Рамазон-2019

Рамазон – улуғ фурсатдир!

Танловга!

Инсон зоти қизиқ, келажакда ўзини қандай кўнгилсизликлар кутиши мумкин эканини ҳаёлан кўз олдига келтиради-да, ўша кўнгилсизликка йўлиқмаслик учун жон-жаҳди билан ҳаракат қила бошлайди. Камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб, эртаю-кеч тиним билмай меҳнат қилади. Ҳалол меҳнат қилса-ку, майли. Лекин қўрқувнинг кучидан, баъзан ҳаром амалларни қилишдан ҳам тоймайди.

Ҳатто, фарзандларини ҳам кичиклигидан мана шундай қўрқувлар қуршовида улғайтиради: "Яхши ўқимасанг, катта бўлганингда аравакаш бўласан"; "Намунча лапашанг бўлмасанг? Бу аҳволда оғзингдаги ошни ҳам олдириб қўясан-ку"; "Ким нима нарсангни сўраса бериб юбораверасанми? Эртага ўзинг нима қиласан?" каби иддаолар қуршовида фарзандлар ҳам келажакда ҳеч нарсасиз қолиш, камбағаллик каби қийинчиликларга йўлиқишдан қўрқиб, топганини яшириб йиғишга, пул топиш учун ҳар қандай ҳаром ишларни қилишга ҳам тайёр бўлиб катта бўлишади. Энг қизиғи, ўша қийинчиликлар келиши даргумон. Ким қандай ҳаёт кечиради, ҳаёти давомида ким қандай машаққатга йўлиқадию, ким қандай ҳолатга тушиши фақат Яратгангагина аён. Биз эса мавҳум, кутилиши ноаниқ бўлган заҳматларга жон-жаҳдимиз билан, тиним билмай, ҳар қандоқ йўллар воситаси ила курашар эканмиз, минг афсуслар бўлсинким, ҳар бир инсоннинг бошига тушиши муқаррар бўлган қийинчилик ҳақида мутлақо унутиб қўямиз...

Қандай қийинчилик эканини англагандирсиз? Ҳа, адашмадингиз, бу - Қиёмат кунидаги ҳисоб-китоб, сўроқ, амалларимиз ҳисоби бизга кўрсатиладиган кундаги муқаррар, ҳеч ким қочиб қутула олмайдиган қийинчиликдир. Ўйлаб кўрайлик, азизлар, уч кунлик дунёнинг, қуюқ зулмати ортидан нурафшон тонги отиши аниқ бўлган, кўз очиб юмгунча ўтиб кетадиган қандайдир бир имтиҳони учун қанчалар тайёргарлик кўряпмизу, наҳот номаи аъмолларимиз кўрсатиладиган кунга тайёргарлик кўришдан ғофил қолсак?

Ортга назар ташлаб, қўйган қадамларимизни, ўтказган ҳаётимизни сарҳисоб қилиб кўрсак, қанчадан қанча хатоларга йўл қўйганлигимизни тушуниб етамиз... Шу чоғда бирдан қалбларимизни зулмат қоплагандек бўлади! Қани эди... Қани эди ортга қайтсагу, ўша хатоларсиз бир янги ҳаёт бошласак... Бунинг иложи йўқлигини ўйлаб, кўнглимиз чўка бошлайди. Беихтиёр тушкунликка тушамиз...

Мана шундай ҳис-туйғулар сизни ҳам асир этганми? Ўтган ҳаётингиздаги хатоларингиз, гуноҳларингизни эслаб кўп эзиласизми? Энди ортга йўл йўқ, чорасизман, деган ўй борлиғингизни қамраб олганми?  Ўша ҳаётингизда мажбуран давом этяпсиз, ё бўлмаса тушкунлик аталмиш саҳрода тентираганча сарсон-саргардонмисиз?

Ундай бўлса, ўрнингиздан туринг! Ҳозир хатоларингизни тўғрилашнинг айни вақти! Сизда имкон бор! Ҳа-ҳа, нотўғри эшитмадингиз, имконингиз бор! Ва бу имконни сизга қандайдир психолог, қандайдир башоратчи ё бўлмаса, бирор амалдор шахс эмас, Аллоҳ ато қиляпти! Меҳрибон ва раҳмли, токи жон ҳалқумга етгунигача тавбаларни қабул қилувчи Зот сизга имкон бермоқда! Сиз мана шу имкондан фойдаланиб қолинг! Дарров таҳорат олинг-да, икки ракаат намоз ўқинг, сўнгра Аллоҳ таоло сизни қандай муқаддас ой билан юзлаштирганини ёдга олинг.

 Рамазон! Тақво, ибодат, раҳмат, мағфират, гуноҳлар ўчирилувчи ойдир! Ушбу ойда Қуръони Карим нозил бўлган. Ушбу ойнинг файзи, барокати, фазилатларини санаб адоғига ета олмаймиз! Минг шукрки, Аллоҳ азза ва жалла бизларни ушбу ойга соғ-саломатликда етказди, Ўзининг то рўзи Қиёматгача ҳар бир мусулмон бандага дастуруламал бўлмиш Китобида бизларга: «Эй иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсангиз» дея хитоб қилиб, Рамазон ойи рўзасини тутишликни фарз қилди.

