muslimuz
Халқаро Қуръон мусобақасида Олий маъҳад ўқитувчиси қатнашади
Эртага, 17 февраль шанба куни Иордания пойтахти Аммон шаҳрида Иордания Ҳошимийлар Қироллигидаги Вақфлар, Ислом ишлари ва Муқаддас жойлар вазирлиги томонидан аёл-қизлар ўртасида 18-халқаро Қуръони каримни ёддан ўқиб бериш ва тиловат қилиш бўйича мусобақа бошланади.
Вазирлик матбуот котиби доктор Aли ал-Дақамсеҳ баёнотида мазкур мусобақанинг 22 февраль, пайшанба кунига қадар давом этиши ва вазирлик томонидан ўтказиладиган катта байрамда ғолибларга совғалар тақдим этилишини маълум қилди.
Ушбу мусобақада Ўзбекистон вакили сифатида Тошкент ислом институти “Қуръони карим ва тажвидни ўргатиш ўқув курси” ўқитувчиси Шоҳиста Нурматова иштирок этади.
Аллоҳ таоло қориямизга нуфузли мусобақада муваффақият ато этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Фарз намозларидан аввал ва кейинги суннат намозлари
Cавол: Фарзлардан аввал ва кейин ўқиладиган суннатларнинг қандай фазилати бор? Уларни ўқимаса ҳам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Мазкур суннатларнинг фазилати катта. Бир қанча ҳадиси шарифларда уларни доим ўқиб юришга кучли тарғиб бор. Уларни узрсиз тарк қилишни уламолар макруҳ дейдилар.
Бизнинг ўлкаларда фарз намозларидан аввал ва кейин ўқиладиган намозларни суннат, бошқа ихтиёрий намозларни эса нафл намозлар деб аталиши урфга кирган. Аслида фарз намозлардан аввал ва кейин ўқиладиган нафл намозлар таъкидланган суннатлар (суннатул ҳуда)га киради. Таъкидланган суннатларни Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам доим ўқиб юрганлар, жуда кам ҳолатларда тарк қилганлар.
Суннати муаккаданинг ҳукми шуки, унга амал қилган одам савоб олади. Уни тарк этган киши эса маломат қилинади. Агар тарк этиш такрорланаверса, гуноҳкор бўлади (“Умдатур-риоя” китоби).
Мазкур суннатлар ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ким бир кеча ва кундузда (фарздан ташқари) ўн икки ракат намоз ўқиса, унга жаннатдан уй қурилади. Пешиндан олдин тўрт ва кейин икки ракат. Шомдан кейин икки ракат, Хуфтондан кейин икки ракат. Бомдоддан олдин икки ракат” (Имом Термизий ривояти).
Бу ҳадисни эшитган Умму Ҳабиба онамиз разияллоҳу анҳу: “Шундан кейин уларни доимо ўқиб келмоқдаман”, деганлар.
Ҳанафий мазҳабимизда ушбу ривоятни, тўлиғича ҳаётга татбиқ қилинган. Ушбу ҳадисда фарз намозларига тобеъ суннатларни доимий равишда ўқиб боришга қаттиқ тарғиб ва улкан ваъда бор. Бу ваъда – жаннатда ушбу намозлар учун мукофот тариқасида Аллоҳ таоло томонидан қуриб бериладиган алоҳида уй (қаср)дир. Шунинг учун ҳам Умму Ҳабиба онамиз, ушбу ҳадисни эшитганларидан бошлаб, у намозларни асло қолдирмай адо қилганлар.
Ҳанафий мазҳабида энг таъкидланган суннат – бомдоднинг суннатидир. Пайғамбаримиз бу ҳақида бундай дейдилар: “Бомдоднинг икки ракати (суннати)ни, агар сизларни отлиқлар қувиб келса ҳам, тарк қилманглар!” (Имом Аҳмад ва Имом Абу Довуд ривояти).
Фарздан аввалги суннатларнинг вақти намоз вақти киргандан токи фарз намози бошлангунча, фарздан кейинги суннатларнинг вақти, фарздан кейин токи намоз вақти чиққуничадир. Жумҳур уламо суннат намозларини узрсиз тарк қилишни макруҳ кўрганлар. Баъзи фуқаҳолар суннат намозларини тик туришга қодир бўла туриб, ўтириб ўқиш макруҳлигини баён қилганлар (“Кувайт фиқҳ энциклопедияси”).
Ушбу суннатлар бир томондан фарзга; хушу ва хузуга тайёргарлик бўлса, бошқа томондан фарз намозда баъзи қусур ва камчиликлар содир бўлса, ўрнини тўлдириш вазифасини ўтайди. Шунинг учун ҳам шариатда бу намозларни “мукаммилот” – тўлдирувчи намозлар деб аталади.
Яна бир муҳим жиҳат Ҳанафий мазҳабимизда фарздан кейинги суннатларни фарзнинг изидан дарҳол ўқилади. Фақат ҳадиси шарифга мувофиқ уларнинг ўртаси қуйидаги калималар билан бўлинади. Савбон разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам фарз намозни тугатганларида уч марта “Астағфируллоҳ”дер эдилар ва: “Аллоҳим, сен Салом (саломатлик берувчи)сан, салом (яъни, саломатлик) сендандир, сен муборак бўлдинг, эй, жалол ва икром эгаси!” (Имом Муслим ривояти).
Юқоридаги маълумотларга биноан, фарзлардан кейинги суннатларни масжидда ўқиш суннатга зид эмаслиги ва мазҳабимиз қонун-қоидаларига мувофиқ келишини таъкидлаб ўтамиз. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази.
Кундалик ишлардан ажралмай фарзандигизни тарбия қилинг
Кўпчиликдан “Фарзандингиз тарбиясига қанча вақт ажратасиз?” деб сўралса, ишлари кўплигини ёки ишдан кеч қайтишларини, аёллар эса, уй-рўзғор ишларидан бўшамасликларини баҳона қилишади. Аслида бу гапларнинг барчаси бекорчи гаплардир. Чунки фарзанд тарбияси кунда бир-икки соат шуғулланиш билан битадиган иш эмас. Фарзанд тарбияси ота-онанинг ўзи амалда яшаб кўрсатадиган, узоқ вақт-ойлаб, балки йиллаб давом этадиган жараён ҳисобланади.
Сиз уйда ўз ишларингиз билан машғул бўлган вақтингизда ёки кўча-кўйда, бозор-ўчарда юра туриб, фарзандингизга бир умрга татигулик тарбияни, сабоқни беришингиз ҳам мумкин.
Фарзандлар билан ўз ишларини маслаҳат қилиш ҳам тарбиянинг энг самарали усулларидандир. Болаларга ишда ёки кўчада содир бўлган воқеани, мураккаб жараённи айтиб, муаммони уларнинг эркин фикрига тақдим қилиш ва улардан бунга ечим сўраш, кейин уларнинг маслаҳатига кўра амал қилиш кўп ҳолатларда болаларнинг эрта ёшда масъулиятни ҳис қиладиган тартибли, интизомли бўлиб ўсишларига сабаб ўлади.
Қуйида фарзандларини кундалик турмушнинг турли жабҳаларида, йўл-йўлакай тарбия қила олган кишиларнинг тажрибаларидан намуналар тақдим қиламиз.
Даладаги кенгаш мажлиси
Отам оддий бир деҳқон эдилар. Эрталабдан кечгача далада вақтлари ўтарди. Биз оилада 10 нафар фарзанд эдик. Отам ҳаммамизни далага ўзлари билан олиб чиқардилар. Кейин даладаги ишларни бизга маслаҳат солардилар. Бу мавсумда нима экамиз, ерга қандай ишлов берамиз, дорини қандай ва қайси пайтда сепишимиз керак, экинни қачон суғорамиз, қўшнилар билан сув навбатини қандай ташкил қиламиз, шударнинг барчасини маслаҳатлашардик.
