muslim.uz
Ер ўз ўқи атрофида айланадими?
Қуръони Карим бизга Ернинг доира шаклидалигини бир оятнинг ўзидагина эмас, балки, бир неча оятларда таъкидлаган. Чунки, бу – борлиққа оид улкан масаладир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримдан олдин нозил қилган барча қадимий китоблар инсоният томонидан ўзгартириб юборилган. Натижада дин билан илм ўртасида қарама-қаршилик юзага келган. Шунинг учун Қуръони Карим Ернинг юмалоқлигига далолат қиладиган далилларни кетма-кет келтиради.
لَا الشَّمْسُ يَنبَغِي لَهَا أَن تُدْرِكَ الْقَمَرَ وَلَا اللَّيْلُ سَابِقُ النَّهَارِ وَكُلٌّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ
“На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар”. (Ҳеч қачон қуёш ойга етиб олиб, бемаҳалда бош кўтариб қолиши мумкин эмас. Улардан ҳар бири Аллоҳ белгилаган вақтдагина чиқади. Бу, низом ҳатто дақиқаларигача аниқдир. Ундан кеч ҳам қолмайди, илгари ҳам кетмайди. Бу жараён дунё бунёд бўлганидан буён давом этиб келмоқда. Бирон марта бирон дақиқага ўзгарган эмас. Ушбу жараённи тақдир қилган зот ўликларни қайта тирилтиришга қодир эмасми?!) (Ёсин сураси, 40-оят).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада Қуръон нозил бўлаётган пайтда арабларда мавжуд бўлган нотўғри эътиқодга раддия қилган. Ўша пайтда араблар “Кеча олдин келади. Ундан кейин кундуз келади” дейишарди. Яъни кундуз кечадан ўзиб кетолмайди деб ўйлашарди. Аллоҳ таоло уларнинг ушбу хато эътиқодларини тўғрилаш учун:
وَلَا اللَّيْلُ سَابِقُ النَّهَارِ
“Кеча кундуздан ўзувчи эмас” деб марҳамат қилди.
Улар “Кундуз кечадан ўзиб кетолмайди” деб эътиқод қиляптилар. Лекин Аллоҳ таоло уларга “Кеча ҳам кундуздан ўзиб кетолмайди” деб марҳамат қилди. Бунинг маъноси – кундуз кечадан ўзиб кетмайди, кеча ҳам кундуздан ўзиб кетмайди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам Ер шари сатҳида мавжуддир.
Аллоҳ таоло борлиқни яратгандан кейин борлиқнинг яратилишида ёки унинг улкан қонуниятларида бирор ўзгариш содир бўлмади. Балки борлиқ яратилганидан бери ўзгармасдан, собит ҳолда ўта нозик низом асосида қиёматга қадар ҳаракат қилади.
Агар Ер бирор геометрик шаклда, масалан, учбурчак ёки бошқача шаклда бўлганида, борлиқ яратилаётган пайтда кундуз олдин бўлган бўларди. Лекин кеча ва кундузнинг Ер шари сатҳида бир вақтда биргаликда мавжуд бўлиши Ернинг доира шаклида бўлгани эътиборидандир. Шунинг учун бир вақтнинг ўзида Ер шарининг ярми ёруғ, ярми қоронғу бўлади.
Кеча ва кундуз эслатма олувчи учун кетма-кет келади
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ернинг дорисимонлигини ва айланишини таъкидловчи қуйидаги оятни нозил қилган:
وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِّمَنْ أَرَادَ أَن يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُوراً
“У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир” (Фурқон сураси, 62-оят).
Оятдаги “خِلْفَةً” (хилфа) калимасининг маъноси нима? Бунинг маъноси – кеча ва кундуз кетма-кет, бирининг ортидан бири келади дегани.
Мисол учун алмашиб навбатда турадиганларни олайлик. Бир қўриқчининг навбати келса, у ўзидан олдинги қўриқчидан кейин навбатда туради. Кейин учинчиси иккинчи қўриқчининг ўрнига келади ва ҳоказо.
Келинг, бир корхонани фараз қилайлик. У ерда 24 соат иш бўлади. Навбатчилар ҳар саккиз соатда алмашиб турса, тўртта қўриқчи кетма-кет навбатда турган бўлади. Аммо бир нарсани тушунайликки, корхона янги иш бошлаганда илк навбатда турган қўриқчи бирорта қўриқчининг ўрнига келган ҳисобланмайди. Чунки, корхонада ундан олдин қўриқчилик ташкил этилмаган эди. Агар биз корхонани ишга тушириб, янги қўриқчини қўйсак, ўша қўриқчи бирорта қўриқчига ўринбосар бўлмайди. Чунки, ундан олдин корхонада қўриқчилик йўлга қўйилмаган эди. Дунёдаги кўп ўринларда шундай ҳол юз беради. Бирининг ортидан бошқаси келади. Ўшандаям илк келгани бировнинг ўрнига келган бўлмайди.
