muslim.uz

muslim.uz

الأربعاء, 29 حزيران/يونيو 2016 00:00

Вақт қадри

Агар бир умрнинг қадрини билмоқчи бўлсанг – капалаклардан сўра.

Агар 10 йилнинг қадрини билмоқчи бўлсанг – 20 ёшида ногирон бўлиб қолган 30 ёшли одамдан сўра.

Агар 1 йилнинг қадрини билмоқчи бўлсанг – имтиҳондан йиқилган талабадан сўра.

Агар 1 ойнинг қадрини билмоқчи бўлсанг – фарзанди 8 ойда туғилган онадан сўра.

Бир куннинг қадрини билмоқчи бўлсанг – ҳосили куз ёмғирида қолган дехқондан сўра.

Бир соатнинг қадрини билмоқчи бўлсанг – уйига бир соат кеч келган тарбияли фарзанддан сўра.

5 дақиқанинг миқдорини билмоқчи бўлсанг – поездга кеч қолган йўловчидан сўра.

Бир дақиқанинг қадрини билмоқчи бўлсанг – меҳмон кутаётган ёлғиздан сўра.

Бир дақиқанинг ўндан бир қадр-миқдорини билмоқчи бўлсанг –  беморнинг касалхонага олиб келаётган шофёрдан сўра. 

 

Интернетдан Акбаршоҳ Расулов тайёрлади.

الثلاثاء, 28 حزيران/يونيو 2016 00:00

Энг қиммат араб мамлакати

Фаластин бошқа араб давлатлари ичида озиқ-овқат маҳсулотлари қимматлиги билан алоҳида ажралиб туради. Мамлакат аҳолиси ойлик маошининг 86,9 фоизини, айнан, озиқ-овқат маҳсулотларига сарфлайди.

Шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида, мамлакат иқтисодиёт вазирининг ўринбосари Азмий Абдурраҳмонга, нега маҳсулотларнинг бу даражада қимматлиги ҳақидаги савол билан мурожаат қилинди.  Унинг таъкидлашича, мусулмонларга адовати бор айрим шахсларнинг ножўя хатти-ҳаракатлари ва солиқларнинг юқори қилиб белгилангани нархларнинг ошиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, вазир ўринбосари айрим араб давлатлари аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотлари учун сарфлайдиган маблағлари ҳақида қуйидаги далилларни келтириб ўтди. Жумладан,

  1. Тунисликлар бир ойда ойлик маошининг 42,5 фоизини;
  2. Мисрликлар 33,5 % фоизини;
  3. Иорданияликлар 31,7 % фоизини;

   4. Жазоирликлар 17,4 фоизини озиқ-овқат маҳсулотларига сарфлашар экан.

 Азизхон ҲАКИМОВ

тайёрлади.

الثلاثاء, 28 حزيران/يونيو 2016 00:00

01.07.2016 й. Қадр кечаси фазилати

بسم الله الرحمن الرحيم

Муҳтарам жамоат! Барчаларимиз моҳи шариф Рамазон ойида Раббимиз Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинган Рамазон рўзаларини тутиб, кундузлари соим, кечалари таровеҳ намозларини ўқиш билан қоим бўлган ҳолатда, бу ойдаги муборак кеча бўлган Қадр кечасидаги савоблардан баҳраманд бўлишлик умидида турибмиз. Муборак Рамазон ойининг фазилатли кечаларидан бири – Қадр кечасининг қимматини Аллоҳ таоло: "Минг ойдан яxшироқдир", дея юксак кўтарган. Ойларнинг султони Рамазон ойи бўлса, шубҳасиз, унинг тожи Қадр кечасидир. Қадр кечаси ва ундаги фазилатлар тўғрисида Аллоҳ таоло ўз каломи Қуръони каримда “Қадр” номли бутун бир сура нозил қилган:

(إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ  وَمَا أَدْرَاكَ مَا لَيْلَةُ الْقَدْرِ  لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ  تَنَزَّلُ الْمَلَائِكَةُ وَالرُّوحُ فِيهَا بِإِذْنِ رَبِّهِمْ مِنْ كُلِّ أَمْرٍ  سَلَامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ  (سورة القدر/1-5

яъни: “Албатта, Биз уни (Қуръонни “Лавҳул-маҳфуз”дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик. (Эй, Муҳаммад!) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорларининг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир.

