Ўзбекистон янгиликлари

Зиёлилар коррупцияга қарши
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Касб-ҳунар таълими марказида “Таълим муассасалари раҳбар ходимлари ўртасида коррупцияга қарши курашиш ва одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш” мавзуида семинар ўтказилди.
 
Семинарда Касб-ҳунар таълими маркази раҳбари М.Холмуҳамедов ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёев томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, бу жараёнда коррупцияга қарши қатъий ва муросасиз кураш олиб бориш устувор вазифа сифатида белгиланганини алоҳида қайд этди.
 
Президентнинг 2017 йил 2 февралдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ўз мазмун-моҳияти, мақсади билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг янги босқичини бошлаб бергани алоҳида таъкидланди.
 
Шу боис барча соҳаларда бўлгани каби таълим тизимида ҳам коррупцияга йўл қўйиб бўлмаслиги, раҳбар ва педагоглар коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишларини йўлга қўйиш, порахўрлик, таъмагирлик, фирибгарликнинг мудҳиш оқибатлари, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб берилди.
 
Марказ томонидан коррупциянинг олдини олиш мақсадида қатъий чоралар кўрилаётган бўлса-да, ўқитувчи деган шарафли номга доғ тушириб, ўз касбига хиёнат қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Уларнинг бундай хатти-ҳаракатини кечириб бўлмаслиги қайд этилди. 
 
Семинарда прокуратура ва ички ишлар органлари тақдимномалари асосида Тошкент телекоммуникация технологиялари касб-ҳунар коллежи ходимлари устидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани, Тошкент алоқа касб-ҳунар коллежи ҳамда Мирзо Улуғбек туманидаги политехника касб-ҳунар коллежида содир этилган фирибгарлик билан боғлиқ жиноят тафсилотлари, мазкур ҳолатлар бўйича раҳбар ва ўринбосарлар, бўлим бошлиқлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилганига ҳам муносабат билдирилди.
 
Жиноятларнинг содир этилишига раҳбар ходимларнинг ўз хизмат вазифаларига виждонан ёндашмаслиги, жамоа орасида ижтимоий соғлом муҳит шакллантирилмагани сабаб бўлаётганлиги алоҳида қайд этилди. 
 
Семинар сўнггида таълим муассасаларида коррупцияга қарши кураш борасида унинг ҳалокатли оқибатларидан ёшларни огоҳлантириш, бунда таъсирчан тарғибот воситаларидан фойдаланиш, тизим ходимлари орасида эса касбга садоқат туйғусини мустаҳкамлаш, ҳар бир ноқонуний ҳаракат учун жазо муқаррарлиги, давлат ва жамият олдида маънавий жавобгарлик борлигини тушунтириб бориш ва галдаги вазифалар белгилаб берилди.
 
ЎзА
Read 3698 times

Янгиликлар

Top