Ўзбекистон янгиликлари

Дунёни қалб кўзи ила кўрувчилар

Кеча, 31 май куни Ўзбекистон кўзи ожизлар жамиятининг Тошкент шаҳар бўлими Чилонзор туманида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида имконияти чекланганлар билан илк учрашув бўлиб ўтди. Тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди. Тадбирда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан келган фуқаролар иштирок этишди.

Дастлаб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хотин қизлар билан ишлаш бўлими мутахассиси Мунира Абубакирова сўзга чиқиб, йиғилганларни муборак Рамазони шариф билан қутлади. Сўнгра, ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – имконияти чекланганларни  қўллаб-қувватлаш, уларга эътибор бериш, меҳр улашиш, қолаверса, самарали ҳамкорлик сари ташланган илк қадамлар эканини таъкидлаб ўтди.

Тадбир очиқ мулоқот, самимий суҳбат, савол-жавоб тарзида бўлиб ўтди. Жумладан, Миробод тумани Баёт маҳалласида яшовчи онахон Ҳафиза Мўминова қуйидагича савол билан мурожаат этди:

 “Аввало бизга Рамазон ойининг фазилатлари ва бу ойда қилинажак амаллар ҳақида қисқача гапириб ўтсангиз. Кейинги саволим, қайнона келин муносабатлари ҳақида ҳам айтиб ўтсангиз?

Иштирокчилар томонидан берилган саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси мутахассиси Мунира Абубакирова, Тошкент шаҳар ҳокимияти мутахассиси Дилбар Аҳмедова, Чилонзор тумани отинойиси Холида Усмонова ҳамда Кар-соқовлар жамияти аъзоси Моҳира Кубаевалар атрофлича жавоб беришди.

Имконияти чекланган фуқароларнинг саволларидан шуни англаш мумкинки, улар диний-маърифий тушунчаларни ўрганишга жуда ҳарис. Ўзларининг тили билан айтганда, ҳали билишлари керак бўлган муҳим мавзулардаги масалалар жуда кўп. Бугунги суҳбат анчайин йиғилиб қолган саволларга жавоб олиш учун яхши имконият бўлгани ва келажакда шу каби учрашувлар тез-тез ташкиллаштириб турилса, мақсадга мувофиқ бўлишини айтишди.

Шубҳасиз, давлатимизнинг янада тараққий этиши учун одамларимизнинг соф ва тоза фикрли, диний эътиқод мустаҳкам бўлиши муҳим роль ўйнайди. Афсуски, имконияти чекланганларнинг диний билимлари етарли бўлмагани сабабли улар орасида миссионерлар тузоғига илиниб қолганлари ҳам бор. Шунинг учун ҳам, ҳозирги кунда бу каби масалаларга ижобий ечим топиш мақсадида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда, жорий учрашув ҳам ўта муҳим ва долзарб аҳамият касб этади.

Учрашув якунида маърифий суҳбатдан олам-олам завқ олган иштирокчиларга “Вақф” хайрия жамоат фондининг Рамазон эҳсонлари тақдим этилди.

 

Нилуфар БОЗОРБОЙ қизи

 

 

 

Read 2575 times

Янгиликлар

Top