muslim.uz

muslim.uz

Ватанимиз тарихидаги 31 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1907 йил (бундан 114 йил олдин) – Туркистон генерал-губернатори девонхонаси бошлиғи Тошкент шаҳар ҳокимига махфий хат йўллади. Унда шаҳар ҳокимига шахсан императорнинг топшириғини тушунтирилган эди. Унга кўра, Аҳмад Яссавий масжиди шайхлари билан мазкур масжид-мақбарага Амир Темур томонидан совға қилинган, ўша вақтда олтитадан бештаси мавжуд бўлган бронза шамдонларни Петербургдаги Эрмитаж музейига бериш тўғрисида музокара олиб борадиган эътиборли ва ишончли маҳаллий вакилни тавсия этишни сўради.

Амир Темур туҳфа қилган мазкур қимматбаҳо шамдонлар нодир санъат асарларидир. Шамдонлар жуда гўзал шаклда, санъаткорона, нозик ишланган. Бир қисми олтин суви билан безалган. Шунинг учун ҳам бу қимматбаҳо санъат асарларини Россиянинг сўнгги императори Николай Иккинчи Эрмитажra олиб келишни Император археология ҳайъати раисига маслаҳат берган эди. Император Археология ҳайъатининг раиси граф А.Бобринский эса Туркистон генерал-губернатори вазифасини бажарувчи Н.Гродековга хат ёзиб императорнинг кўрсатмасини етказган.

Бу масала билан Тошкент шаҳар ҳокимлигининг топшириғига асосан шаҳар полицияси бошлиғи шуғулланди. Унинг 1907 йил 16 февралда берган маълумотигa кўра, Аҳмад Яссавий масжидидаги шамдонларни сотиб олиш бўйича музокара олиб боришга Шайхонтоҳур қозилигига номзод Эшонхон Маҳмудхўжаев рози бўлган. Бироқ туркистонлик шайхлар узоқ давом этган тазйиқларга қарамай, шамдонларни сотиш мумкин эмаслигини айтганлар ва уларни ўша вақтда қаттиқ ҳимоя қилганлар. Аммо кейинчалик шамдонлар мақбарадан олиб кетилди.

1918 йил (бундан 103 йил олдин) – Халқ Комиссарлар Советининг қарори билан Россияда, шу жумладан Туркистон ўлкасида хам, 1918 йил 31 январь юлий тақвимининг охирги куни – 1918 йил 14 февраль григорий тақвимининг биринчи куни деб қабул қилинди. Ушбу қарорга кўра, 1918 йилнинг 31 январи тугагач, бирдан 14 февраль бошланиши керак эди ва шундай бўлди.

2018 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори қабул қилинди.

2019 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан Олмалиқ шаҳрининг 2035 йилгача, Ангрен шаҳрининг 2032 йилгача, Чирчиқ шаҳрининг 2035 йилгача бўлган даврга мўлжалланган бош режалари тасдиқланди.

2020 йил (бундан 1 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади

Понедельник, 01 Февраль 2021 00:00

Аллоҳни зикр қил

Ҳошим ибн Зиёд акаси ҳақида айтади: «Ало ибн Зиёд ҳар жума кечасини ибодат билан ўтказар эди. Бир кеча у мадорсизланиб қолиб, аёлига: «Асмо, мен мадорсизландим. Фалон вақт кирганида мени уйғотгин», деди. Аёли «Хўп» деди. Бироқ айтилган вақт кирганида эрини уйғотишни эсидан чиқарди. Ало ибн Зиёднинг тушида бир киши келиб, унинг пешонасидан ушлаб, «Ибн Зиёд, тур, Аллоҳни зикр қил, У Зот ҳам сени эслайди», деди. У уйғониб кетди ва вафот этгунича кечалари Аллоҳ таолони зикр қиладиган бўлди. Аллоҳ уни раҳматига олсин».

 

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Покистон Бош вазирининг маслаҳатчиси Абдул Раззоқ Довуд бошчилигидаги делегация бугун музокаралар ўтказиш учун Ўзбекистонга келди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Ташриф доирасида Ўзбекистон-Покистон савдо-иқтисодий масалалар бўйича махсус қўшма ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Покистон делегацияси, шунингдек, “Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” темир йўли лойиҳасини амалга ошириш бўйича Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон уч томонлама ишчи гуруҳи йиғилишида ҳам иштирок этади.
Абдул Раззоқ Довуд ва делегация аъзолари Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, Ислом қадамжоларини зиёрат қилади, қадимий шаҳарнинг тарихий ва меъморий обидалари билан танишади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

ОЗ-ОЗ ЎРГАНИБ ДОНО БЎЛУР...

*   *   *

Заҳируддин Муҳаммад Бобур хазиналари

*   *   *

МУБАЙЯН ВА НАСРИЙ БАЁНИ

*   *   *

ИЙМОН-ЭЪТИҚОД  КИТОБИ

*   *   *

НАЗМ

 

Аросат ичра мавқуф эллик эмиш,

Ҳар бирида бўлур савол бир иш.

Тез ўтар, кимки берса яхши жавоб,

Йўқса, йиллар чекар азобу иқоб.

Баъзи элгаки Тенгри лутф эткай,

Беҳисоб учмоқ ичра еткай.

 

НАСРИЙ БАЁН

 

Аросатнинг мавқелари –

манзиллари баёни

 

Аросат (яъни, қиёмат) майдонида элликта тўхташ (ва сўроққа тутиш) жойлари бор экан, ҳар бирида бир ишдан савол қилинади. Кимки яхши жавоб берса, у манзиллардан тез ўтиб кетади, йўқса, йиллар бўйи азоб ва уқубат чекади.

Баъзи инсонларга Аллоҳ таъоло лутф қилиб, ҳисоб-китоб қилинмасдан жаннатга киради.

 

ДАЛИЛ ВА ШАРҲ.

 

“Жомиъ ул-мутун” китобидан: “Бутун махлуқот (яратилмиш нарсалар) Аросатда  тўпланади. Эллик жойда кутиб турадилар. Ҳар бир кутиш жойининг муддати минг йил. Бу хусусдаги ояти жалила ушбудир:

Маъориж сураси, 4-оят: «...Фаришталар ва Руҳ (яъни Жаброил) бир Кунда (яъни Қиёмат кунида) Ул зотнинг ҳузурига кўтарилурларки, Ул Куннинг миқдори (дунё йиллари билан) эллик минг йилдир» (“Жомиъ ул-мутун”). 

 

“Аҳли суннат вал-жамоат ақоиди” китобидан: “Бутун яралмиш жонлар Аросатда узоқ муддат кутиб қоладилар, аммо ҳисоб-китоб ва мезонга – тарозуга чақирилмайди. Бу аҳволдан халқ беҳад музтариб бўлиб – изтиробда қолиб, пайғамбарларнинг (алайҳимусалом) шафоъатларини сўраб мурожаат қила бошлайдилар... (2-китоб).

 

 Насрий баён ва шарҳ муаллифи:

Мирзо КЕНЖАБЕК.

Понедельник, 01 Февраль 2021 00:00

Зиммамиздаги масъулият

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Эркак ўз аҳлига бошлиқ ва у қўл остидагига масъулдир. Аёл эрининг уйида бошлиқ ва у ўз қўл остидагига масъулдир…” (Муттафақун алайҳ).

Бу ҳадисда масъулият масаласи кўтарилган. Қиёмат кунида ҳар бир одам ўзининг қўл остидагилар тўғрисида ҳисоб-китоб қилинади. Ушбу ҳисоб-китоб ҳам моддий, ҳам маънавий ҳақлар борасида бўлади. Масалан, эрдан оиласининг озиқ-овқат, ки йим-кечак ва турар жойга бўлган эҳтиёжларини қандай таъминлаганини ҳамда уларга Аллоҳни танитиб, ибодатларни бажаришлари учун нималар қилгани ҳақида сўралади.

Маълумки, инсон икки унсур – руҳ ва жасаддан иборат. Жасад озуқага муҳтож бўлгани каби руҳ ҳам озуқага муҳтож бўлади. Жасаднинг озуқаси моддий нарсалардан иборат бўлса, руҳнинг озуқаси маънавий нарсалар биландир. Албатта, бу икки эҳтиёжни қондириш ўта зарур иш ҳисобланади. Озуқасиз қолган жасад ҳалокатга юз тутгани каби, озуқасиз руҳ ҳам ҳалокатга – бадбахтликка маҳкум бўлади.

Оила жамиятнинг кичик бир бўлагидир. Инсон оила қурар экан, унинг зиммасига катта мас ъулият юкланади. Энди у хотини ва туғилажак фарзандларининг таоми, кийими ва турар жойларини таъминлаши вожиб. Шу билан бирга уларнинг дин-диёнати ва тарбияси учун ҳам жавобгар бўлади. Яъни, хотини ёки фарзандларининг қилган ҳар бир хатти-ҳаракати учун эр (ота) Аллоҳ таолонинг ҳузурида сўроққа тутилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтади: «Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш, дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар хизмат қиладиган дўзахдан сақлангиз» (Таҳрим сураси, 6-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одобахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”. Бошқа бир ривоятда: “Ота-она фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарсани тортиқ қила олмайди”, дейилади (Имом Термизий ривояти).

Шундай экан, ота оила бошлиғи сифатида аёли ва болаларига чиройли тарбия беришни ҳам зинҳор унутмаслиги лозим. Уларнинг тарбияси, одоб-ахлоқи ҳам ўзининг зиммасида эканини ҳис этмоғи даркор. Моддий жиҳатдан таъминлаб қўйиш билан зиммасидаги масъулиятни адо қилган ҳисобланмайди. Балки уларнинг комил инсон, ҳақиқий мўмин бўлиб етишишларида ҳам жавобгарлигини англаб етсин. Ўз навбатида аёл ҳам эрига бу борада ёрдамини аямасин. Ота- она зиммасидаги масъулиятни чиройли тарзда адо қилар экан, оиладаги фарзандлар ҳам виждонли, имонли, фидойи бўлиб етишадилар. Бу нафақат ота- онанинг, балки жамиятнинг ҳам ютуғидир.

Абдурасул ҚАЮМОВ,

Чилонзор тумани “Муҳсинхонтўра Эшон” жоме масжиди имом-хатиби

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 22-сонидан

Top