Лекин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло:
وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِّمَنْ أَرَادَ أَن يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُوراً
“У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир” деб марҳамат қилган.
Яъни Аллоҳ таоло борлиқни яратганда, кеча-кундузни ҳам бирининг ортидан бошқаси келувчи қилиб яратган. Лекин биз юқорида айтганимиздек, яратишнинг аввалида бирин-кетинлик деган нарса бўлмайди. Чунки, илк яратилган нарса биринчиси бўлса, у нима нарсага ўринбосарлик қилади?! Бу ҳолат яратишнинг аввалида бўлади.
Лекин Аллоҳ таоло бизга яратишнинг аввалида кеча-кундузни бирин-кетин келувчи қилиб яратганини айтдими, демак, кеча-кундуз ўша пайтда бир вақтда яратилган. Бир пайтнинг ўзида бирин-кетинлик уларда бўлган. Аввал кундузни яратиб, кейин унинг ортидан кечани эмас, балки иккисини бир пайтда яратган. Аллоҳ таоло биринчи кундузни яратиб, кейин унинг ортидан кечани келувчи қилиб яратмади. Агар шундай бўлганда, кундуз кейин келувчи эмас, аввал келувчи бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло кечани олдин яратиб, кейин унинг ортидан келувчи қилиб кундузни яратмади. Агар шундай бўлганда, кеча кейин келувчи эмас, аввал келувчи бўлиб қоларди. Кеча-кундуз бир-бирига нисбатан бирининг ортидан бошқаси келувчи бўлиши учун улар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлишлари шарт.
Биз биламизки, Ер юзининг қаерида бўлмайлик, кеча ва кундуз бизни таъқиб қилади. Ер юзининг бирор жойида кеча бўлмай, доимий кундуз ҳукм сурмайди. Ёки бирор жойда кундуз бўлмай, доимий кеча ҳукм сурмайди. Балки, Ер юзининг ҳар бир жойида кеча ҳам, кундуз ҳам бўлади. Агар Ер ўз ўқи атрофида айланмасдан, собит турганида, кеча ва кундуз бир-биридан кейин келадиган бўлмасди. Агар Ер ўз ўқи атрофида айланмайдиган бўлганида, олам яратилгандан бери кундуз кечадан кейин келадиган, кеча кундуздан кейин келадиган бўлмасди.
Лекин кеча ва кундуз бир-бирининг ортидан келиши учун Ернинг айланиши, ўз ўқи атрофида айланиши шартдир. Шунда кеча ва кундузнинг кетма-кетлик ҳаракати пайдо бўлади.
Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг:
وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً
“У кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир” деган ояти икки маънони ўз ичига олади:
- Кеча ва кундуз бири иккинчисидан аввал эмас, балки, бир пайтнинг ўзида яратилган. Кеча ва кундузнинг бир пайтда мавжуд бўлиши эса Ернинг думалоқлигини ҳам ифода этади.
- Албатта, Ер ўз ўқи атрофида айланади. Шунинг натижасида кеча ва кундуз бирин-кетин бизни таъқиб қилади.
Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг
“Ал-адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳи” номли асаридан
Нозимжон Иминжонов таржимаси
Танишинг: Талҳа ибн Убайдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)
Исмлари Талҳа ибн Убайдуллоҳ ибн Усмон ибн Умар ибн Каъб ибн Саъад Тайим ибн Муррадир. Жаннат башоратини олган ўн саҳобанинг бирлари, милодий 595 йилда таваллуд топганлар. Кунялари: “Абу Абдуллоҳ”. “Абу Муҳаммад”, деганлар ҳам бор. “Талҳатул-хайр” (хайр-саховатли Талҳа) номи билан машҳур эдилар. Талҳа розияллоҳу анҳу қизғиш оқ юзли, ўрта бўйли, кенг елкали инсон эдилар. Талҳа розияллоҳу анҳу Жамал воқеаси куни 58 ёшида вафот этдилар. У зотнинг жанозаларини Али розияллоҳу анҳу ўқидилар.
Ориф АҲМЕДОВ
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Тиловат: билишимиз керак бўлган одоблар
Қуръон ўқувчи қори холис ният қилиши, тиловат одобларига амал қилиши лозим. У тиловат чоғида ўзини Аллоҳ таолога муножот қилаётгандек тутиши, Аллоҳни кўриб тургандек ҳолатда бўлиши керак. Гарчи у кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло бандани кўриб туради.
