Рамазон-2018

Тунларни ибодат билан бедор ўтказиш

Кечаларда бедор бўлиб, ибодат қилиб тунни ўтказишлик ислом динида жуда ҳам улуғ амаллардан ҳисобланади. Тарихдан бизга маълумки, барча ўтган улуғ инсонлар, пайғамбарлар бўлсин, саҳобалар, тобеъинлар бўлсин, авлиёлар бўлсин, барчалари кечаларда бедор бўлиб, ибодат билан машғул бўлишган. Бу амал инсон билан Аллоҳ таоло ўртасида қурбат ҳосил қилиб, уни жаннатга киришига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бандаларини бу ишга тарғиб қилишдан олдин, исломнинг аввалидаёқ Ўз пайғамбарини бунга буюрган.

Аллоҳ таоло айтади:

  يَا أَيُّهَا الْمُزَّمِّلُ. قُمِ اللَّيْلَ إِلَّا قَلِيلًا . نِصْفَهُ أَوِ انْقُصْ مِنْهُ قَلِيلًا . أَوْ زِدْ عَلَيْهِ وَرَتِّلِ الْقُرْآَنَ  تَرْتِيلًا .

“Эй, (кийимларига) ўралиб олган киши (Муҳаммад!) Тунда (бедор бўлиб, намозга) туринг! Фақат озгина (ухлашга вақт қолсин!) Яъни ярми (қолсин) ёки ярмидан ҳам бироз камайтиринг! Ёхуд унга (бироз вақт) қўшинг (ярмидан кўпроғида ухланг) ва Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг!” (Муззаммил сураси, 1-4 оятлар).

Аллоҳ таоло  юқоридаги оятда ўз Расулига кечаларда ибодат ва Қуръон тиловат қилиб қоим бўлишга буюряпти. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббисининг буйруғига итоат этдилар ва кечаларда ибодат билан қоим бўлдилар. У зот Роббисига чин ихлос билан, йиғлаган ҳолатда, хушуъ ва хузуъ билан ибодатда давомли бўлдилар. Бу ҳақида у зотнинг саҳобаларидан шундай ривоят қилинади:

عَنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ : قَامَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَتَّى تَوَرَّمَتْ قَدَمَاهُ ، فَقِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ أَلَيْسَ قَدْ غَفَرَ اللَّهُ لَكَ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِكَ وَمَا تَأَخَّرَ؟ قَالَ :« أَفَلاَ أَكُونُ عَبْدًا شَكُورًا؟ ». رَوَاهُ الْبُخَارِىُّ

Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси (тунги намозни ўқиш учун) қоим бўлдилар, ҳаттоки икки оёқлари шишиб кетди. Шунда: “Эй Расулуллоҳ Аллоҳ таоло сизни ўтган ва келажакдаги барча гуноҳларингизни мағфират қилган эмасми?”, дейилди. У зот: “Мен шукр қилувчи банда бўлмайинми?””, дедилар. Бухорий ривоят қилган.

Аввалги ва охирги гуноҳлари мағфират қилинган зот, кечаларни шундай ўтказган эканлар, биз ҳам бу зотдан ўрнак олган ҳолда, ўзимизга бу амални лозим тутишимиз керак.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда солиҳ бандаларини сифатлаб шундай дейди:

كَانُوا قَلِيلًا مِنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ . وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ.

(Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар”. (Зарият сураси, 17,18-оятлар).

Кечаларда қилинган дуолар ижобатдир. Чунки, инсонлар ғафлатда бўлиб, ухлайдиган пайтда банда Аллоҳни ёдига олиб дуо қилса, унинг дуоси ижобат бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ النَّبِىَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: « إِنَّ فِى اللَّيْلِ لَسَاعَةً لاَ يُوَافِقُهَا رَجُلٌ مُسْلِمٌ يَسْأَلُ اللَّهَ خَيْرًا مِنْ أَمْرِ الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ إِلاَّ أَعْطَاهُ إِيَّاهُ وَذَلِكَ كُلَّ لَيْلَةٍ » رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деганларини эшитдим:

“Албатта, кечада бир соат борки, мусулмон киши унга мувофиқ келиб, Аллоҳ таолодан дунё ва охират ишидан бирор нарсани сўрайдиган бўлса, Аллоҳ таоло уни унга беради ва шу ҳар бир кечададир”. Муслим ривоят қилган.

Ушбу ҳадисда айтилишича, кечқурунда нафл ибодат қилиш, кундуз кунидаги нафл ибодатдан афзалдир, чунки ҳар бир кечада дуолар ижобат бўладиган бир вақт бордир. Ҳар бир кундуз кунида бундай эмас, фақатгина жумъа кунида шундай вақт бор. Шунинг учун инсон кечадаги шу улуғ вақтни топишлик учун, кечанинг ҳаммасини ёки баъзисини ибодат билан ўтказиши лозим.

Яна бир ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: « يَنْزِلُ رَبُّنَا تَبَارَكَ وَتَعَالَى كُلَّ لَيْلَةٍ إِلَى السَّمَاءِ الدُّنْيَا حِينَ يَبْقَى ثُلُثُ اللَّيْلِ الآخِرُ فَيَقُولُ: مَنْ يَدْعُونِى فَأَسْتَجِيبَ لَهُ مَنْ يَسْأَلُنِى فَأُعْطِيَهُ مَنْ يَسْتَغْفِرُنِى فَأَغْفِرَ لَهُ ».رَواهُ مالِكٌ فِي الْمُوَطَّأ

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Албатта Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббимиз таборака таоло ҳар кеча, туннинг охирги учдан бири қолган вақтда дунё осмонига тушади ва: “Ким менга дуо қилса уни ижобат қиламан, ким мендан сўраса унга бераман, ким менга истиғфор айтса, уни мағфират қиламан”, деб айтади”, дедилар. Имом Молик Муваттода ривоят қилган.

Бу ҳадисда юқорида зикр қилинган дуолар ижобат қилинадиган вақтнинг қачон эканлиги баён қилинмоқда. Яъни, бу вақт кечанинг охирги учдан бири экан. Шунинг учун Пайғамбаримиз алайҳиссалом кечанинг аввалида ухлаб, кечанинг охирида ибодат билан машғул бўлганлар. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади:

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يَنَامُ أوّلَ اللَّيلِ ، وَيَقُومُ آخِرَهُ فَيُصَلِّي . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِ .

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Набий солаллоҳу алайҳи васаллам кечанинг аввалида ухлар, охирида эса, қоим бўлардилар ва намоз ўқирдилар”. Муттафақун алайҳ.

Шунингдек, улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу кечаси намоз ўқиб бўлиб, хизматчиларидан: “Эй, Нофеъ, саҳар кирдими?”, деб сўрардилар. Агар Нофеъ, ҳа, деса, тонг отгунча дуо ва истиғфор билан машғул бўлар эдилар.

Кечаларда ибодат  билан бедор бўлишлик, инсоннинг гуноҳларини кечирилишига сабаб бўлади. Бу ҳақида Набий алайҳиссалом хабар бериб шундай деганлар:

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ الْبَاهِلِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ ، عَنْ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمْ، قَالَ:"عَلَيْكُمْ بِقِيَامِ اللَّيْلِ، فَإِنَّهُ دَأْبُ الصَّالِحِينَ قَبْلَكُمْ، وَهُوَ قُرْبَةٌ لَكُمْ إِلَى رَبِّكُمْ، وَمَكْفَرَةٌ لِلسَّيِّئَاتِ، وَمَنْهَاةٌ عَنِ الإِثْمِ". رَواهُ التِّرْمِذِىُّ.

Абу Умома ал-Баҳилиййи  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам: “Кечада қоим бўлишни ўзингизга лозим тутинг, у сизлардан олдинги солиҳ кишиларнинг одатидир. Бу амал Роббингизга сизлар учун қурбат бўлади, гуноҳларни кетказувчи ва айб ва хатолардан қайтарувчидир”, дедилар. Термизий ривоят қилган.

Тунлари ибодатда қоим бўлган кишининг Аллоҳ таолога яқин бандалардан бўлиши ва Аллоҳ таоло уни яхши кўришлиги ҳақида ҳадиси қудсийда ҳам баён қилинган. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Банда нафл ибодатлар билан менга яқинлашишда давомли бўлса, мен уни яхши кўраман”.

Демак, инсон тунларда намоз ўқиб, ибодатлар билан машғул бўлса, Роббисининг муҳаббатига сазовор бўлади ва гуноҳларидан мағфур бўлади.

