Трансмиллий таҳдидлар ва огоҳликка даъват
Халқаро Пресс-клубнинг 30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши кураш кунига бағишланган махсус сессияси мана шундай номланди.
 
Сессияда Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа қатор вазирлик ва идора вакиллари, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал ҳам иштирок этди.
 
Ўзбекистон Республикасининг 2017-2021 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бирига кўра диний экстремизм, терроризм ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа шакллари билан курашиш бўйича ташкилий ва амалий чораларни кучайтириш орқали жиноятчиликка қарши кураш ва жиноятчиликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш режалаштирилган.
 
Жорий йилнинг июнь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўртасида трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш соҳасида ҳамкорликни янада кучайтириш мақсадида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
 
Ўзбекистон Республикаси БМТнинг Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш конвенцияси ва Одам савдосини олдини олиш тўғрисидаги Протоколга (айниқса, аёллар ва болалар савдосини олдини олиш) имзо қўйган.
 
– Одам савдоси – трансмиллий уюшган жиноятчилик ҳисобланади. Биз фақатгина глобал, минтақавий ва миллий даражада ҳамкорлик орқали у билан курашишимиз мумкин. Ушбу сессия Ўзбекистон ҳукумати, фуқаролик жамияти ва халқаро ҳамжамиятнинг мамлакатда ва бутун Марказий Осиёда одам савдосига қарши курашиш борасида ҳамкорлик қилиш саъй-ҳаракатларини муҳокама қилиш имкониятини берди, – деди Ашита Миттал. 
 
Бироқ, афсуски, бутун дунёда одам савдоси қурбонига айланаётган инсонлар сони кундан кун ортиб бормоқда.
 
– Юртимизда одам савдоси қурбонига айланиб қолаётганларнинг кўпчилик қисмини аёллар ва болалар ташкил қилади. Юртимизда 6 ой ичида жами 60 дан ортиқ одам савдоси билан боғлиқ жиноят ҳолатлари аниқланган бўлиб, шундан 161 та киши жабрланган, – деди Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бошқармаси бўлим бошлиғи Мурат Райимов. 
 
– Бугун республикамиз фуқароси бўлган 263 мингга яқин аёллар чет элга узоқ муддатга чиқиб кетган. Ўтган 6 ой ичида уларнинг 139 мингга яқини ўз уйига қайтарилди. Биргина Самарқанд вилоятида хорижга узоқ муддатга чиқиб кетган аёллар сони 117 мингдан ортиқни ташкил этади, – дейди Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бўлим бошлиғи Дилором Қўзиева.
 

 

И.Аҳатова, ЎзА
2599 марта ўқилди
Top