Қуръон тиловати ва қориларнинг одоблари:
– Қироатдан олдин оғиз мисвок ёки бошқа воситалар билан тозаланади. Мисвокнинг энг афзали арок дарахтидан олинганидир. Аммо тишларни тозалашда бошқа воситаларни ҳам ишлатса бўлади.
Агар оғизда қон ёки бошқа нарсалар бўлса, уни ювиб ташламай Қуръон тиловат қилиш макруҳ саналади;
– Қуръон таҳоратли ҳолда ўқилади. Агар сув топилмаса, таяммум қилинади. Жунуб ва ҳайз кўраётган аёл бир оят ёки ундан кам миқдорда бўлса ҳам ўқиши ҳаром. Аммо ҳарфларни талаффуз қилмасдан, қалбдан ўтказса бўлади. Шунингдек, бундай ҳолда Мусҳафга назар солиш ҳам жоиз.
Жунуб ва ҳайз кўрган аёл тасбеҳ, таҳлил, таҳмид, такбир айтиши ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот йўллаши мумкин. Бу тоифадагилар мусибат етганда Қуръон оятини ният қилмаган ҳолда “иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун”, дейиш жоизлигига уламолар иттифоқ қилишган. Шунингдек, улар уловга минишда “субҳааналлазий саххоро ланаа ҳаазаа ва маа куннаа лаҳув муқринийн”, деб айтишлари ва фақат дуо нияти билан “роббанаа аатинаа фид-дунйаа ҳасанатав-ва фил-аахирати ҳасанатав-ва қинаа азаабан-наар”, дейишлари ҳам жоиз;
– Қироат қилинадиган жой пок ва озода бўлиши лозим. Шунинг учун кўп уламолар масжидда Қуръон ўқиш мустаҳаб деганлар. Чунки масжид доимо озода бўлади. Бунда масжиднинг ҳурмати ва шарафи ҳам эътиборга олинади;
– Қуръон ўқувчи қироатни бошлашдан аввал “аъузу биллааҳи минаш-шайтонир рожийм”, дейди. Бу фикр жумҳур уламоларнинг сўзларидир.
Аллоҳ таоло айтади:
فَاسْتَعِذْ بِاللّهِ مِنَ الشَّيْطَانِ الرَّجِيمِ فَإِذَا قَرَأْتَ الْقُرْآنَ
“Қачон Қуръон ўқисанг, малъун шайтон (васвасаси)дан Аллоҳ паноҳ беришини сўрагин!” (Наҳл, 98).
Кўпчилик салаф уламолар тааввузни “аъузу биллааҳис-самийъил ъалийми минаш-шайтонир рожийм” тарзида айтишарди. Ушбу сийға (шакл) ҳам мақбул, лекин энг афзали биринчисидир (яъни, “аъузу биллааҳи минаш-шайтонир рожийм”).
Хоҳ намозда ёки бошқа ҳолатда бўлсин қироат аввалида таъаввузни айтиш мустаҳаб, вожиб эмас. Шунингдек, Тавба сурасидан бошқа ҳамма суралар аввалида “بِسْمِ اللهِ الرَّحْمَنِ الرَّحِيمِ” яъни, “бисмиллааҳир-роҳмаанир-роҳийм”ни айтиш лозим. Агар басмалани тарк қилса, кўпчилик уламоларнинг фикрича, Қуръоннинг одобини бузган ҳисобланади;
– Агар қори адашиб кетмаса, Қуръонни йўлда ёки сафарга кетаётганида қироат қилиши жоиз. Агар қироатда хаёли чалғиса ёки янглишса, у ҳолда йўлда тиловат қилиш макруҳ
وَعَنْ حُمَيْدٍ الأَعْرَجِ عَنْ مُجَاهِدٍ قَالَ: إِذَا تَثَاوَبْتَ وَأَنْتَ تَقْرَأُ فَأَمْسِكْ عَنْ الْقِرَاءَةِ حَتَّى يَذْهَبَ عَنْكَ. رَوَاهُ الْبَيْهَقِيُّ فِي شُعَبِ الإِيْمَانِ.
Ҳумайд Аърож Мужоҳиддан ривоят қилади: “Ўқиётганингда эснасанг, эснаш тўхтагунича қироат қилмай тур” (Байҳақий “Шуабул-иймон”да ривоят қилган).