Дадам бизнинг, ҳатто, энг кичик укаларимнинг ҳам фикрларини эътибор билан эшитар, кейин “Ҳа, яхши гаплар бўлди, баракалла!” деб ҳаммамизни умумий мақтардилар. Биз бу олқишларни эшитганимиздан сўнг кучимизга куч қўшиларди, яна янги қувват билан, шижоат билан ишга киришиб кетардик.
Маълумки, далада иш кўп бўлади. Дадам ҳаммамиз йиғилган пайтимиз фалон ишни ким қилади, фалон юмушни ким зиммасига олади деб ишларни ҳам тақсимлаб берардилар. Шунда ҳаммамиз ўз ишимизни масъулият билан бажарар, ишларни бажаришда ҳамма ўз вазифасини билгани учун сансоларлик ҳам бўлмас эди.
Ўқиш-ёзишни ҳам билмайдиган марҳум отам бизни мана шундай ҳиқматли услублари ила аҳил-иноқ жамоага айлантириб қўйгандилар.
Отам ўтиб кетганларидан кейин ҳам ўша далада ўтириб ўтказган маслаҳат мажлисларимизни кўп эслайдиган бўлдик. Бундай оилавий маслаҳат кенгаши бизга одат бўлиб қолганди. Қалбларимиз шундай ўтиришларни қўмсарди. Шу сабаб отамдан кейин ҳам ўшандагидек мажлисларни тўхтатмадик. Ака-укалардан қайси биримиз ер, ҳовли ёки машина сотиб олмоқчи бўлсак ёки ичимиздан кимдир ўғил уйлантирмоқчи, қиз чиқармоқчи бўлса ҳам барча жигарларни йиғиб маслаҳат қилишга одатландик.
Отам бизга ўша дала суҳбатларини бошлаб берганларидан бери 30 йилдан кўпроқ вақт ўтибди. Аллоҳга шукрки, ҳали ҳануз бир тану бир жон бўлиб, бир-бирмизни яхши кўриб, қўлимиздан келганча бир-биримизга керакли маслаҳатлар, ёрдамлар бериб ҳаёт кечирмоқдамиз.
Доктор Абдуллоҳ Муҳаммад Абдулмуътининг
"Фарзанд тарбиясида 700 та сабоқ" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Камронбек Ислом таржимаси.
Онангизга раҳматингиз шу бўлдими?
Бир яшар пайтингиз онангиз сизни озиқлантириб, ювиб-таради. Сиз эса унга туни бўйи йиғлаш билан “раҳмат” айтдингиз!
Икки ёшга тўлганингизда сизга юришни ўргатди, сиз эса ундан қочиш билан “раҳмат” айтдингиз.
Уч ёш бўлганингизда сизга ширин овқатлар ейишни ўргатди, сиз эса унга товоқларни ерга отиш билан “раҳмат” дедингиз!
Тўрт ёшга тўлганингизда расм чизишингиз учун сизга қалам тутқазди, сиз эса деворларни бўяб унга “раҳмат” айтдингиз!
Беш ёшга етганингизда онангиз сизга энг чиройли кийимларни кийдирди, сизнинг “раҳматингиз” эса уларни обдон кир қилиш бўлди!
Олтига кирганингизда сизни мактабга ёздирди, сиз эса “Бормайман” дея қичқириб, унга “ташаккур” изҳор этдингиз…
Ўн ёшга тўлганингизда сизни бағрига босиш учун мактабдан қайтишингизни кутиб ўтирарди… Сиз бўлса унга ҳатто қайрилиб ҳам қарамай хонангизга кириб кетдингиз. “раҳматингиз” шу бўлди…
Йигирмага кирганингизда у билан бирга қариндошларникига боришингизни хоҳларди. Сиз эса дўстларингиз билан ўтирдингиз!
