muslim.uz

muslim.uz

Шу йил 8 февраль куни банк бошқарув раиси Чори Мирзаев ва Ислом тараққиёт банки гуруҳи таркибига кирувчи Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси (ICD) раҳбари Айман Амин Сежиний ўртасида онлайн кўринишда шартнома имзоланди. Бу ҳақда “Туронбанк” АТБ матбуот хизмати хабар берди.

– Сўнгги 4 йил давомида Ўзбекистон иқтисодиёти, айниқса, банк тизими халқаро ҳамкорлар билан ишлаш масаласида очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида ривожланмоқда. Бунда Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 20 декабрдаги “Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора – тадбирлари тўғрисида” ги ва 2019 йил 5 мартдаги “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва Араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора – тадбирлари тўғрисида”ги қарори айни ислоҳотларга ҳуқуқий замин бўлиб хизмат қилмоқда, – дейди “Туронбанк” АТБ Бошқарув Раиси Чори Мирзаев. – Шунингдек, мамлакатимиз президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасида ҳам “Ислом молиясининг ҳуқуқий асосларини яратиш вақти келди” деб айтган ташаббуси ушбу соҳанинг мамлакатимизда жуда муҳимлиги ва иқтисодиёт ривожида ўрни жуда юқорилидан дарак беради.

Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси раҳбари жаноб Айман Амин Сежинийнинг сўзларига кўра, бугун Ўзбекистон аниқ режа асосида тараққиётнинг янги босқичини бошдан ўтказмоқда. Деярли барча соҳаларда хориж тажрибаси асосида иш юритувини ташкил этиш, айниқса, иқтисодий тармоқнинг ривожланишида сезиларли ўзгаришлар амалга оширилаяпти. Ишбилармонларга яратилаётган шароитлар, мамлакатдаги кичик ва ўрта бизнес субъектларини молиялаштириш тизими такомиллашаяпти.

“Фикримнинг исботини бугун биз яқин ҳамкоримиз бўлмиш “Туронбанк”АТБ билан имзоланган муҳим ҳужжат ҳам исботлайди. “Ислом дарчалари” кўплаб ўзбек тадбиркорлари ва аҳолисининг қизиқишларини орттириб, молия муассасасига ҳам катта фойда олиб келишига ишонамиз. Ҳамкорлигимиз доирасида шариат талаблари асосида янги банк маҳсулотларини яратиш, мижозлар билан ишлаш, бу борада замонавий ахборот технологияларини жалб этиш, ходимларнинг айни йўналишдаги билимларини ҳам амалий ҳам назарий жиҳатда оширишга яқиндан кўмак беришга тайёрмиз. Зеро, бу орқали икки томонлама муваффақиятли ҳамкорлигимиз, стратегик шерикликнинг бир ифодаси сифатида ҳам гавдаланади”, – дейди Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси раҳбари жаноб Айман Амин Сежиний.

Дарҳақиқат, “Туронбанк” АТБда “ислом дарчаси”ни ишга тушиши ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва биргаликда қўшма лойиҳаларни рўёбга чиқаришга туртки бериши, шубҳасиз. Натижада банк томонидан аҳолига кўрсатилаётган хизматлар кўлами кенгайиб, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантириш, Ислом молияси тамойилларига асослаган чакана ва корпоратив маҳсулотларни таклиф этувчи инструментни яратиш имкони пайдо бўлади.

Маълумот учун, Туронбанк Хусусий тармоқни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси билан 2019 йили Жидда шаҳрида 10 миллионн АҚШ долларлик “Кичик ва ўрта бизнес субъектлари лойиҳаларини молиялаштириш” тўғрисидаги шартномани имзолаган эди. Унинг доирасида кўплаб корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари оширилиб, янги иш ўринлари яратилди.

Эслатиб ўтамиз, юртимиздаги “Халқ” банки ва “Трансбанк”да “Исломий дарчалар”нинг очилиши ҳақида хабар берган эдик.  


