Мақолалар

Зиммамиздаги масъулият

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Эркак ўз аҳлига бошлиқ ва у қўл остидагига масъулдир. Аёл эрининг уйида бошлиқ ва у ўз қўл остидагига масъулдир…” (Муттафақун алайҳ).

Бу ҳадисда масъулият масаласи кўтарилган. Қиёмат кунида ҳар бир одам ўзининг қўл остидагилар тўғрисида ҳисоб-китоб қилинади. Ушбу ҳисоб-китоб ҳам моддий, ҳам маънавий ҳақлар борасида бўлади. Масалан, эрдан оиласининг озиқ-овқат, ки йим-кечак ва турар жойга бўлган эҳтиёжларини қандай таъминлаганини ҳамда уларга Аллоҳни танитиб, ибодатларни бажаришлари учун нималар қилгани ҳақида сўралади.

Маълумки, инсон икки унсур – руҳ ва жасаддан иборат. Жасад озуқага муҳтож бўлгани каби руҳ ҳам озуқага муҳтож бўлади. Жасаднинг озуқаси моддий нарсалардан иборат бўлса, руҳнинг озуқаси маънавий нарсалар биландир. Албатта, бу икки эҳтиёжни қондириш ўта зарур иш ҳисобланади. Озуқасиз қолган жасад ҳалокатга юз тутгани каби, озуқасиз руҳ ҳам ҳалокатга – бадбахтликка маҳкум бўлади.

Оила жамиятнинг кичик бир бўлагидир. Инсон оила қурар экан, унинг зиммасига катта мас ъулият юкланади. Энди у хотини ва туғилажак фарзандларининг таоми, кийими ва турар жойларини таъминлаши вожиб. Шу билан бирга уларнинг дин-диёнати ва тарбияси учун ҳам жавобгар бўлади. Яъни, хотини ёки фарзандларининг қилган ҳар бир хатти-ҳаракати учун эр (ота) Аллоҳ таолонинг ҳузурида сўроққа тутилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўминларга хитоб қилиб айтади: «Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш, дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар хизмат қиладиган дўзахдан сақлангиз» (Таҳрим сураси, 6-оят).
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одобахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдорда қилган нафл садақасидан яхшироқдир”. Бошқа бир ривоятда: “Ота-она фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарсани тортиқ қила олмайди”, дейилади (Имом Термизий ривояти).

Шундай экан, ота оила бошлиғи сифатида аёли ва болаларига чиройли тарбия беришни ҳам зинҳор унутмаслиги лозим. Уларнинг тарбияси, одоб-ахлоқи ҳам ўзининг зиммасида эканини ҳис этмоғи даркор. Моддий жиҳатдан таъминлаб қўйиш билан зиммасидаги масъулиятни адо қилган ҳисобланмайди. Балки уларнинг комил инсон, ҳақиқий мўмин бўлиб етишишларида ҳам жавобгарлигини англаб етсин. Ўз навбатида аёл ҳам эрига бу борада ёрдамини аямасин. Ота- она зиммасидаги масъулиятни чиройли тарзда адо қилар экан, оиладаги фарзандлар ҳам виждонли, имонли, фидойи бўлиб етишадилар. Бу нафақат ота- онанинг, балки жамиятнинг ҳам ютуғидир.

Абдурасул ҚАЮМОВ,

Чилонзор тумани “Муҳсинхонтўра Эшон” жоме масжиди имом-хатиби

“Ислом Нури” диний-маърифий газетасининг 2020-йил, 22-сонидан

1945 марта ўқилди

Мақолалар

Top