Демак, эснаётганда Қуръон ўқиш мумкин эмас. Бунда тиловатни тўхтатиб туриб, оғизни ўнг қўл билан ёпиш керак. Бу ҳам одобдандир;
– Намоздан ташқари ҳолатда ҳам қиблага юзланиб тиловат қилиш мустаҳаб.
– Қуръон ўқувчи қори сокин ва виқор билан, бошини қуйи солиб, ўзини худди устози олдида ўтиргандек тутиши лозим.
Аллоҳ таоло айтади:
لِّأُوْلِي الألْبَابِ خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ وَاخْتِلاَفِ اللَّيْلِ وَالنَّهَارِ لآيَاتٍ إِنَّ فِي
الَّذِينَ يَذْكُرُونَ اللّهَ قِيَاماً وَقُعُودا وَعَلَىَ جُنُوبِهِمْ وَيَتَفَكَّرُونَ فِي خَلْقِ السَّمَاوَاتِ وَالأَرْضِ
رَبَّنَا مَا خَلَقْتَ هَذا بَاطِلاً سُبْحَانَكَ فَقِنَا عَذَابَ النَّار
“Албатта, осмонлар ва Ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи Зот мавжуд эканига) оят-аломатлар бордир. Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Аллоҳни зикр қиладилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): “Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилишдан)поксан! Ўзинг бизни жаҳаннам азобидан асрагин!” (Оли-Имрон, 190-191).
Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу: “Мен Қуръонни намозда ҳам, ётоғимда ҳам ўқийман”, деган.
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни унга қалбларингиз улфат бўлиб турганда қироат қилинг. Қачон ихтилоф қилсангиз туриб кетинг”, дедилар” (Икки шайх ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шарифни уламоларимиз икки хил таъвил қилганлар.
Биринчи таъвил: Қуръоннинг маънолари ҳақида иттифоқ бўлиб турганингизда қироат қилинг. Агар ихтилоф қилиб қолсангиз, талашиб-тортишиб жанжаллашмасдан ўрнингиздан туриб кетинг.
Иккинчи таъвил: Қуръонни қалбингиз унга иштиёқ қилиб, ошиқ бўлиб турганда ўқинг. Қачон малол кўришни сезсангиз ўрнингиздан туриб кетинг.
Албатта, бу икки маънога ҳам амал қилмоқ керак.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ чиройли овозли набийнинг овоз чиқариб Қуръонни оҳангли қилиб ўқиганига қулоқ солганчалик ҳеч бир нарсага қулоқ солмаган”, дедилар” (Учовлари ривоят қилган).
Ушбу ҳадиси шариф Қуръони каримни қоидаси билан чиройли қилиб қироат қилиш жуда ҳам марғуб амал эканига далилдир.
Абу Довуд ва Бухорийнинг ривоятида:
“Қуръонни овозларингиз ила зийнатланглар. Ким Қуръонни оҳанг билан ўқимаса биздан эмас”, дейилган.
Қуръони каримни қоидага мувофиқ қилиб оҳанг билин ўқимоқ даркор. Ким тажвид қоидаларига ва оҳанг билан қироат қилишга амал қилмаса макруҳ ишни қилган бўлади. Баъзи уламолар бу ишни ҳаром, ўшани қилган одам гуноҳкор, деганлар.
Қуръони каримни қоидага риоя қилмай ўқиётганларни кўрган кишилар уларга бу иш нотўғри эканини тушунтирмоғи лозим.
Аллоҳ таоло:
وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلاً
“Ва Қуръонни тартил билан тиловат қил” (Муззаммил, 4), деган.
Шарҳ: Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.
Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин- мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. Ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар.
Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У кишидан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари қандоқ бўлган, деб сўралганда, чўзиб ўқиш бўлган, деди ва Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, деб бисмиллаҳни чўзиб, ар-Роҳманни чўзиб, ар-Роҳиймни чўзиб қироат қилди» (Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилган).
Шарҳ: Албатта, Аллоҳ таоло Қуръони каримни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Жаброил алайҳиссалом орқали нозил қилган. У зот Қуръони каримни қандоқ қилиб қабул қилиб олган бўлсалар, худди шундоқ қилиб ўз саҳобаларига ўргатганлар. Саҳобаи киромлар эса худди ушбу ривоятда Анас розияллоҳу анҳу ўргатаётганларидек тобеинларга ўргатганлар. Ана шу тарзда Қуръони карим ва унинг қироати авлоддан авлодга омонат ила ўтиб келмоқда.
Хулоса килиб айтганда, Қуръони карим тиловати Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тиловатларига ўхшаши керак. Бунинг учун эса Қуръони карим ва унинг қироатини силсиласи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган устоздан ҳар бир ҳарфни, ҳар бир сўзни, ҳар бир оятни ўрганиш лозим бўлади.
