Ўзбекистон янгиликлари

Ҳалол стандарти сертификати Ўзбекистонда қандай йўлга қўйилган?
Бугунги кунда “Ўзстандарт” агентлиги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик бўйича 33 мамлакат билан 47 ҳужжат имзолаган.
 
Миллий матбуот марказида Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги томонидан “Ўзстандарт” агентлигининг халқаро муносабатлардаги мавқеи ва ҳамкорлик истиқболлари” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.
 
Унда агентлик бош директори ўринбосари Жасур Шукуров ва бошқалар халқаро ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан маълумот берди.
 
Бугунги кунда “Ўзстандарт” агентлиги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик бўйича 33 мамлакат билан 47 ҳужжат имзолаган. Стандартлаштириш, метрология ва мувофиқликни баҳолаш соҳаларини қамраб олган келишувлардан 12 тасини ҳукуматлараро, 35 тасини идоралараро битимлар ташкил этади.
 
“Ўзстандарт” агентлиги стандартлаштириш соҳасида Халқаро стандартлаштириш ташкилоти (ISO), Халқаро электротехника комиссияси (МЭК), Россиянинг “Росстандарт”, Малайзиянинг Стандартлар департаменти, Жанубий Кореянинг Технологиялар ва стандартлар агентлиги, Сингапурнинг “Спринг” каби ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатган.
 
Метрология соҳасида ҳамкорликни қонунийлаштирувчи халқаро ташкилот (МОЗМ), Ҳудудий метрология ташкилоти (КООМЕТ), Халқаро ўлчов ва тарозилар бюроси (BIPM) ҳамда ҳалол стандарти соҳасида Ислом давлатлари стандартлаштириш ва метрология институти (SMIIC) ва Туркия стандартлар институти билан яқин алоқа ўрнатилган.
 
– Ўзбекистонда ҳалол стандарти бўйича ҳали тўлиқ тизим ишлаб чиқилмаган, ҳалол стандарти сертификати берадиган ташкилотлар мавжуд эмас. Шу йўналишда ишлар олиб борилмоқда. Тез орада ҳалол стандарти сертификати берадиган ташкилотларга эга бўламиз, – деди Ж.Шукуров.
 

 

Д.Суннатов, ЎзА
Read 3008 times

Янгиликлар

Top