таровеҳ намозини адо этиб, диний – маърифий суҳбатлар ўтказиб бериши режалаштирилган.

Украина пойтахти Киев шаҳрида жойлашган "Ар-раҳма" жоме масжидида ўзбекистонлик қори хатми Қуръон қилади.

Бундан аввал, "Туркистон – Америка" жамияти таклифига биноан Тошкент шаҳридаги “Минор” масжиди имом ноиби Кабиров Муроджон қори АҚШга жўнаб кетгани хабар қилинган эди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3027 times

Янгиликлар

Top