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

 

Фарзандингиз йиғласа ҳаловатингиз йўқолиб, ташвишга тушиб, нима сабабдан йиғлаётганини билмай қийналаркансиз. Асабларингиз таранглашиб, ўзингизни қўярга жой топа олмас экансиз. Яқинда Аллоҳнинг фазли ва марҳамати ила Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ Ҳадис ва ҳаёт силсиласининг “Яхшилик ва ахлоқ китоби” жузида бундай ёзганларини ўқиб қолдим: “Чақалоқ кўп йиғласа, оилада турли ташвиш ва қийинчиликларга сабаб бўлса, ота-она сиқилмаслиги, аччиқланмаслиги керак. Китобларимизда келган хабарларга кўра, чақалоқнинг йиғиси зикр, Аллоҳнинг ягоналигини ёдлаш, ҳамду сано, ота-онасининг ҳаққига дуо ва истиғфор ҳисобланади”.

Ушбу сатрларни ўқиб қалбим анча таскин топди, Алҳамдулиллаҳ. Сизнинг ҳам қалбингиз хотиржам бўлсин деб ушбу маълумотни Сизга илиндим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ишда умматларига гўзал намуна бўлганларидек, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам барча ишларда йўлбошчи, ўрнак бўлдилар.

Аллоҳ таоло Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳни Ўз раҳматига олсин. Динга қилган хизматларини Ўзининг розилиги билан мукофотласин!

 

Даврон НУРМУҲАММАД

Афро-америкалик мусулмон муаллифларининг учинчи конференцияси шу ойнинг бошида бошланди ва бу Covid-19 пандемияси туфайли бутунлай виртуал шаклда бўлиб ўтди.
Islam.ru маълумотларга кўра, иштирокчилар қандай қилиб афро-америкалик ва мусулмон маданияти замонавий адабиётга таъсир этаётганлигини муҳокама қилишмоқда. 7 февраль куни ташкил этилган жонли эфирда болалар ва ўсмирлар учун адабиётга ихтисослашган муаллифлар мусулмон оилалари ва жамоалари дуч келаётган муаммоларни муҳокама қилишди.
"Мен афро-америкаликман ва мен ўсаётган пайтимда Аллоҳнинг ёрдами билан енгишнинг уддасидан чиққан кўплаб қийинчиликларни бошимдан ўтказганман. Хуллас, бир куни мен бу ҳақда китоб ёзишим керак, деб ўйлаб қолдим", - дейди Нафисах Абдул Раҳим мунозара қатнашчиларига. Шунингдек, у замонавий жамиятда болаларга шафқатсизлик билан муносабат бўлиш ва вазиятни қандай қилиб ўзгартириш ҳақида ва болаларга уларнинг ҳуқуқлари борлигини билиш имкониятини берадиган китобларга эҳтиёж борлигини қўшимча қилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Среда, 10 Февраль 2021 00:00

Энг афзал амал

Муовия ибн Қурра айтади: «Ҳасаннинг ҳузурида эдик. Қайси амал энг афзал экани ҳақида гаплашдик. Ҳамма тунда қоим бўлиш деб иттифоқ қилди. Мен эса: «Ҳаромларни тарк қилиш», дедим. Шунда Ҳасан: «Гап тамом, гап тамом», деди».

Нафл рўза ва нафл намоздан афзал амал

Муслим айтади: «Яйловга келаётиб, Муовия ибн Қуррани учратдим. «Нима қиляпсан?» деган эди, «Оилам учун у-бу нарсалар сотиб олдим», дедим. У: «Ҳалолларидан олдингми?» деди. «Ҳа!» дедим. У: «Сен қилган мана шу иш билан ҳар куни банд бўлиш мен учун тунлари қоим, кунлари соим бўлишдан суюклироқ», деди».

 

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Икки ой муддатда Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуасини зиёрат марказига айлантириш ҳамда атрофидаги 8 нафар буюк уламоларнинг қабрларини тиклаш ва ободонлаштириш ишлари концепциясини, уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
Бу топшириқ «Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармони билан Самарқанд вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Қурилиш вазирлигига берилган.
Ушбу фармонга кўра, Самарқанд вилояти ҳокимлиги Қўмита, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги, Бадиий академия ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Самарқанд шаҳрида ислом дини, минтақадаги мавжуд дин намояндалари мероси ва моддий маданий мерос объектларини акс эттирувчи тематик хиёбонни яратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритишади.
Шунингдек Бухоро вилояти ҳокимлиги Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Маданият вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда Бухоро шаҳрида ислом дини тарихи ва мусулмон оламида машҳур бўлган шахслар тўғрисида маълумот берувчи инновацион музейни қуриш ва уни ривожлантириш концепцияси бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш топширилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Top