 Ушбу ойнинг аввалги ўн кунлигини раҳмат, иккинчи ўн кунлигини мағфират, учинчи ўн кунлигини гуноҳлардан покланиш қилиб, биз каби бандаларига ўзининг чексиз меҳру марҳаматини намоён қилди. Ушбу ойнинг фазли шу қадар улуғки, у Аллоҳнинг ҳузурида минг ойдан афзалроқдир. Шу билан бирга, меҳрибон ва раҳмли бўлган Зот бизларга қийинчилик, заҳмат етмаслиги учун тонглари саҳарлик, кечалари ифторлик қилиш имкониятини берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Муборак нонуштага келинглар! Яъни, саҳарликка”. Насоий ривояти. Ва дедилар: “Сизларга саҳарлик нонуштасини қилишингиз вожиб бўлади. Чунки у барака ато этилган нонуштадир”. Насоий ва имом Аҳмад ривояти.

Моҳи Рамазон - ушбу муборак ойга етиб келган эканмиз, Аллоҳнинг бизга берган имкони айнан мана шудир! Ҳар кечаси ғанимат бўлган ушбу ойда яна бир кеча яширилганки, бу - Лайлатул Қадр кечасидир. Ушбу кеча тўлиғича имкон бўлган муборак ойнинг ичидаги яна бир имкониятдир! Ойнинг сўнгги ўн кунлигидаги тоқ кечалардан бирига яширилган бу кеча ҳам тавбаларимиз қабул бўлиб, янги ҳаёт бошлашимиз учун Яратганнинг бизларга кўрсатган улкан марҳаматидир!

 Ушбу ойда Қадр кечаси учун алоҳида, ойни рисоладагидек сўнгига етказганимиз учун алоҳида мукофот бор. Келинг, ҳозир бунинг исботи ўлароқ келтирилган ҳадис билан танишсак.

 Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан, у киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Рамазон ойида менинг умматимга мендан аввалги пайғамбарларга берилмаган беш нарса берилди:

Биринчиси: Рамазон ойининг аввалги кечаси Аллоҳ уларга (раҳмат) назари билан боқади, кимга Аллоҳ раҳмат назари билан боқса уни ҳечам азобламайди.

Иккинчиси: Уларнинг оғизларининг ҳиди Аллоҳ ҳузурида мискнинг ҳидидан ҳам хушбўйроқ ҳолда юрадилар.

Учинчиси: Фаришталар уларнинг ҳақларига туну-кун истиғфор айтадилар.

Тўртинчиси: Аллоҳ азза ва жалла жаннатига: "Бандаларим учун тайёрлангин ва безангин. Улардан тезда дунё қийинчиликлари, ташвишлари кетиб, менинг жаннатим ва зиёфатимга келадилар", дейди.

Бешинчиси: Агар рамазоннинг охирги кечаси бўлса уларнинг барчасини Аллоҳ мағфират қилиб юборади, дегандилар, (атрофдагилар томонидан): "Эй Расулуллоҳ, у лайлатул-қадр кечасими? деб айтилди. Шунда у зот: "Йўқ! Агар ишчилар ишларини тамомласалар ҳақлари тўлиқ қилиб бериладими?!" дедилар.

(Демак, бу мукофот, улар рўзани тўлиқ тутганлари учун берилгандир, қадр кечасининг савоби алоҳида берилади, дедилар).

(Насаий, Байҳақийлар ривояти).

Қаранг, қандай имкониятлар бизга муштоқ турибди. Ахир, шундай фазилатли ойга етишган инсон ноумид бўлиши мумкинми? Шундай имконият эшиги кенг очилиб киришимизни кутиб турсаю, тушкунликка берилишимиз қай даражада тўғри, азиз диндошим? Кечаларни қоим қилиб, кундузлари рўза тутиб, эртаю кеч дуою илтижолар айлаб, тавба қилишга шошилайлик! Атрофимиздагиларга ҳам ушбу ўзимиз хабар топган хушхабарни етказайлик! Шундай хушхабарни Аллоҳдан ваҳий орқали қабул қилиб олган ва бизларга етказган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар айтиб, эргашайлик! Ёлғиз Аллоҳ учун ибодат қилиб мукофотини ҳам қуйидаги ҳадиси қудсийда келтирилганидек, Ўзидан умид қилайлик:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: «Магар рўза Мен учундир. Унинг мукофотини Мен берурман. У (Одам боласи) шаҳвати ва таомини Мен учун тарк қилур», деди», дедилар». (Термизий ривояти).

Диндошим,  йўлиқишимиз аниқ бўлган энг қийин, энг оғир, ҳатто эр ўз хотинидан, она ўз боласидан, ака укасидан қочадиган Қиёмат кунига тайёрланишимиз учун энг яхши фурсатда турибмиз. Аввалги гуноҳларимизни олов ўтинни йўқ қилганидек, куйдириб кетказувчи ушбу муборак ойда иложи борича кўпроқ истиғфорлар айтиб, ёлғиз Аллоҳ учун Рамазон рўзасини тутиб, тавбаларимиз қабул бўлишидан умидвор бўлайлик.

Илоҳим, ушбу ойдан барча гуноҳларимиздан покланган ҳолда чиқишликни, сўнгра кейинги ҳаётимизни шунга мувофиқ равишда Аллоҳнинг буюрганларини бажариб, қайтарганларидан қайтиб ўтказишликни Аллоҳ жумламизга насиб айласин.

 

Гавҳар Насруллоҳ

39074 марта ўқилди
Мавзулар
Top