(Қадр сураси, 1-5-оятлар). 

Қадр сураси беш оятдан иборатдир. Кўпчилик уламолар бу суранинг Мадинада нозил бўлганини айтишади.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан қуйидагича нақл қилинади: Жаброил (алайҳиссалом) Қуръонни тўлиқ ҳолда Қадр кечаси Лавҳул Маҳфуздан дунё осмонидаги Байтул Иззага олиб тушган. Сўнг Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бўлиб-бўлиб туширилган. Қуръоннинг биринчи ояти тушган вақт ва энг оxирги ояти нозил бўлган вақт орасидаги муддат йигирма уч йилдир.

Имом Шаъбий оятнинг "Қадр кечасида" лафзларини "ҳукм кечасида" деб тафсир қилган. Ҳукм кечаси "тақдир кечаси" демакдир. У кечанинг тақдир кечаси деб номланишига сабаб, у кечада келгуси йил "Қадр кечаси"гача берилажак ризқ, ажал ва бошқаларни Аллоҳ таоло тақдир қилади ва уларни амалга оширувчи фаришталарга топширади. Улар тўрт фариштадир: Исрофил, Микоил, Азроил ва Жаброил (алайҳимуссалом).

Яна бошқа қавлга кўра, кечанинг бундай аталиши, унда қадрли Китоб қадрли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга, қадрли умматга нозил қилингани туфайлидир.

"(Эй Муҳаммад,) Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яxшироқдир"."Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир" ояти каримасида бу кечанинг фазилати ва улуғлиги баён килинган. Вақтнинг фазилати унда содир бўладиган хайрли воқеаларнинг кўплиги билан белгиланади. У кечада минг ойда ҳам бўлмайдиган жуда кўп яхшилик тақсимланади. Бошқа муфассирлар оятни бундай тафсир қилишган: "У кечада қилинган амал, Қадр кечаси бўлмаган минг ойда қилинадиган амалдан яхшидир".

"У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорининг изни ила (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир".

У кечада фаришталар ер юзига тушиб, тонг отгунича одамларнинг қилган дуоларига "омин" деб турадилар.

Оятдаги ""Руҳ" сўзидан мурод Жаброил (алайхиссалом)дир.

Ибн Аббос розияллоху анҳу оятни бундай тафсир килган: "Унда" яъни, Қадр кечасида "Парвардигорининг изни ила", яъни амри билан "барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар", яъни, Аллоҳ таоло бу йилдан келгуси йилгача бўлишини тақдир қилган, ҳукм қилган топшириқлар билан ерга тушишади".

Оятдаги "салом"ни муфассир Розий: "Қадр кечасида ерга тушган фаришталар ҳар бир мўмин одамга салом беришади. Бу тонг отгунча давом этади", деб тафсир килган. Шунингдек, "салом" калимаси яxшилик деб ҳам тафсир қилинган. Нофеъ ва бошқалардан ривоят қилинишича, Қадр кечаси тўлалигича саломатлик ва яxшилик кечасидир, унда тонг отгунча бирор ёмонлик бўлмайди. Қадрнинг айнан қайси кечада экани тўғрисида турлича фикрларни билдирганлар. Уларнинг мутлақ кўпчилигига кўра, Рамазоннинг йигирма еттинчи кечаси Қадр кечасидир.