Юқоридаги оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики, шариъатимизда кечаларни ибодат билан ўтказишликка жуда ҳам кўплаб тарғиб қилинган. Бу амални доимо ўзига лозим тутган одамга кўплаб савоблар ваъда қилинган, бу савобларга эга бўлиш учун тунларни бедор ўтказишга ҳаракат қилишимиз лозим. Хоссатан, ҳозир улуғ Рамазон ойида турган эканмиз, бу улуғ кеча ва кундузларини ғанимат билишимиз керак бўлади. Зеро, бу ойда кунлари рўза бўлиб, кечаларда қоим бўлган киши учун бунданда кўпроқ улкан савоблар берилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган.

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : « مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إيماناً َاحْتِسَاباً غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ » . مُتَّفَقٌ عَلَيْهِِ .

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким Рамазон (ойи) да иймон келтирган ва савобини умид қилган ҳолда қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади", дедилар. Муттафақун алайҳ.

Бу савобли амалларга нафақат ўзимиз, балки аҳли аёлларимиз ва фарзандларимизни ҳам тарғиб қилишимиз керак бўлади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилган:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: « رَحِمَ اللَّهُ رَجُلاً قَامَ مِنَ اللَّيْلِ فَصَلَّى ، وَأَيْقَظَ امْرَأَتَهُ فَإِنْ أَبَتْ نَضَحَ فِى وَجْهِهَا الْمَاءَ ، رَحِمَ اللَّهُ امْرَأَةً قَامَتْ مِنَ اللَّيْلِ فَصَلَّتْ وَأَيْقَظَتْ زَوْجَهَا ، فَإِنْ أَبَى نَضَحَتْ فِى وَجْهِهِ الْمَاءَ » أَبُو دَاوُدَ، وَالنَّسائِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: У киши айтди:

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: “Кечасида қоим бўлиб, намоз ўқиб, сўнгра ўз аёлини уйғотган, агар аёли (уйқу ғолиблиги сабабли, ўрнидан туришликни) хоҳламаса, юзига сув сепган (холда бўлса ҳам, уйғотган) кишини Аллоҳ таоло раҳм қилсин. Кечасида қоим бўлиб, намоз ўқиб, сўнгра ўз эрини уйғотган, агар эри (уйқу ғолиблиги сабабли, ўрнидан туришликни) хоҳламаса, юзига сув сепган (холда бўлса ҳам, уйғотган) аёлни Аллоҳ таоло раҳм қилсин”, дедилар. Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда инсон ўзига суйган нарсани ўзининг яқинларига ҳам раво кўришлиги баён қилинмоқда. Демак, инсон яхши ишларга фақатгина ўзи эмас, балки бошқаларни ҳам тарғиб қилмоқлиги лозимдир. Бу ҳақида Қуръони Каримда шундай дейилган:

وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ.

“Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта Аллоҳ иқоби шиддатли Зотдир”. (Моида сураси, 2- оят).

Аллоҳ таолонинг ушбу оятини инсон ўзига шиор қилиб олса, ўз-ўзидан яхши иш қилганларнинг сони кўпайиб, ёмонлар эса камайиб бораверади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон Аллоҳга қурбат ҳосил қилмоқчи бўлса, Аллоҳнинг наздида даражаси юқори бўлиб, гуноҳлари мағфират қилинишини хоҳласа, нафл ибодатларни ўзига лозим тутиб, кечаларда бедор бўлиши лозим. Чунки, инсон фарз амалларини адо қилишлиги билан, бўйнидаги мажбуриятни адо қилган бўлади холос. Кечаларни ибодат билан ўтказишлик эса, ҳақиқий мукаммал мўъминлик белгисидир.

Рамазон ойи бизлар учун жуда ҳам кўплаб яхши амалларни қилишимиз учун жуда ҳам яхши фурсатдир. Чунки, бу ойда шайтонлар занжирбанд қилинади. Инсон шайтон васвасасидан озод бўлади, фақатгина ўзининг нафсини енгиши лозим бўлади.Ушбу ойда ўзимизга турли хил нафл ибодатларни одат қилиб оладиган бўлсак, рамазондан кейин ҳам бу ишларда бардавом бўлишимиз осон бўлади.

 

“Кўкалдош” Тошкент ўрта махсус ислом билим юрти мударриси Мадаминов Шокиржон.

 

 

48147 марта ўқилди
Top