muslim.uz

muslim.uz

Понедельник, 30 Апрель 2018 00:00

Қорақалпоқ элида катта шодиёна

28 апрель қорақалпоғистонликлар ҳаётида қувончли кун бўлди. Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида 21-24 апрель кунлари бўлиб ўтган «Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018» танловининг мутлақ ғолиби, Президент совғаси соҳиби Йўлдошбой Нуриддинов тантанали равишда кутиб олинди.

Маросимда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти, “Имом эшон Муҳаммад” жоме масжиди, Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юрти вакиллари, шаҳар ва туман имом-хатиблари, нуронийлар, республиканинг барча ҳудудидан келган қалби Қуръонга ихлосли бўлган мухлислар иштирок этдилар.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари М.Алеуов мусобақа ғолибини эришган ютуқлари билан табриклаб, юртбошимизнинг ёшларга бўлган эътибори, уларни илм олишга қизиқтириш учун яратилаётган имкониятлар, шароитлар, ташкил этилаётган ҳар хил йўналишдаги танловлар ҳақида сўз юритди.

Ундан кейин табрик сўзини Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиёти қозиси Шамсуддин Баҳоуддинов давом эттириб, бу ютуқ бутун қорақалпоқ халқининг ютуғи эканини, муфтий ҳазратларининг қорақалпоқ элини чин юракдан табриклаганларини алоҳида айтиб ўтди.

Куннинг иккинчи ярмида Йўлдошбой қори Нуриддинов ўзи ўқиб таълим олган даргоҳ – Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний номидаги ўрта махсус ислом билим юртига борди. Илмнинг сир-синоатларини ўргатган устозлари ва мадраса талабалари билан учрашиб, мусобақа таассуротлари, иштирокчи қорилар ва бугунги кунда мадрасадаги таълим жараёни ҳақида суҳбатлашди.

Байрам қувончлари давом этиб, Қорақалпоғистон мусулмонлари қозиётининг ташаббуси ва сайъ-ҳаракатлари ила республика имом-хатиблари, мадраса устозлари, шаҳар ва тумандан келган барча ихлосмандлар Йўлдошбой Нуриддинов туғилиб ўсган Тахиоташ тумани «Кенегес» овулига ташриф буюрдилар. Қуръонга бўлган муҳаббатини бутун дунёга кўрсата олган оддий овул боласини кутиб олишга тайёргарлик ишлари козиёт томонидан аъло даражада ташкиллаштирилиб халкга ош тарқатилди. Йўлдошбойнинг бу ютуғидан ҳамманинг қувончи чексиз бўлди.

Барча учрашув ва тадбирларда Йўлдошбой таълим олаётган Олий маъҳад домлалари, Йўлдошбойнинг севимли устозлари Жаҳонгир қори билан Аҳмаджон қорилар ҳам иштирок этиб қорақалпоқ халқининг хурсандчилигига шерик бўлдилар.

 

Юсуф САБУРОВ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида жорий йилнинг 21-24 апрель кунларида Ўзбекистон Мусулмонлари бошқармаси томонидан ташкиллаштирилган Қуръон мусобақасининг “Ҳифз” йўналиши бўйича биринчи ўрин соҳиби, мусобақанинг мутлақ ғолиби Тошкент Ислом институти талабаси, қорақалпоғистонлик Жолдасбой Нуритдиновни қабул қилиш маросими бўлиб ўтди. 

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов мусобақа ғолибини ажойиб ғалаба билан табриклаб, ҳурматли Президентимизнинг раҳбарлигида мустақил давлатимизда диний ва миллий қадриятларимизни қайта тиклаш, буюк боболаримиз томонидан қолдирилган бой илмий-маънавий меросни ўрганишга қаратилаётган алоҳида эътиборни таъкидлаб ўтди. 

Юртбошимизнинг ташаббуси билан ўтказилган ушбу мусобақа Қорақалпоғистон Республикасининг вакиллари учун жуда муваффақиятли бўлди. Жумладан, Жолдасбой Нуритдинов мутлақ ғолиб сифатида Президентимизнинг совғаси “Жентра” автомашинаси билан тақдирланган бўлса, 18-25 ёшдаги эркаклар ўртасида “Тиловат” йўналиши бўйича яна бир Қорақалпоғистон вакили Нурмуҳаммед Аметниязов учинчи ўринни, диний таълим муассасаларининг талабалари ўртасида “Тиловат” йўналиши бўйича Муҳаммад ал-Беруний ўрта махсус Ислом билим юртининг талабаси Ҳамидуллоҳ Ҳикматуллаев иккинчи ўринни эгаллади. 

Мусобақанинг мутлоқ ғолиби Жолдасбой Нуритдинов 1995 йил 9 январьда Хўжайли туманининг Кенегес қишлоғида туғилган. 2010-2014 йилларда Нукус шаҳар Ислом билим юртида таълим олган. Ҳозирги вақтда Тошкент Ислом институти талабаси.

 

 

2011 йил ХХI республика Қуръон мусобақасининг, 2012 йил XXII республика Қуръон мусобақасининг ғолиби бўлган бўлса, 2013 йилда Қувайт давлатида бўлиб ўтган халқаро Қуръон мусобақасига қатнашиб, дастлабки ўнликдан ўрин эгаллаган. Бундан ташқари, 2016 йил Тошкент Ислом институтида бўлиб ўтган “Қуръон зиёфати” танловида, шу йилнинг ўзида ушбу институтда бўлиб ўтган дастлабки Азон айтиш мусобақасида ғолиб бўлган. 

Ўз навбатида, мусобақа ғолиби Жолдасбой Нуритдинов алоҳида эътибори учун Жўқорғи Кенгес Раисига миннатдорчилик билдирди. 
 
Қабул якунида ғолибга эсдалик совғалар топширилди. 
 
 
  
 
А.Насирлаев, ЎзА
 

Инсон хотираси билан азиз саналади, миллат эса хотираси ва тарихи билан улуғланади. Шу боис ҳам ҳар йили 9 май санаси Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланиб келинади. Бу сана халқимиз – катта-кичик, ёшу қари, жамиятимизнинг барча аъзолари томонидан ўтганларни хотирлаш ва руҳини шод этиш, Ватан тинчлиги йўлида фидойилик кўрсатган, юрт тараққиётига ҳисса қўшаётган кишиларни қадрлаб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиладиган кун сифатида эъзозланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги Фармони бугунги тинч ва осуда кунларимиз учун курашган, фидокорона меҳнат қилган юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, тинчлик-осойишталик йўлида жонини фидо қилган аждодларимиз хотирасини ёд этиш халқимизга хос азалий қадрият эканининг яна бир тасдиғи бўлди.

Ана шу эзгу мақсад йўлидаги хайрли ишлар юртимиз бўйлаб давом этмоқда. Жасур қаҳрамонларимиз хонадонларига кўнгил сўраганлар, узоқу яқиндан меҳмонлар келишмоқда. Уларнинг ҳолидан хабар олиб, кўнгилларини кўтаришмоқда.

Ана шундай хайрли ишларда имом-домлаларимиз ҳам фаоллик кўрсатишмоқда. Жумладан, Тошкент вилояти Бўка туманидаги “Қодирхон махсум” жоме масжиди жамоаси “Ачамайли файзбарака” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи 1924 йилда туғилган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси  Турғунбой ота Чинтоев хонадони йўқлаб боришди.

Масжид фаоллари отахондан ҳол-аҳвол сўраб, у кишига ўзларининг ҳадяларини улашишди.

Суҳбат асносида, Турғунбой ота Тошкент вилояти раҳбарлари Президентимизнинг пул мукофотларини топширишганидан ва ўзлари хизмат қилган давлатларга саёҳат қилиш таклифи билдирганларидан бошлари кўкка етганини айтдилар. Отахон 94 йил яшаб ҳеч  бундай хурсанд бўлмаганман, болам, деб қувончларини изҳор қилдилар. Турғунбой ота: Ўтган йили Президентимиз ўзлари уруш қатнашчиларини  меҳмон қилдилар. Мени хурсанд қилган ҳолат: Юртбошимиз мени бағриларига босиб, табрикладилар. Айниқса, иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини муборак ҳаж сафарига юборишлари бу тарихда кузатилмаган ҳодиса бўлди, бундай эҳтиромдан хурсанд бўлмай бўладими, болам”, кўзларида ёш билан Президентимизни дуо қилдилар.

 

Азимжон АЛИМЖОНОВ

Бука тумани "Қодирхон махсум"

жоме масжиди имом-хатиби

Понедельник, 30 Апрель 2018 00:00

Туркия Президенти Тошкентга келди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон 29 апрель куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
 
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди. 
 
Тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг Туркия делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.
 
