Мақолалар

Қандай чиройли овоз!

Бир куни Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Кўфадаги бир қишлоқдан ўтиб қолдилар. Йўлда бекорчи йигитлар тўпланиб олиб, ичиб ўтиришарди. Уларнинг ичида Зозон деган қўшиқчи ҳам бор эди. У куй чалиб, қўшиқ айтарди. Унинг овози жуда чиройли эди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу уни эшитиб, «Қандай чиройли овоз! Агар шу овози билан Қуръон ўқиганидами..». дедилар-да, ридоларини елкаларига ташлаб, жўнаб кетдилар.

Зозон бу сўзни эшитиб, «Бу киши ким?» деб сўради. Атрофдагилар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу», дейишди. «У киши нима деди?» сўради Зозон. «Қандай чиройли овоз! Агар шу овози билан Қуръон ўқиганидами..» дедилар», дейишди.

Зозон сакраб туриб, қўлидаги созини ерга уриб синдирди-да, у зотни излаб кетди. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳуни топиб бориб, ҳузурларига кирди. Салом бериб, шогирдликка олишларини сўраб, йиғлаб юборди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу уни қучоқлаб олдилар. Икковлари қучоқлашиб узоқ йиғлашди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Қандай қилиб Аллоҳ азза ва жалла яхши кўриб, тўғри йўлга буриб қўйган бандани мен яхши кўрмайин?» дедилар.

Зозон Аллоҳ азза ва жаллага барча гуноҳларидан тавба қилди ва то Қуръонни ўрганмагунча Абдуллоҳ ибн Масъуддан ажралмади. Яхши илм эгаллаб, пешқадам имом бўлди, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Салмон Форсий ва бошқа саҳобалардан ҳадис ривоят қилиш шарафига эришди.

 

«Солиҳлар гулшани» китобидан

Read 2510 times

Мақолалар

Top