30 июль – Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни
Ўзбекистонда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар оқибатларига қараб ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланишига олиб келиши мумкин.
 
Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳисоб китобларига кўра бутун дунёда 21 миллион киши мажбурий меҳнатнинг жабрланувчилари ҳисобланади.
 
Дунёдаги барча мамлакатлар одам савдосидан жабрланишади. БМТ маълумотларига кўра, одам савдоси қурбонларининг 71 фоизини аёллар ва болалар ташкил этади. 
 
2010 йил 30 июлда БМТнинг Бош Ассамблеяси 64/293-резолюцияси билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича БМТнинг Глобал ҳаракат дастурини қабул қилинган. Мазкур ҳаракат дастурида ушбу жиноятнинг олдини олиш, жабрдийдаларнинг ҳимояси, жиноятчиларни таъқиб этиш ва барча йўналишларда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар кўзда тутилган.
 
2013 йилда эса 30 июль БМТ томонидан Бутунжаҳон одам савдосига қарши курашиш куни деб эълон қилинди.
 
Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2008 йил 17 апрелда “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган.
 
Қонунга мувофиқ, одам савдосига қарши курашиш – одам савдосининг олдини олиш, уни аниқлаш, унга чек қўйиш, унинг оқибатларини минималлаштириш, одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш бўйича фаолиятни ўз ичига олади.
 
Қуйидагилар одам савдосига қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари ҳисобланади:
 
• Ички ишлар вазирлиги;
 
• Давлат хавфсизлик хизмати;
 
• Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари;
 
• Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
 
Одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан одам савдосидан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи ва уларни ҳимоя қилувчи ихтисослаштирилган муассасалар ташкил этилади.
 
Ихтисослаштирилган муассасаларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
 
• одам савдосидан жабрланганларга қулай яшаш ва шахсий гигиена шароитларини таъминлаш;
 
• одам савдосидан жабрланганларни озиқ-овқат, дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлаш;
 
• одам савдосидан жабрланганларга шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа хил ёрдам бериш;
 
• одам савдосидан жабрланганларнинг хавфсизлигини муҳофаза қилиш;
 
• одам савдосидан жабрланганларнинг қариндошлари билан алоқа ўрнатилишига кўмаклашиш;
 
• одам савдосидан жабрланганларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳақида ахборот бериш;
 
• одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилишга кўмаклашиш.
 
Жиноят кодексига асосан, одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш жинояти жиноятнинг кўлами, жабрланувчилар шахси, оқибатларига қараб ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланишига олиб келиши мумкин.
 
Манба: Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали.
 

 

ЎзА
2640 марта ўқилди
Top