Аввал хабар берилганидек, олий даражадаги сиёсий мулоқотда кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўллари, икки томонлама муносабатларнинг янги истиқболларини белгилаш ва ривожлантириш масалаларини муҳокама қилиш режалаштирилган. Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик, жумладан, глобал ва минтақавий хатар ва таҳдидларга қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
 
Шунингдек, ташриф доирасида Туркия Президенти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлисида сўзга чиқиши, Ўзбекистон ва Туркиянинг етакчи банклари, компания ва фирмалари вакиллари иштирокидаги бизнес форумида қатнашиши кўзда тутилган. 
 
Ташриф дастуридан Туркия делегациясининг Бухоро шаҳрида бўлиши ҳам ўрин олган.
 
Ташрифнинг асосий тадбирлари 30 апрель ва 1 май кунларига белгиланган.
 
Манба: http://www.uza.uz
Воскресенье, 29 Апрель 2018 00:00

Фатво ҳайъатига келган саволлар

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Ассалому алайкум саволим бор эди дугоналаримдан эшитишимча бирон ишни режалиштирган бўлсангиз лекин уни амалга оширишга иккиланаётган бўлсангиз истихора намозини ўқисангиз тушингизга аён берар экан шу ростми. Истихора намози ўзи қанақа ва бу ҳақида менга тўлиқ маълумот бера оласизми? Жавоб учун олдиндан катта раҳмат.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан нақл қилинган ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларга ҳар бир ишда , худди Қуръондан сура ўргатгандек истихора қилишни таълим берардилар”, дейилган . Истихора – яхшиликни талаб қилиш деганидир. Яъни бир ишда иккиланган киши унга киришдан аввал икки ракат намоз ўқийди. Шундан сўнг қуйдаги дуони қилади: “Аллоҳим! Албатта, мен Сендан илминг ила истихора қиламан. Сенинг қудратинг ила қудрат сўрайман. Сендан улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодир бўлурсан, мен қодир бўлмасман. Сен билурсан, мен билмасман. Сен ғайбларни ўта яхши билувчи Зотсан. Аллоҳим! Агар ушбу иш менга динимда, тирикчилигимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) яхши эканлигини билсанг, уни менга тақдир қилгин, менга осон қилгин, сўнгра уни мен учун баракали қилгин. Агар ушбу иш мен учун динимда, тирикчилигимда ва ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю келгусида) ёмон эканлигини билсанг, уни мендан буриб юбор, мени ундан буриб юбор. Ва менга қаерда бўлса ҳам яхшиликни тақдир қил. Сўнгра мени унга рози қил” Намозни ўқиганидан сўнгАллоҳ таоло ихтиёр қиладиган нарсани кутиб юради. Кейин кўнглига тушиб, ўзига маъқул бўлиб, қилгиси келиб қолса, шу ишни қилади. Агар иш бир тарафга бўлмай туриб қолса, истихора намозини яна қайтадан ўқийди. Қайта ўқиш етти мартагача бўлади.Истихора қилгандан кейин унинг натижасининг тушда аён бўлиши шарт эмас.

Савол: Ассаламу алайкум Аллоҳ илмингизни зиёда қилсин саволим шуки қиз бола унаштирилганидан сўнг бўлажак турмуш ўртоғи билан гаплашиб турса бўладими агар тўйгача вақт бўлса бунинг хукми қандай? Жавоб берасиз деган умиддаман олдиндан раҳмат.

Жавоб: Ва алайкум ассалом. Йўқ бўлмайди, чунки улар ҳали бир-бирларига номаҳрамдир.

Савол: Ассалому алайкум! 1)Нафл рўзани кундузи дуо қилиб тутса ҳам бўлар экан, қазо бўлган рамазон рўзасиничи? 2)Нафл рўза тутгандан кейин оғизни қачон очиш керак? Шом вақти киргандами? 3) Сақич чайнаса рўза очиладими? 4) Намозга таҳорат қилаётиб албатта бурун ва оғизга сув олиб чайқаймиз шунда сув ичкарига кетиб қолиши мумкин бунинг ҳукми нима болади? Жавобларингиз учун раҳмат Аллоҳ рози бўлсин!

Жавоб: Ва алайкум ассалом. 1. Нафл ва қазо рўзалар субҳдан ният қилиб тутилади. Ва шом вақти кирганда очилади. 2. Сақич чайнаш рўзани очади. 3. Рўзадор киши таҳорат олаётганида оғзи ва бурнидан сув кетиб қолишига эҳтиёт бўлиши лозим. Агар сув ютиб юборса ёки димоғдан кетиб қолса унда рўзаси очилади.

 

Барча жавобларга ўтиш

 

 

 

 

Янгиликлар

Top