Азизахон МЎМИНОВА,
Хадичаи Кубро ўрта-махсус ислом билим юрти талабаси
ЎМИ Матбуот хизмати
Мулоҳаза: тўйлардаги ўйларимиз
Маълумки, Яратган дунё аҳлига, жумладан инсон оламига бир қанча неъматларни ато этиб, уларни берилган неъматлардан оқилона фойдаланишга, тежаб-тергаб ишлатишга, исрофга йўл қўймасликка чақиради. Бу борада Қуръони каримда:
“...Шунингдек, еб-ичинглар, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исров қилувчиларни севмагай” (Аъроф сураси, 31-оят).
Айни пайтда ҳадиси шарифда: “Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга берилманглар” деб марҳамат қилинган.
Лекин, минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунга келиб аксарият холларда исрофдан сақланиш эътибордан четда қолмоқда. Айтишимиз мумкинки, исроф моҳияти шуни ифода этадики, исроф бўлаётган неъмат хох унинг баҳоси қиммат ёки арзон, нодир ёки сероб бўлишидан қатъий назар мақсадсиз истеъмол этиш исроф маъносини ифода этади.
Халқимиз тўй, турли муносабатлар билан ўтказиладиган маросимларни, шодиёналарни яхши кўради. Умри давомида меҳнат қилиб фарзанди учун тўй-хашамларига деб маблағ сарфлайди. Назар солсангиз, бу каби меҳр-мурувват таҳсинга лойиқ. Аммо, ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун бўлиш, тўй ва маросимларини бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали қиламан деб фарзандларининг бахтини ўйламай бир қанча исроф ишлар (сон-саноқсиз автоулов, бир неча юз нафар кишилар, бир қанча ҳофизларни жалб қилиш ва ҳоказо )га қўл уриб, натижада кўнгилсизликларга учраш эса ачинарли ҳол.
Аслида тўй-маросимларни меъёрида, дабдабасиз, исрофга йўл қўймаган ҳолда ўтказиб, тўйда сарфланадиган ортиқча маблағларни ёш келин-куёвларнинг келажак ҳаётларида асқотадиган зарур маиший жиҳозларга сарфланса қандай гўзал бўлар эди.
Мамлакатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев ҳам тўйларни ихчам, камчиқим ўтказиш бўйича вилоятларга борганларида фаоллар билан учрашганларида гапириб ўтдилар.
Бир донишманд айтганидек, “саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма”. Исроф саҳийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди. Пулини фақат ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларга харжлайди. Тежаган киши асло фақир бўлмайди, балки икки дунё саодатига эришишини таъкидлаб, муборак ҳадисларда “ Иқтисод қилган киши фақир бўлмайди”, деб марҳамат қилинган экан. Айнан шу маънода Абу Ҳанифа (р.ҳ): “Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳечқандай хайр йўқдир”, деган бўлсалар. Суқрот эса камхарж бўлиб қолганидан шикоят қилган кишига қарата: “ Исрофингга бир чегара қўйиб, маблағингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг яхшиланади”, деган экан. Донишманднинг тавсияси бугунги кунимизда хар қадамда исрофга йўл қўйиб, ҳаётининг қийинчилигидан шикоят қилаётган кишиларни тўғри йўлга чорлаётгандек бўлиши барчага сир эмас.
Дейлик, исроф деб фақат маблағ, бойлик ёки мулкни совуриш тушунилмайди. Ҳаётимиз учун зарур бўлган электр энергиясини тежаш, табиий газдан унумли фойдаланиш, ичимлик сувидан меъёрида фойдаланиш, қимматли вақтни беҳуда кетказиш каби фойдали ишларга сарфламаслик ҳам исрофнинг бир туридир. Барчаларимизга ҳаётда тежамкор ва тадбирли бўлишликни, муқаддас ўгитларга мувофиқ умр кечиришимизни насиб этсин деб сўраб қоламиз.
М. АЛОХЎЖАЕВ,
Наманган шаҳар “Абдулқодир қори”
жоме масжиди имом-хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Шавкат Мирзиёев эртага Жиззахга боради
Шавкат Мирзиёев Жиззахга ташриф буюради. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзининг саҳифасида хабар берган.
“Президент Шавкат Мирзиёев эртага, 30 март куни Жиззахга боради.
Вилоятнинг бугунги ҳаёти, белгиланган чора-тадбирлар ижроси билан танишиш, фаоллар билан йиғилиш ўтказиш режалаштирилган”, - дейилади матбуот котиб хабарида.
ЎМИ Матбуот хизмати