Йигирма бешга тўлдингиз, онангиз сизни уйлантириш ҳаракатлари билан тинмади, сизга ҳар тарафлама ёрдам берди. Сиз-чи? Тўйдан кейин узоқроқ жойдан уй олиб кўчиб кетдингиз. “Раҳматингиз” шу бўлди…
Ўттизга кирганингизда сизга фарзанд тарбияси тўғрисида насиҳат қилса, “Оилавий ишларимизга аралашманг”, деб жеркиб бердингиз!
Ўттиз бешга тўлдингиз, онаи зорингиз сизга қўнғироқ қилиб, у билан бирга кечки овқат қилишингизни сўраб, уйга чақирди. Сиз эса “Шу кунларда бандман”, дея унга “ташаккур” айтдингиз!
Қирқ ёшга етдингиз, онангиз сизга қўнғироқ қилиб, касал эканини, парваришингизга муҳтож эканини айтди. Сиз эса болаларингизни рўкач қилиб, бормаслигингизни айтдингиз ва шу сизниниг раҳматингиз бўлди!
Бироқ шундай бўлса ҳам бир кун вафот этсангиз, онангизнинг сизга бўлган меҳр-муҳаббати унинг қалбидан ажралмаган бўлади!
Азиз биродар, агар онангиз ёнингизда бўлса, уни асло ташлаб кетманг, унга меҳр кўрсатишни унутманг, уни рози қилиш учун саъй-ҳаракат қилинг. Зотан сизнинг биттагина онангиз бор!
Узоқ йиллар ўтиб онангиз вафот этса, унга озор берган ҳар бир айтган сўзингиз, ҳар бир қилган ишингизга надомат қиласиз. Лекин унда надомат фойда берармиди?!
Ота-оналаримиз ҳақларида Аллоҳдан тақво қилайлик!
Доктор Ҳассон Шамси Пошонинг "Метин қоялар" китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Неъматуллоҳ Исомов таржимаси.
Диний соҳа ходимлари спорт ўйинларида беллашди
Жорий йилнинг 10 февраль куни Навоий вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Дин ишлари бўйича қўмитанинг вилоят бошқармаси ҳамда унинг туман, шаҳар бўлимлари мутахассислари ва Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Навоий вилоят вакиллиги тасарруфида фаолият юритаётган имом-хатиблар ва уларнинг ноиблари иштирокида спортнинг мини футбол, шахмат-шашка, миллий спорт ўйинларининг тош кўтариш туридан “Спорт – соғлик гарови” шиори остида спорт мусобақалари ташкил этилди.
Қизғин кечган баҳсларда беллашувлар муросасиз бўлиб ўтди. Якунда мини футбол бўйича Навбаҳор туман жамоаси 1-ўринни, Кармана туман жамоаси 2-ўринни, Нурота туман жамоаси эса 3-ўринни эгаллади.
Шахмат-шашка баҳсларида эса ғолибликни Қизилтепа туманидаги “Хўжа Ҳасан Андоқий” масжиди имом ноиби Х.Эрматов 1-ўринни, 2-ўринни Хатирчи туманидаги “Абу Ханифа” масжиди имом-хатиби Қ.Саъдинов эгалладилар.
Мусобақанинг тош кўтариш тури ҳам қизғин бўлди. Диний ишглари бўйича қўмита мутахассислари, имом-хатиб ва ноиблар ўз жисмоний кучларини синаб кўрдилар. Якуний натижаларга кўра ғолибликни вилоят бош имом-хатиби, Навоий шаҳридаги “Ҳазрат Алишер Навоий” жоме масжиди имом-хатиби Тоир домла Рўзиев, 2-ўринни эса “Изомиддин Мударрис” масжиди имоми Маматов Мансур қўлга киритдилар.
Мусобақа сўнгида барча ғолиб ва совриндорларга вилоят ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва Маърифат маркази Навоий вилоят бўлими томонидан эсдалик совғалари улашилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати