muslimuz
Рамазон - Қуръон ойи: Мулк сураси фазилатлари
Таборак (Мулк) сурасида ер, осмон ва бошқа мавжудотларни яратишдаги ҳикматлар, Аллоҳнинг қудрати, бу дунёда иймонсиз ўтганларнинг охиратдаги афсус-надоматлари, ризқ-рўз талаб қилиш, табиий офатлар – ер ютиши, осмондан бало ёғилиши хавфи, ҳидоят, залолат каби масалалар баён этилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонда ўттиз оятдан иборат бир сура бор. Ким уни ўқиса, гуноҳлари кечирилгунича шафоат қилади. У Таборак сурасидир”, деганлар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Имом Насоий ривояти).
Таборак сураси “шафоатчи” номи билан машҳур. Шу сабаб бўлса керак, кўп мусулмон диёрларида, хусусан бизнинг юртда маййит дафн этилгандан кейин ушбу сура ўқилади.
Саҳобалар бу сурани “қутқарувчи” деб аташган. Зеро, Таборак сураси бандани шафоат қилиши ҳақида ривоятлар келган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: “Қуръондаги ўттиз оятдан иборат сура соҳибини жаннатга киритгунча тортишади. Бу Таборак сурасидир”, дейилган (Имом Табароний ривояти).
Анас ибн Нуфайлдан ривоят қилинишича, қиёмат куни бир банда тирилтирилади. У биронта ҳам гуноҳни қолдирмай ҳаммасини қилганди. Бироқ Аллоҳни ягона деб билар, Қуръоннинг фақат битта сурасини ўқирди. Уни дўзахга киритиш буюрилади. Шунда ўша кишининг ичидан бир нарса учқундек отилиб чиқиб: “Ё Аллоҳ! Мен Пайғамбаринг алайҳиссаломга нозил қилганинг (Қуръондан) бир сураман. Мана бу банданг мени ўқирди”, дейди. Ўша сура бандани жаннатга киритгунича шафоат қилади. Таборак сураси (Аллоҳнинг изни билан бандани азобдан) қутқаради (Имом Дайламий ривояти).
Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен (Таборак сураси) умматимдан ҳар бир мўмин банда қалбида бўлишини хоҳлардим”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти).
Од қавми ва Ҳуд алайҳиссалом қиссаси
Азизхўжа домла Иноятов
"Чор Бакр" жоме масжиди имом-хатиби.
«Ва Одга ўз биродари Ҳудни (юбордик). У: "Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилинглар. Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқ. Тақво қилмайсизларми?!" - деди» (Аъроф сураси, 65-оят).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Рамазон – дуо ойи: Аллоҳдан мағфират сўраш
رَبَّنَا ظَلَمْنَا أَنْفُسَنَا وَإِنْ لَمْ تَغْفِرْ لَنَا وَتَرْحَمْنَا لَنَكُونَنَّ مِنَ الْخَاسِرِينَ
Ўқилиши: Роббанаа золамнаа анфусанаа ва ин лам тағфир ланаа ва тарҳамнаа ланакуунанна минал хоосирийн
Маъноси: “Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен бизни мағфират қилмасанг ва бизга раҳим қилмасанг, албатта, зиён кўрганлардан бўламиз” (Аъроф сураси, 23-оят).
رَبَّنَا فَاغْفِرْ لَنَا ذُنُوبَنَا وَكَفِّرْ عَنَّا سَيِّئَاتِنَا وَتَوَفَّنَا مَعَ الْأَبْرَارِ
Ўқилиши: Роббанаа фағфир ланаа зунуубанаа ва каффир ъанна саййиаатина ва таваффанаа маъал аброр.
Маъноси: “Роббимиз, бизнинг гуноҳларимизни кечиргин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда яхшилар билан бирга ўлдиргин” (Оли Имрон сураси, 193-оят).
Рамазоннинг дастлабки 10 кунида Пайғамбаримиз масжидига 10 миллион намозхон ташриф буюрди
Рамазон ойининг дастлабки 10 кунида Мадина Мунавварадаги Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидларига (“Масжидун Набавий”) 10 миллионга яқин намозхон ташриф буюрди.
“Масжидул-Ҳаром” ва “Масжидун-Набавий” ишлари бўйича Бош бошқармаси 10 кун ичида Пайғамбаримиз масжиди жами 9 миллион 818 минг 474 нафар мусулмонни қабул қилганини маълум қилди, дея хабар бермоқда “IslamNews” “Siasat” нашрига таяниб.
Рамазон ойининг 10 кунида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидлари ҳудудида 195 800 идишда замзам суви, масжиднинг махсус ажратилган жойларида рўзадорларга 2 908 530 дона ифторлик таомлари тарқатилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Вакилимиз халқаро Қуръони карим мусобақасида иштирок этмоқда
Жорий йилнинг 31 март куни Иордания пойтахти Аммон шаҳридаги “ал-Малик ал-Муассис” жоме масжидининг Ислом маданияти маркази залида Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш ва тажвид асосида тиловат қилиш бўйича 31 халқаро Ҳошимийлар мусобақаси бошланди.
Иорданиядаги Вақфлар, исломий ишлар ва муқаддас жойлар вазири Муҳаммад Aл-Халайлиҳ очилиш маросимида мусобақанинг бу йилги даврасида 48 мамлакатдан 49 нафар иштирокчи қатнашишини таъкидлади. Бу Иордания Ҳошимийлар Қироллиги раҳбариятининг Қуръон тиловати, уни ёд олиш ва Аллоҳнинг Каломига эътибор қаратишга бўлган иштиёқидан далолат беради.
Ал-Халайлиҳ Қуръони карим мусобақасини халқаро миқёсда ўтказишдан мақсад Aллоҳ таолонинг Китобини кенг тарғиб қилиш, Қуръони карим ва ундаги фазилатлар ва қадриятларни ҳаётимизга соғлом ёндашув сифатида қарор топтириш эканини маълум қилди.
Мазкур халқаро мусобақада Иордания Вақфлар вазирлиги Бош котиби Aбдулла ал-Aқил, Ҳаж ва Умра ишлари раҳбари Мажди ал-Батоуш, Закот жамғармаси мудири Aбд Самират, Ҳаж жамғармаси мудири Фуад Курий, Вақф маблағларини ривожлантириш бўлими бошлиғи Юсуф ал-Қузот, Бош котибнинг бошқарув ишлари бўйича ёрдамчиси Ҳатим ас-Суҳаимат ва иштирокчиларнинг яқинлари иштирок этмоқда.
Ушбу нуфузли мусобақада вакилимиз Тошкент ислом институти “Таҳфизул Қуръон кафедраси” талабаси Саъдулло қори Солижонов ҳам қатнашмоқда.
Аллоҳ таолодан қоримизга ушбу нуфузли халқаро мусобақада муваффақиятлар ва зафарлар ато этишини сўраб қоламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати