muslim.uz
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон! (Шеър)
Яратганнинг бандаларга раҳмати,
Мағфиратдур мўминга ҳар заҳмати,
Тўсиб нордан рўзадорни шафқати,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.
Дил покланар кундузлари сиямдан,
Чексиз роҳат ёғар тунлар қиямдан,
Шукроналар қилгил бундай ниамдан,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.
Ҳар лаҳзаси чорлаб хайру сахога,
Тенглик бўлар бунда шоҳу гадога,
Ҳар ён тўлиб қуръоний хуш садога,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.
Қувиб ўздан лаин иблис шайтонни,
Бой бермагай оқил бундай имконни,
Дўст тутмагай асло беғам нодонни,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.
Ғаниматдур бу кунларга бўл толиб,
Саодатли дамларидан баҳр олиб,
Нафсинг билан жангда бўлгил сен ғолиб,
Кириб келди ойлар шоҳи Рамазон,
Қутлуғ бўлсин элга моҳи Рамазон.
Толибжон Рўзибоев
Жазоир телевиденияси рамазон ойида Ўзбекистон ҳақида кўрсатувларни эфирга узатади
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси таклифига биноан Жазоир Республикасининг “El Djazairia One” телеканали ижодкорлари ўлкамизнинг зиёрат туризми борасидаги салоҳиятини ёритиш мақсадида шу йилнинг май ойи бошида Ўзбекистонга ташриф буюришган эди. Меҳмонлар икки ҳафта мобайнида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива каби шаҳарларда бўлиб, юртимизнинг диққатга сазовор ерлари, тарихий обидаларимиз, бой маданиятимиз, миллий ҳунармандчилигимиз анаъналари ва ўзбек халқи ҳаёти ҳақида кўрсатувлар тасвирга олишган эди.
Ижодкорлар берган хабарларига кўра, ана ўша кўрсатувлар тайёр бўлган ва Ўзбекистон ҳақидаги туркум дастурлар рамазон ойи туҳфаси сифатида Жазоир Республикасининг El Djazairia One телеканалида ҳар куни эфирга узатилади. Энг қизиғи, улар Ўзбекистонга келишдан аввал Индонезия Республикасида бўлиб, худди шу йўналишда кўрсатувлар тайёрлашган, бироқ аввал Ўзбекистон жавоҳирлари ҳақидаги кўрсатувларни эфирга беришни маъқул кўрганликларини айтишди.
Қуйида кўрсатув анонсини кўришингиз мумкин:
Телеканалнинг Ўзбекистон ҳақидаги кўрсатувларини насиб бўлса сайтимиз орқали ҳавола этиб борамиз.
ЎМИ Тошкент шаҳар вакиллиги Матбуот хизмати
Фоторепортаж: Зангиота жоме масжидида таровеҳ намози
Online: Ҳазрати Имомда таровеҳ намози
Фидяни кимлар беради?
Қарилик сабабли умуман рўза тутишга ярамайдиган, кундан-кунга жисмонан заифлашиб бораётган кексалар ва сурункали касал бўлиб, тузалишига умид бўлмаган беморларга шариатимиз рўза тутмасликларига рухсат беради (“Баҳрур роиқ”).
Булар Рамазоннинг ҳар бир куни учун фидя берадилар. Фидя миқдори Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати томонидан милодий 2018 йил (ҳижрий 1439 йил) учун ўртача 12 000 (ўн икки минг) сўм, деб белгиланди.
Рўза тутишга ярайдиган қарияларга эса рўза тутиш фарз бўлади. Рўза тутишга қодир бўла туриб фидя берса, рўза ундан соқит бўлмайди ва фидяси ўз ўрнига тушмайди.
Маълум вақтлардан кейин тузаладиган касалликка чалинган шахсларга рўза тутиш зарар қилса, буларнинг ҳам рўза тутмасликларига шариатимиз рухсат беради. Аммо булар фидя бермайдилар, чунки қачондир тузалишларига умид бор. Тузалганларидан кейин қазо бўлган кунларнинг рўзасини тутиб берадилар.
Фидя берувчилар хоҳласалар, фидяларининг ҳаммасини бир қилиб, Рамазон ойининг бошида ёки охирида беришлари мумкин (“Фатовойи Ҳиндия”).
Фидя закот олиши мумкин бўлган кишиларга берилади.
Агар улар фидя беришганидан кейин қувватга тўлиб, рўза тутишга кучлари етадиган бўлиб қолишса, тутмаган рўзаларининг қазосини тутишлари керак (“Ниҳоя”).
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати