ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФAТ

Авлиёларнинг каромати (Абул Баракот Насафийнинг “Ал-эътимод фил эътиқод” асари асосида)
Валий сўзи луғатда “яқин киши”, “дўст” каби маъноларни билдириб, кўплик шакли “авлиё” бўлади. Истилоҳда эса имкон қадар Аллоҳ таолони танигувчи, тоатларда бардавом бўлувчи, ёмонликлардан сақланувчи, шаҳватларга берилишдан ўзини олиб қочувчи, дунёдан юз ўгирувчи, охиратга юзланувчи ва доимий равишда Раббининг зикрида бўлувчи зот валий дейилади[1].

Каромат сўзи эса луғатда “иззат-икром”, “қадр-қиммат”, “олийжаноблик” каби маъноларни билдиради. Истилоҳда Аллоҳ таолонинг Ўзи севган бандаларига ато этган иззат-икроми каромат, дейилади.

Каромат икки хил бўлади:
1.Туғма каромат;
2.Меҳнат билан эришиладиган каромат.

Биринчи турдаги каромат барча инсонларга тегишлидир. Чунки уларни Аллоҳ таоло инсон қилиб яратган. Инсон бўлиб дунёга келишларининг ўзи Аллоҳ таолонинг уларни иззат-икром қилганидир. Агар Аллоҳ хоҳлаганида, бошқа жониворнинг боласи ҳолида дунёга келишлари ҳам мумкин эди. Аллоҳ инсонни бошқа кўплаб жонзотлардан азизу мукаррам қилиб қўйган. Ушбу азизу мукаррам қилиниш, инсониятнинг туғма кароматидир.

Кароматнинг иккинчи тури, яъни меҳнат билан эришиладиган каромат фақат тақводор мўминларда ҳосил бўлиши мумкин. Чунки бу каромат махсус эътиқод ва ҳаракатлар билан ҳосил бўлади.

Валийлар Аллоҳ таолонинг дўстлари саналади. Улар тарафидан содир бўлган ғайриоддий ишлар Аллоҳ таолонинг уларга берган инъомидир. Улар бу мукофотларга шариат ҳукмларини яхши биладиган ва уларга қатъий амал қиладиган олим бўлганлари сабабли эришган[2].
Авлиёларнинг каромати машҳур хабарлар ва солиҳлардан тарқалган ҳикоятларга кўра жоиздир. Бунга Баҳшамия[3] фирқаси ва Ашъарийлардан бўлган Абу Исҳоқ Исфароний хилоф қилган.

Бунга Қуръонда келган Сулаймоннинг дўсти ҳақидаги қуйидаги қисса далил бўлади:
] قَالَ الَّذِي عِنْدَهُ عِلْمٌ مِنَ الْكِتَابِ أَنَا آَتِيكَ بِهِ قَبْلَ أَنْ يَرْتَدَّ إِلَيْكَ طَرْفُكَ فَلَمَّا رَآَهُ مُسْتَقِرًّا عِنْدَهُ قَالَ هَذَا مِنْ فَضْلِ رَبِّي لِيَبْلُوَنِي أَأَشْكُرُ أَمْ أَكْفُرُ وَمَنْ شَكَرَ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ رَبِّي غَنِيٌّ كَرِيمٌ[
 “Китобдан (Исми аъзамдан) хабардор бўлган зот[4] эса: “Мен кўз очиб юмгунингча уни сенга келтирурман”, – деди. Бас, унинг (тахтнинг) ўз ҳузурида турганини кўргач, у деди: “Бу Раббимнинг шукр қиламанми ёки ношукурлик қиламанми, имтиҳон этиш учун берган фазлидандир. Ким шукр қилса, бас, албатта у фақат ўзи учун шукр қилур. Ким ношукурлик қилса, бас, албатта, Раббим (ҳамма нарсадан) беҳожат ва карамлидир”[5].
Сулаймоннинг дўсти жумҳур уламоларнинг наздида Осаф ибн Бархиёдир. У: “Мен Билқиснинг тахтини кўз очиб юмгунингча сенга келтираман”, деди. Сулаймон “қачонки, унинг ўз ҳузурида қарор топганини кўргач”, яъни ўз ҳузурида тахтнинг собит турганини кўргач: “Бу Раббимнинг фазлидандир”, яъни кўз очиб юмгунча муддатда тахтнинг ҳозир бўлиши Раббимнинг менга берган фазли ва мурувватидандир”, деди.

