muslimuz

muslimuz

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Яхши сўз садақадир", дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ҳар бир яхшилик садақадир", дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Йўлдан азият етказовчи нарсаларни олиб ташлаш садақадир", дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Биродаринг юзига табассум билан қарашинг садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш (Амри маъруф ва наҳий аънил мункар) садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўлидан адашганга йўл кўрсатиш садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Челагингдаги сувдан биродарингни челагига қуйиб беришинг садақадир", дедилар (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Кўзи ожиз кишига ёрдам беришинг садақа", дедилар (Имом Термизий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Кўринганга салом бериш садақадир", дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Саломга алик олиш садақадир", дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Ким биродарининг олдига зиммасидаги ҳақни адо этиш учун юриб борса, ҳар бир қадамига садақа ёзилади", дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш садақадир", дедилар.

Даврон НУРМУҲАММАД

“Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир” (Муминун сураси, 1-3-оятлар).

Ушбу ояти каримани Аллоҳ таоло аниқликни билдирувчи “қод” ҳарфи билан бошлади. Бу ердаги нажотдан охиратдаги нажот тушунилади. Ушбу оятлар нозил бўлган вақтда мўминлар ҳали нажот топган эмасдилар. Лекин уларнинг нажот топиши шу қадар аниқ бўлганидан ўтган замон шаклида келтирилган. Кейинги оятларда Аллоҳ таоло ўша шак- шубҳасиз нажот топувчи мўминлар кимлар эканини баён этади.

“Улар намозларида хушуъ қилувчилардир”. Хушуъ – қўрқув ва сокинликнинг жамланмасидир. У намоздаги энг маҳбуб кўриниш бўлиб, унда қалб қўрқувда, тана эса сокинликда бўлади. Бундай сифатга эга бўлган мўмин нажотдан умид қилишнинг битта сабабини ўзида мужассам этган бўлади.

“Улар беҳуда нарсалардан юз ўгирувчилардир”. “Беҳуда нарсалар” бу – араб тилидаги “лағв” сўзининг ўзбек тилидаги таржимасидир. У ҳар қандай манфаатсиз ишни ўз ичига олади. Лағвдан юз ўгириш мўминларнинг иккинчи белгиси сифатида келтирилиши унинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини билдиради.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Ўзига алоқаси бўлмаган нарсаларни тарк қилиши киши исломининг гўзаллигидандир (Имом Термизий ривояти).

Энди эса бу борада улуғ уламоларимиздан нақл қилинган ривоятларга тўхталсак:

Ўзининг адолатпарварлиги билан дунёга донг таратган машҳур тобеъин Умар ибн Абдулазиз раҳимаҳуллоҳ бундай дейдилар: Кимки гапини амалидан деб билса, ўзига фойда бермайдиган нарсалар (мавзулар)да гапини камайтиради. Чунк, инсон одатда ўзига наф келтирмайдиган амалларни қилишдан чекинади.

Яна бир улуғ тобеъийн Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳдан бундай деганлари нақл қилинади: Аллоҳ таолонинг бандадан юз ўгиришининг аломати – уни беъмани ва унга алоқаси бўлмаган ишлар билан машғул қилиб қўйишидир”.

Демак, юқоридаги ҳадиси шарифнинг акси ўлароқ мўмин- мусулмон инсоннинг ўзига алоқаси бўлмаган нарсалар билан машғул бўлиши исломининг гўзаллигига путур етказар экан.

Ҳазрати Луқмондан “Биз кўриб турган бундай улуғ мақомга қандай эришдингиз?” деб сўрашганда у зот “Ростгўйлик, омонатдорлик ва ўзимга алоқаси бўлмаган нарсаларни тарк қилиш билан”, дея жавоб берган эканлар.

Имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Уч нарса ақлни зиёда қилади: уламоларнинг этагидан маҳкам тутиш, солиҳлар билан бирга бўлиш ва ўзига алоқаси бўлмаган мавзуда гапирмаслик”.

Улуғларимиз бемаъни гаплардан, бемазмун суҳбатлардан шунчалик тийилишганки, ҳатто тўрт мавзудан бошқа гапларни гап деб ҳисоблашмаган. Улар: Аллоҳ таолони зикр қилиш, Қуръон ўқиш, илмий мавзуда бирор савол сўралса унга жавоб бериш ва касби-кор учун дунёвий мавзуларда гаплашиш.

Оят ва ҳадисдан олинадиган фойдалар:

  1. Ўзини мўмин мусулмонман деб ҳисоблаган ҳар бир инсон беҳуда иш ва гап-сўзлардан тийилиб, вақтини манфаатли ишларга йўналтириши лозим. Шунда унинг вақтида барака ҳосил бўлади ва нажотга олиб борувчи калитлардан бирининг соҳибига айланади.
  2. Лағвдан сақланиш киши исломининг гўзал эканлигини билдиради.
  3. Инсонларни Ислом динига даъват қилиш учун албатта гапириш, жанжал кўтариш шарт эмас, баъзан сукутнинг ўзи ҳам кифоя қилади. Беҳуда гаплардан, турли сафсатабозликлардан тийиладиган инсоннинг исломи гўзал бўлади ва у ҳеч қандай ортиқча ҳаракатсиз Ислом дининиг қай даражада юксак эканини, одамларни фақат манфаатли ишларга тарғиб этишини намоён этган бўлади.

Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг “Метин қоялар” китобидан

Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.

 1 қисм

Сафарга кетишдан олдин:

  1. Ҳаж ибодатига кетаётган аёл аввало ниятини холис Аллоҳ учун қилиши керак.
  2. Ҳажга доир адабиётлар билан танишиб чиқиши, соҳа мутахассисларидан айнан аёлларга хос масалалар бўйича маълумотлар олиши керак. Таҳорат, ғусл, таяммум, ҳайз ва нифосга доир масалаларни ўрганиб бориш зарур.
  3. Доимо эсда сақлаш зарур: ҳайз кўрган ёки таҳоратсиз аёл масжидга кириши, Қуръон ўқиши, тавоф қилиши асло мумкин эмас!
  4. Ҳаж сафарига кетаётган аёлларга нима нарсалар олиши кераклиги 1- иловада келтирилади.
  5. Ҳанафий мазҳабимиз бўйича аёллар ҳажга маҳрам билан борадилар.
  6. Зиёратчи қарзлари бўлса, қарзларини тўлаб, ота-онаси ёки кексалардан дуо олиб кетиши хайрли амаллардан ҳисобланади.
  7. Сафарга кетишдан олдин ғусл қилиши ёки мукаммал таҳорат қилиб, 2 ракат намоз ўқиб, аэропортга йўлга чиқилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Фатво маркази ва Хотин-қизлар масалалари бўйича бўлими

Cавол: Аёлим билан жанжаллашиб қолдим. Кейин жаҳл устида: "Орамизда никоҳ йўқ, орамизда ҳеч нарса қолмаган", деб юбордим. Бу ҳолатда никоҳимиз бузилмайдими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Ўша жанжалда талоққа оид ҳеч қандай гап айтмай, фақат: “Орамизда никоҳ йўқ” деган бўлсангиз, ниятингизга қаралади. Агар бу гапни ажрашиш ниятида айтган бўлсангиз, талоқ тушади. Агар ундай ниятда айтмаган бўлсангиз, талоқ тушмайди. Бу ҳақда “Фатавои Оламгирия” китобида бундай дейилган: “Эр хотинига ажрашиш ниятида: “Сен билан менинг ўртамизда никоҳ йўқ”, деса ёки “Сен билан менинг ўртамизда никоҳ қолмади”, деса, талоқ тушади.

“Эр хотинига: “Сен билан менинг орамизда ҳеч нарса қолмади” деса ва бу гапни гарчи талоқ, ажрашиш ниятида айтган бўлса ҳам талоқ тушмайди” (“Муҳити Бурҳоний” китоби).

Талоқ масалаларини бирор аҳли илм — имом домла ҳузурига эр хотин биргаликда бориб, бўлган ҳолатни тўлиқ баён қилиб, домланинг хулосасини олиш тавсия этилади. Чунки талоқда ҳар бир сўз аҳамиятли ҳисобланади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази

«...ва Закариёни эсла. Ўшанда у Роббига нидо қилиб: "Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен ворисларнинг энг яхшисисан", деган эди. Бас, уни (дуосини) ижобат қилдик ва унга Яҳёни ҳадя этдик ҳамда жуфтини ўнглаб қўйдик» (Анбиё сураси, 89–90-оятлар).

Устоз Ҳомиджон домла Ишматбеков,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Страница 59 из 265
Top