Ўзбекистон янгиликлари

Жиноятчиликнинг олдини олиш долзарб вазифа

6 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг мажлислар залида “Жиноятчиликнинг олдини олиш долзарб вазифа” мавзусида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосарлари Шайх Абдулазиз Мансур ва Дилшод Ҳошимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Котибият бўлими бош мутахассиси Муҳаммад Аюб Ҳомидов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов ва Диний идоранинг бўлим мудирлари, ходимлари ҳамда Тошкент шаҳридаги барча масжид имом-хатиблари иштирок этдилар.
Йиғилишни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари А.Мансуров очиб, жиноятчиликнинг барча тури, жумладан, ўз жонига қасд қилиш оғир гуноҳ экани, бу Аллоҳ таоло томонидан берилган энг азиз неъматлардан бири бўлмиш – ҳаёт неъматига нонкўрлик, омонатга хиёнатлигини, жума куни барча жоме масжидларда “Ўз жонига қасд қилиш” ҳақидаги тезис асосида мавъизалар қилингани, масжидга келадиган кишилар бу ишнинг оғир гуноҳлигини англаб етганлари, энди масжидга келолмайдиган аёллар, болалар ўртасида тушунтириш ишлари олиб бориш лозимлигини, бунинг учун имом-хатиблар хонадонларга бориб, уларга ушбу мавзу юзасидан батафсил тушунтириш ишлари ўтказишлари муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, у ўз сўзида давом этиб, хонадонларга борганда, жиноят ва ўз жонига қасд қилишнинг сабабларини ўрганиб, мазкур жиноятнинг нақадар оғир гуноҳлигини мисоллар билан изоҳлаб бериш кераклигини айтиб ўтди.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов сўзга чиқиб, ўтган олти ой мобайнида 2066 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати кузатилгани, шуларнинг ярми вафот этгани, сўнгги икки хафта ичида 79 та ўз жонига қасд қилиш содир этилганини, шунинг учун масжид имом-хатиблари ва пешқадам имом ноибларидан иборат гуруҳ учга бўлиниб, Сергели, Чилонзор ва Миробод туманларидаги хонадонларга бориб, аҳолининг турмуш шароити билан танишиб, улардаги муаммоларни жойида ҳал қилиши лозимлигини билдириб ўтди.
Учрашувда сўзга чиққан Диний идора раиси ўринбосари Д. Ҳошимов 27 июл куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича видеоселектор йиғилиши, ушбу йиғилиш баёнининг 8-бандида Ўзбекистон мусулмонлари идораси зиммасига суициднинг олдини олиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идорасига белгилаб берилган топшириқлар ҳамда имом-хатибларнинг бу борадаги вазифалари нималардан иборатлигини атрофлича тушунтирди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси бош мутахассиси Муҳаммад Аюб Ҳомидов йиғилганларга бошланаётган амалий ишлар халқнинг ҳолидан хабар олиш, уларнинг қалбига йўл топиш эканини, бу иш Умар розияллоҳу анҳудек буюк саҳобанинг йўлга қўйган фойдали амалиёти эканини, шунинг учун имом-хатиблар бу ишга мусулмонларга хизмат, ёрдам деб қарашлари кераклигини, ана шунда улкан савоблар қўлга киритилишини эслатиб ўтди ва гуруҳ раҳбарларига керакли тавсияларни берди.
Тадбир якунида ҳар бир гуруҳ раҳбарлари гуруҳ аъзолари билан қилинадиган ишларни келишиб олдилар.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3573 times

Янгиликлар

Top