Ўзбекистон янгиликлари

«Ҳаж — 2018»: зиёратчилар билан учрашув бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 17-июль куни Қорақалпоғистон Республикасидан Ҳаж зиёратига борувчи 150 нафар фуқаро иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсутдин Бауатдинов «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларин ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан 2018 йилги Ҳаж мавсумига тайёргарлик ишлари бошлаб юборилганини маълум қилди. Ҳаж ибодатига борувчиларнинг ушбу амал ҳақидаги тушунчаларини бойитиб, мавсум давомида қилинадиган амаллар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари М.Алеуов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг кўрсатмаси бўйича шаҳар ва туман бош имом-хатиблари томонидан Ҳаж зиёратига борувчилар билан тушунтириш ишлари олиб борилаётганини қайд этди. Бунда олдин ҳажга борган тажрибали имомларимиз тарафидан амалий ёрдамлар бериб борилиши, албатта ўзининг ижобий самарасини беришини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, учрашув давомида зиёратчиларимизнинг ибодат амалларини тўлиқ адо этишлари учун яратилаётган қулайликлар, уларга берилаётган эътибор ва имкониятлар таҳсинга лойиқ экани таъкидланди.

Учрашув якунида Ҳаж зиёратига борувчи фуқаролар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб берилди.

 

Исламатдин АЛЛАНОВ

Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти ходими

 

Read 3615 times
Tagged under

Янгиликлар

Top