Ўзбекистон янгиликлари

Терроризмга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари
Ўзбекистон Республикаси Олий судида ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори Евгений Сисоев билан учрашув ўтказилди.
 
Видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилган тадбирда Судьялар олий кенгаши аъзолари, Олий суд, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг судьялари, Ички ишлар вазирлиги, соҳавий хизматлар масъул ходимлари иштирок этди.
 
Евгений Сисоев ўз маърузасида халқаро терроризмга қарши курашиш соҳасидаги аҳвол, шунингдек, минтақадаги мавжуд муаммо ва таҳдидлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида сиёсий, иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик билан бирга терроризм, экстремизм, наркотик моддалар тарқалишига қарши биргаликда кураш олиб борилаётгани, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди. 
 
Тадбирда дунёнинг айрим минтақаларида, жумладан, қўшни Афғонистон ва Яқин Шарқ давлатларида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари таҳлил қилинди. Ўзбекистон Республикаси истиқлолнинг дастлабки йилларидан терроризм ва экстремизмга қарши курашиш масаласида ўз позициясига эга бўлиб, тинчлик ва барқарорликни таъминлашга ҳисса қўшаётгани алоҳида таъкидланди. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йил 26-27 март кунлари пойтахтимизда Афғонистон бўйича юқори даражадаги Тошкент халқаро конференциясининг ўтказилиши минтақа давлатларининг тинчлиги ва тараққиёти учун кенг имкониятлар эшигини очган ҳолда, уларнинг биргаликдаги умумий муаммоларни ҳал этишга қодирлигини намоён қилди.
 
3.jpg
 
– Ҳар қандай кўринишдаги терроризм ва экстремизм хавфсизликка таҳдид солаётган офатдир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси У.Рўзиев. – Бугунги учрашувда мавзу бўйича зарур ахборотга эга бўлдик. Ҳудудларда аҳоли билан ўтказилаётган тарғибот тадбирлари, давра суҳбатларида вояга етмаганларни экстремизм, терроризм ва гиёҳвандлик таъсирига тушиб қолишдан ҳимоя қилиш лозимлиги тушунтирилмоқда. Жазони ўташ муассасаларидан озодликка чиққан, тузалиш йўлига ўтган шахслар билан суҳбатлар ўтказилиб, соғлом муҳитга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Бу борада соҳага оид қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти фуқароларга етказилмоқда.
 
Тадбирда терроризмга қарши курашишнинг халқаро ҳуқуқий асослари, бу борада ҳамкорликни таъминлаш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга тааллуқли масалалар ҳам муҳокама этилди. Айниқса, ёш авлоднинг терроризм ва тажовузкор экстремизм таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик, уларни интернет орқали тарғиб қилинаётган турли ғоявий ва ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш бўйича фикр алмашилди.
 

 

А.Мусаев, Ф.Абдурасулов (фото) ЎзА
Read 4000 times

Янгиликлар

Top