Ўзбекистон янгиликлари

E-VISA олиш учун мурожаатлар сони мингдан ортди

Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган хорижий мамлакатлар фуқаролари сони 23 июль ҳолатига кўра, яъни тизим ишга тушган вақтдан бошлаб бир ҳафта ичида 1000 нафардан ошди.

Kun.uz нашри Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов берган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Жаҳоннинг 37 мамлакатида яшовчи 1012 нафар киши Ўзбекистонга кириш электрон визасини олиш учун мурожаат қилган, улардан 711 нафарини - эркаклар, қолган 301 нафарини эса аёллар ташкил қилмоқда.

E-VISA учун мурожаат қилган хорижий фуқаролар орасида энг кўпи Хитой (167 нафар), АҚШ (135) ва Буюк Британия (115) мамлакатлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Шунингдек Ҳиндистон (86), Франция (77), Польша (58), Испания (47), Италия (42), Канада (32), Нидерландия (32) каби мамлакатлар фуқаролари ҳам Ўзбекистонга кириш электрон визасига талабгорлар қаторидан ўрин олган.

Мурожаат қилган хориж фуқароларининг 556 нафарига E-VISA берилган, 456 нафарининг мурожаати текширув жараёнидан ўтмоқда.

Ўзбекистонда 15 июль кунидан бошлаб хорижлик фуқароларга республикада туристик мақсадларда бўлиш учун электрон кириш визаларини расмийлаштириш ишлари бошланган. Электрон виза хориж фуқаросига 30 кун муддатга Ўзбекистон ҳудудида бўлиш ҳуқуқини беради ва бу виза тақдим этилган кундан бошлаб 90 кун муддат ичида амал қилади. Берилган электрон виза хориж фуқаросининг e-visa.gov.uz порталига қилган мурожаатида кўрсатилган электрон манзилга жўнатилади.

Электрон визани расмийлаштириш учун мурожаат бериш Ўзбекистон Республикасига келиш санасидан уч иш кунидан кам бўлмаган муддатда амалга оширилади. Электрон кириш визасини олиш мурожаатини кўриб чиқиш учун консуллик йиғими ҳажми 20 АҚШ долларини ташкил этади.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3056 times

Янгиликлар

Top