Қадр кечаси Рамазон ойининг нечанчи кечаси эканини Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Расул (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан уни аниқлаб айтиб беришларини кўп сўраганларидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигида, кейинроқ тоқ кечаларидан излаш кераклиги ҳақида айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг 27 кеча экани маълум бўлган (Бағавий тафсири). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

 (لَيْلَةُ الْقَدْرِ لَيْلَةُ سَبْعٍ وَ عِشْرِينَ " (رواه أَبُو دَاوُدَ وَ أَحْمَدُ"

 яъни: “Лайлатул Қадр йигирма еттинчи кечададир”, - дедилар”.

Аллоҳ таоло ўша кечанинг баракотидан минг ойлик ибодатнинг ажру савобидан кўра яхшироқ ажру савоб беришидан умидвор бўлиши керак. Қадр кечанинг ва ундаги бедорлик, ибодат, намоз, Қуръон тиловати ҳамда илтижо, тазарруъ, дуолар фазлидан ўтган гуноҳларни кечиришидан умидвор бўлиши керак. Лекин яна шу нарсани ҳам унутмаслигимиз лозим-ки, Рамазон ойининг ҳар бир куни ва туни улуғдир. Шунинг учун ҳам бизлар мана бу кунларни ғанимат билган ҳолда, унда ибодат ва рўзалардан ташқари бошқа хайрли ва савобли ишларга ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз, кексаларни зиёрат қилиб дуоларини олишимиз, кам таъминланган оилалар бўлса уларга ҳам эътиборли бўлишимиз керак бўлади.

(عن عائشةَ رضِيَ اللهُ عنها قالت: قلتُ: يا رسولَ الله، أرأيتَ إنْ علمتُ أي  ليلةَ القدْر؛ ما أقول فيها؟ قال: قولي: اللَّهُمَّ إنَّك عفُوٌّ تحبُّ العفوَ، فاعفُ عنِّي  (رواه الترمذى

яъни: Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўради: "Ё Расулуллоҳ, агар мен Қадр кечасини топсам нима деб дуо қилай? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жавоб бердилар: Эй Аллоҳ, Сен ҳақиқатда гуноҳларни кечирувчисан, менинг гуноҳларимни кечир, деб дуо қилинг"-дедилар (Имом Термизий ривояти).

Қадр кечасининг фазилати борасида Аллоҳ таолонинг "...минг ойдан яxшироқдир", деб марҳамат қилганининг ўзи етарли.

(قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : " مَنْ قَامَ لَيْلَةَ الْقَدْرِ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ (رواه البخارى و ﻣﺴﻠﻢ

Яъни: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: "Ким Қадр кечасини (мукофотига) ишониб, (савобини) умид қилиб, намоз ўқиш билан ўтказса, унинг ўтмишдаги (кичик) гуноҳлари кечирилади" (Имом Буxорий ва Муслим ривояти).  

Ривоят қилинишича, бир куни Мусо (а.с.) Аллоҳ таолога нидо қилиб: "Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман", - деди. Аллох таоло: "Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман", - деди. Мусо (а.с.) яна: "Илоҳо, сенинг раҳматинг орзусидаман", - деди. Аллоҳ таоло: "Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилган кишигадир", - деди. Мусо (а.с.): "Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман", - деганларида, Аллоҳ таоло: "Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман", - деди. Мусо (а.с.) нидоларини давом эттириб: "Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан танаввул қилишни истайман", - деди. "Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, мени зикр этиш билан машғул бўлганларни жаннат боғларига сазовор қиламан", - деди Аллох. Мусо (а.с.): "Илоҳо, дўзаxдан нажот топишни истайман", - деганларида, Аллоҳ таоло: "Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзаxдан нажот топадилар", - деди. Мусо (а.с.) яна илтижо қилиб: "Илоҳо, сенинг розилигинг топишни истайман", - деганларида, Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло: "Эй Мусо, Менинг розилигимни Қадр кечасида икки рақат нафл намоз ўқиганлар топадилар", - деди ("Зубдатул воизин" китобидан).  