Кароматга далолат қиладиган бундан бошқа мисолларни ҳам келтириш мумкин:
– Марямнинг эркаксиз ҳомиладор бўлгани, Закариё ҳар гал унинг ҳузурига кирганида олдида жаннатдан туширилган ҳар хил меваларни учратгани[6];
– Каҳф соҳибларининг уч юз йил уйқуга кетиб, тирик ҳолда уйғонгани;
– Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Мадинадаги минбардан туриб Наҳованддаги қўшин қўмондонига: “Эй Сория! Тоққа, тоққа”, дегани ва у бу овозни эшитгани. Ҳолбуки, орадаги масофа 500 фарсах бўлган;  
– Нил дарёсига ҳазрати Умарнинг “Агар сен Аллоҳнинг амри билан оқадиган бўлсанг, бўйсунган ҳолда оқгин”, деб ёзган мактубини ташланиши натижасида унинг оқа бошлагани;
– Холид ибн Валид Ҳийрада заҳар ичганида, зарар етмагани;
– Аттоб ибн Бишр ва Усайд ибн Хузайр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидан чиққанларида, бирисининг асосида худди чироқдек порлаётган нурнинг пайдо бўлгани;
– Салмон ва Абу Дардо розияллоҳу анҳумоларнинг ўртасида турган ёғоч идишнинг тасбеҳ айтгани ва улар бу тасбеҳни эшитгани;
– Ҳабиб Ажамийнинг тарвия куни[7] Басрада, арафа куни[8] эса Арафотда кўрингани;
– Фузайл учун тоғнинг ҳаракатга келгани. Ривоят қилинишича, у Мино тоғларининг бирида бўлган пайтда: “Агар Аллоҳ таолонинг валий бандаларидан бири ушбу тоғнинг тебранишига ишора қилса, у қимирлайди, яъни ҳаракатланади”, деди. Тоғ ҳаракатга келганида у: “Тинчлан! Мен сендан буни хоҳламагандим”, деди. Шунда у ҳаракатдан тўхтади;
– Зуннун Мисрий учун сўри уйнинг ҳар томонига ҳаракатлангани;
– Саҳл сабабли касал кишининг тузалгани. Ривоят қилинишича,  у: “Аллоҳни ҳақиқий зикр қилувчи киши ўликни тирилтиришни хоҳласа, албатта, тирилтиради”, деди ва олдидаги касални қўли билан силади. Шунда у тузалиб, ўрнидан турди. У: “Ким дунёда қирқ кун зуҳдда ихлосли бўлса, у учун хоҳлаган еридан хоҳлаган нарсасини оладиган кароматлар зоҳир бўлади. Агар зоҳир бўлмаса, унинг зуҳдида ҳақиқат йўқдир”, деди.

Кароматнинг ҳақлигига сон-саноқсиз мисоллар келтириш мумкин. Уни инкор этиш нодонликдир.
Қушайрий айтади: “Кароматлар қуйидагича бўлади: дуонинг ижобат бўлиши, сув ёки таомни бевосита пайдо бўлиши, қисқа муддатда узоқ масофани босиб ўтиш, душмандан қутулиш ёки узоқдаги кишининг овозини эшитиш”.

Мўъжиза пайғамбарларга, каромат эса валийларга бериладиган ғайриоддий ишлардир. Каромат содир бўлган киши пайғамбарликни даъво қилса, шу заҳоти кофир бўлади ва унинг қўлидан ҳеч қачон каромат зоҳир бўлмайди. Пайғамбарлар пайғамбарлиги исботланиши учун мўъжизани ошкор қилишга буюрилган. Аммо авлиёлар машҳурлик олдида залолатга кетишдан қўрқиб, кароматни яширишга қаттиқ ҳаракат қилади.

Лекин тўғри йўлни истовчиларни тоат-ибодатларга тарғиб қилиш ва ибодатдаги машаққатларни кўтаришга ёрдам бериш мақсадида кароматни зоҳир қилиши жоиздир. Ўз каромати билан бошқаларни ажаблантириш ва бундан фахрланиш жоиз эмас.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Аҳли сунна вал жамоа ақидасига кўра, авлиёларнинг каромати ҳақдир. Каромат аслида пайғамбар учун мўъжизадир. Чунки пайғамбарга эргашиш натижасида ҳосил бўлган ушбу ғайриоддий ишлар уларнинг ҳақлигини исботлайдиган далиллардир. Мўъжиза ҳам айнан шу мақсадда берилган бўлади. Баъзилар инсоннинг имкониятларини чамалаш орқали кароматни инкор этади. Аммо каромат инсоннинг эмас, балки Аллоҳнинг иши эканини ўйлаб кўрса, уни инкор қилиш учун бирор йўл тополмайди. Албатта, Аллоҳ барча ишга қодир зотдир.

[1] Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳоқ Ғазнавий. Шарҳу ақидати имом Таҳовий. – Қоҳира: “Даротул Караз”, 2009. – Б. 170.
[2] Абдулқодир Абдур Раҳим. “Эътиқод дурдоналари “Бадъул амолий” шарҳи”. – Тошкент: “Sharq” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси”, 2016. – Б.237-240.
[3] Улар Мўътазила тоифасидан бўлган.
[4] У зот Сулаймоннинг котиби Осиф ибн Бархиё эди. У  “Исми аъзам”ни билар ва уни ўқиб дуо қилса, ижобат бўларди. Исми аъзам: “Ё Ҳайю, ё Қайюм! Ё Зал-жалоли вал-икром!” ёки “Ё илоҳано ва илоҳа кулли шайъин илоҳан воҳидан. Ло илоҳа илло Ант”. Валлоҳу аълам (Мд.). (Шайх Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири).
[5] Намл сураси 40-оят.
[6] Бу ҳақдаги қисса Оли Имрон сураси, 37-47 – оятларида баён этилган.
[7] Зулҳижжа ойининг 8-куни.
[8] Зулҳижжа ойининг 9-куни.

Равшан ЭЛМУРОДОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази
илмий ходими
804 марта ўқилди
Top