Ўзбекистон янгиликлари

Фарғона вилоятига янги бош имом-хатиб тайинланди

Бугун, 31 июль куни Фарғона вилояти вакиллигида вилоят масжидлари имом-хатибларининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари иштирок этди.
Йиғилиш танқидий ва таҳлилий руҳда ўтди. Унда масжидлар ҳолати, имом-хатиблар фаолияти ва диний-маърифий йўналишдаги қилинаётган ишлар муҳокама қилинди. Шунингдек, ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда ғоявий таҳдидларга қарши курашиш, нохолис хабарларга ўз вақтида, муносиб жавоб қайтариш ва юртимиздаги диний-маърифий ислоҳотларни нотўғри талқин қилишга йўл қўймаслик, уларни тўғри тушунтириш каби йўналишларда муҳим тавсиялар берилди.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонларидан замон билан ҳамнафас яшаш, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлаш ва аҳоли имон-эътиқодини мустаҳкамлаш йўлида имом-домлаларни доимо фаолликка, ташаббус кўрсатишга даъват этилаётганларига алоҳида урғу қаратилди.

Юртимизда кечаётган жараёнлар, ислоҳотлар барча соҳа вакилларидан тезкорликни, меҳнатсеварликни, ўз ишига нисбатан фидокорликни талаб қилмоқда. Жумладан, бугунги ислоҳотлар имом-хатиблардан ҳам тезкор жараёнлардан ортда қолмасликни, замон билан ҳамнафас яшаш ва ишлашни тақозо этмоқда. Имом-домлаларимизнинг фаолият қамрови кенгайганини инобатга олсак, энди улар фақат масжидда ибодатларни адо этиб берувчи пешво ёки маърака-маросимларни ўтказиб берувчи мутасадди эмас, балки халқнинг дарду ташвишидан хабардор, уларни қийнаётган муаммоларни ўрнида ечишга кўмаклашувчи, инсонларни эзгуликка тарғиб қилиб, ёмонликдан қайтарувчи, чин маънода одамларнинг суянчиғи бўлиши лозимлиги ушбу йиғилишда таъкидланди.

Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакили вазифасини бажарувчи Абдуллаев Убайдулло ўз хоҳишига кўра, эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Фарғона вилояти Тошлоқ туманидаги “Абу Ҳанифа” жоме масжиди имом-хатиби вазифасида кўп йиллардан буён меҳнат қилаётган Қодиров Салимжон Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилояти вакили, вилоят бош имом-хатиби лавозимларига тайинланди.
Масжидлар имом-хатиблари янги бош имом-хатиб атрофида жипслашиб, Ислом дини таълимотларини тарғиб қилиш, ислоҳотларни аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ва мамлакатимиз барқарорлиги йўлида бир тану бир жон бўлиб хизмат қилишларини изҳор қилишди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 4482 times

Янгиликлар

Top