Ибни Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Қадр кечасида Аллоҳ таоло амри  ила Жаброил алайҳиссалом фаришталар жамоати билан ер юзига тушадилар, Жаброил алайҳиссаломнинг тўққиз юзта қаноти бўлиб, улардан иккитасини фақат Қадр кечасидагина очади. Жаброил алайҳиссалом ва фаришталар туриб, ўтириб, намоз ўқиб, зикр қилиб ибодат қилаётганларга салом берадилар ва уларнинг қилаётган дуоларини ижобатини сўраб, то тонг отгунча "омин" деб турадилар. Кимнинг бадани титраб, қалби юмшаса ва кўзларига ёш келса, бу Жаброил алайҳиссаломни бу одам билан кўришганининг аломатидир. Тонг отиши билан Жаброил алайҳиссалом "қайтиш, қайтиш" деб нидо қиладилар. Фаришталар Жаброил алайҳиссаломдан Аллоҳ таоло бу кечада Мухаммад алайҳиссалом умматига нима қилди деб сўрашганда, у зот "Аллох таоло уларга назар қилди ва тўрт тоифа инсонлардан бошқаларининг гуноҳларини кечирди" - дейдилар. Биз Расулуллоҳ (с.а.в.)дан бу тўрт тоифа кимлар эканлигини сўраганимизда, у киши: "Ичкиликка ружу қўйган, ота-онасига оқ бўлган, қариндошлик алоқаларини узган, ўзаро аразлашиб гаплашмай юрган одамлар тоифасидир" - дея жавоб бердилар." (Байҳақий ривояти, "Мажолис-уш -шуҳур" китобидан).

Демак, биз мўминлар Қадр кечасининг савобини топишликка ҳаракат килишлик билан биргаликда, юқоридаги тўрт тоифа кишиларидан бўлиб қолмасликка ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Аллоҳ таоло бу ойда тутаётган рўзаларимиз, ўқиётган таровеҳ намозларимиз, қилаётган ифторликларимиз, садақот-у эҳсонларимизни ўз даргохида қабул этиб, Қадр кечасининг савобларидан баҳраманд бўлмоқликларимизни барчаларимизга насиб айласин. Омин.

الثلاثاء, 28 حزيران/يونيو 2016 00:00

Қадр кечасининг шукуҳи

Рамазон қалбларимизга ўзгача бир туйғу, хаёлларимизда Аллоҳнинг  чексиз раҳматидан умидворлик, ибодатларимизда хушуъ касб этади.

Не-не пайғамбарлар охири замон пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг уммати бўлиш  орзусида ўтганлар. Чунки Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматларига Аллоҳнинг чексиз марҳаматлари бисёр.

Аллоҳнинг ана шундай неъматлари ичида Рамазон ойи ва унда минг ойдан-да яхшироқ бўлган Қадр кечасининг фазли биз умматларга берилган бебаҳо бойлигидир.

Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қилганлар: “Кимки Қадр кечасида имон-эътиқод, қаноат ва ишонч билан турса олдинги гуноҳлари кечирилади, кимки Рамазон рўзасини имон-эътиқод ва ишонч билан тутса, олдинги қилган гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривояти).

 “Тўрт кечанинг кундузи ҳам кечаси каби фазилатлидир. Аллоҳу таоло бу кунларда дуо этган кишининг дуосини рад этмайди, уларни мағфират этади ва улар бу куни мўл эҳсонга эга бўладилар. Булар қадр кечаси, арафа кечаси, бароат кечаси, жума кечаси кунларидир” (Дайламий).

Бундай   муборак вақтларда гуноҳлардан узоқ туриш, тоат-ибодатларни ва ҳар турли хайрли ишларни кўпайтириш керак. Аллоҳ таоло ғанимат қилиб берган вақтни исроф қилмаслигимиз зарур.

Ривоят қилинишича, бир куни Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога нидо қилиб: “Илоҳо, сенинг яқинлигингни билишни истайман”, - деди. Аллоҳ таоло: “Мен Қадр тунида уйғоқ бўлганларга яқиндирман”, - деди. Мусо (алайҳиссалом) яна: “Илоҳо, сенинг раҳматингнинг орзусидаман”, - деди. Аллоҳ таоло: “Менинг раҳматим Қадр кечасида мискинларга раҳм қилганларгадир”, - деди. Мусо (алайҳиссалом): “Илоҳо, сирот кўпригидан яшиндек ўтишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ таоло: “Қадр кечасида фақирларга садақа берганларни олдинроқ ўтказаман”, - деди. Мусо (алайҳиссалом) нидоларини давом этиб: “Илоҳо, жаннат боғларида бўлишни ва уларнинг мевасидан тановул қилишни истайман”, - деди. “Қадр кечасида тасбеҳ айтиб, Мени зикр этиш билан машғул бўлганлар жаннат боғларига сазовор бўлишади”, - деди Аллоҳ. Мусо (алайҳиссалом): “Илоҳо, дўзахдан нажот топишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ таоло “Қадр кечасида истиғфорни кўп айтганлар дўзахдан нажот топадилар”, - деди. Мусо (алайҳиссалом) яна илтижо қилиб: “Илоҳо, сенинг розилигингни топишни истайман”, - деганларида, Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло: “Эй Мусо, Менинг розилигимни қадр кечасида икки ракат нафл намоз ўқиганлар топадилар”, - деди (“Зубдатул воъизин” китобидан).

Қадр кечасида илм ўрганиш, Қуръони каримни тиловат қилиш, қазо намозларини ўқиш, тасбеҳ, такбир, таҳлил айтиш,  садақа бериш,   атрофдагиларга чиройли муомалада бўлишнинг савоби улуғдир.

Ўзимиз, оила аъзоларимиз, фарзандларимиз ва яқинларимизни минг ойнинг савоби ёғилиб турадиган ушбу кечада яхшиликларга чорлаб, эзгу амаллар қилишга ундашимиз даркор. Беморларни бориб кўриш, ночорларга ёрдам бериш, чиройли сўзлар айтиб, атрофдагилар кўнглини кўтариш ҳам савобли амаллардандир.

 

Мунира АБУБАКИРОВА,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 

 

 

الثلاثاء, 28 حزيران/يونيو 2016 00:00

“Денгиз шаҳар- музейи”

Абу Даби Лувридан ажойиб музей барпо этиш режалаштирилмоқда. БАА туризмни ривожлантириш департаменти бошлиғи Али Мажид ал Мансурнинг сўзларига кўра бу лойиҳа ривожланишнинг муҳим босқичларидан бўлиб, у  Париждаги Лувр музейининг филиали бўлади. Лойиҳага кўра, музейнинг денгиз билан интеграциясининг биринчи босқичида денгиз сатҳини музей ертўласигача етказиш ва кейин босқичма-босқич уни бутун музей сувда бўлишигача олиб бориш режалаштирилган. Ушбу жараён технологик жиҳатдан мушкул бўлганлиги учун унга бир неча ой керак бўлади.

Ҳозирда қурувчилар диаметри 180 метр бўлган гумбазни ўрнатиш ишларини якунламоқда, бундан ташқари маъмурият комплекси ва галерея қурилишдаги ишлар жадал суратларда олиб борилмоқда.

Абу  Даби Луври бу Саадият оролидаги  маданий туманнинг бир қисмидир. Бу ҳудудда яна БАА Миллий музейи ва Гуггенхайм музейи филиаллари ҳам бўлади.  

Абу Даби Луври музейида 12 та замонавий галерея бўлади. Уларда 13 та француз институтларидан олиб келинган, инсоният тарихидан сўзловчи санъат асарларини жойлаштириш режалаштирилган. Галереялардан ташқари музей ҳудудида дўкон, қаҳвахона ва кўнгилочар марказлар ҳам барпо қилинади.  

 

 

                                                            М.Зуфарова тайёрлади.

                                                    23.06.2016 йил.

 

Видеолавҳалар

Top