muslim.uz

muslim.uz

Мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Қозоғистон парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳамроҳлигида 4 июнь куни пойтахтимиздаги «Ҳазрати Имом» мажмуасига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА
Сенат маълумотига кўра, «Ҳазрати Имом» мажмуаси қадимий ва замонавий бинолардан ташкил топган. Меъморий ансамбль масжид ва Ҳазрати Имом мақбараси, Муйи Муборак мадрасаси, Бароқхон мадрасаси, «Тилла Шайх» масжидини ўз ичига олади.
Меҳмонлар мажмуа фаолияти билан танишди, тарихий ёдгорликнинг меъморий ечимига, туташ ҳудудни ободонлаштириш ишларига юқори баҳо берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

الثلاثاء, 08 حزيران/يونيو 2021 00:00

Жиҳод фитна ёки боғийлик эмас

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда гўё “жиҳод” барча мусулмонларга фарз, шу боис ҳақиқий мусулмон ёшлар Сурия каби уруш кечаётган заминга бориши ва “кофирлар”га қарши курашиши зарур экани ҳақидаги даъватлар тарқатилаётгани сир эмас.

Ўзи Туркия ҳудудига беркиниб олиб, ёшларни Суриядаги уруш ўчоғида “ўтин” бўлишга даъват қилаётган “Абдулла Зуфар” каби шахслар фуқароларимизнинг, ўсмир-гўдакларимизнинг умрларига зомин бўлмоқда.

Ушбу фитначининг гўё “умматга жиҳодсиз ҳаёт йўқ” каби даъволарига алданаётган айрим ёшлар “жиҳод қилиш керак экан”, деган тор тасаввурлари билан Суриядаги террорчилар сафига бориб қўшилмоқда. Охир-оқибатда эса ушбу алданганлар жангу жадалларда ўлиб кетмоқда, ҳукумат ёки бошқа кучлар қўлига тушиб, умрлари қамоқхоналарда ўтмоқда. Сурияга эргаштириб борган турмуш ўртоқлари, опа-сингиллари насл-насаби номаълум жангари кимсаларга хотин бўлиб, норасида гўдаклари оч-наҳор, тарбиясиз ҳолда сарсон-саргардон бўлмоқда.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб, дунё уламоларининг фикрларига таянган ҳолда “жиҳод” тушунчасининг Ислом таълимотидаги соф мазмун-моҳиятини эслаш мақсадга мувофиқдир. “Жиҳод” арабчада “жидду жаҳд”, “ғайрат қилмоқ” маъноларини англатиб, Ислом таълимотида дастлаб динни ҳимоя қилиш сифатида вужудга келган тушунча ҳисобланади. Жиҳод уруш маъносида эмас, Аллоҳнинг динига сўз билан даъват қилиш маъносида юзага келган. Араб тилида “уруш” маъносини “қитол” сўзи англатади.

Жиҳод Ислом ҳуқуқшунослари томонидан “қалб жиҳоди” (инсон ўзининг нафси ва ёмон хулқи билан курашуви), “тил жиҳоди” (яхшиликка чақириш, ёмон ишлардан қайтариш), “қўл жиҳоди” (жиноятчиларни жазолаш) ва “қилич жиҳоди” (душман билан қуролли кураш) каби кўринишларда бўлиши эътироф этилади.

 Жалолиддин Суютийнинг “Ал-Фатҳул кабир” китобида (2-жуз, 280-б.) келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Кичик жиҳоддан катта жиҳодга, банданинг ҳавойи нафсига қарши қиладиган жиҳодига хуш келдингиз!” деганлар. Ушбу ҳадисдан энг афзал жиҳод инсоннинг ўз нафсини енгиши экани келиб чиқади. Жиҳод масаласида Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда: Жиҳоднинг афзали Аллоҳ таолонинг йўлида ҳавойи нафсингга қарши жиҳод қилмоғингда, дейилган.

Илм ўзлаштириш учун бор имкониятларини ишга солаётган ўсмирни маърифат йўлида, ота-онасининг розилигини олиш учун астойдил киришган инсонни эса ота-онаси хизматида жиҳод қилмоқда, деса бўлади. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда айтилади: «Абдуллоҳ ибн Амр розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, у зотдан жиҳод қилишга изн сўради. Шунда у зот: “Ота-онанг тирикми?” дедилар. У “Ҳа”, деди. У зот: “Ундай бўлса, ана ўшаларнинг йўлида жиҳод қил!” дедилар» (Имом Бухорий, 3004-ҳадис).

Бошқа ҳадиси шарифда эса қуйидагилар баён этилган: Аллоҳ нинг йўлида қиличи билан урушишнинг ўзи жиҳод эмас, балки ота-онаси, фарзандларини боқиши ҳамда ўзини одамлардан тиланишдан тўхтатиши ҳам жиҳоддир”.

Дунё уламоларининг хулосаларига кўра, Исломда қуролли жиҳод ҳукми шароитга қараб ўзгариб туради ва икки қисм: талаб ва мудофаадан иборат эканини таъкидлайдилар. Талаб жиҳоди ҳозирги кунда йўқ эканига уламолар ижмо қилганлар. Чунки мусулмонлар ҳозир турли мамлакатларда истиқомат қилиб, мамлакатлар орасидаги муносабатлар ўзаро урушмасликка ва элчихоналар орқали алоқаларга асосланган.

Мудофаа жиҳоди душман мусулмон юртига бостириб кирса, ҳимоя учун зарур бўлиб, у ҳеч қачон ички фитна шаклида бўлиши мумкин эмас. Исломда қонуний ҳокимиятга қарши фитна қилиб, боғийларча қурол кўтариб чиқиш эмас, аксинча, қонуний ҳокимиятни ҳимоя қилиш буюрилган. Имом Бухорий келтирган ҳадисда айтилади: Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким менга итоат қилса, Аллоҳ таолога итоат қилган бўлади. Ким амирга итоат қилса, демак, менга итоат қилибди ва ким амирга осийлик қилса, демак, менга осийлик қилибди. Чунки амир – орқасидан, яъни уни ҳимоя қилиб жанг қилинадиган ҳамда у билан душмандан сақланадиган қалқондир” (Имом Бухорий, 2957-ҳадис).  

Уламоларнинг хулосасига кўра, агар душман мусулмон юртига уруш очиб, бостириб кирса, барча мусулмонларга қуролли жиҳод фарзи айн, бундай ҳолат бўлмаса, фарзи кифоя ҳисобланади. Қуролли жиҳод ҳокимият раҳбари қўли остида амалга оширилади. Жиҳод ҳеч қачон қотиллик, босқинчилик, одамларни гаровга олиш, мажбуран эътиқодини ўзгартириш ёки тинч мусулмон жамиятида фитна чиқариш учун жорий қилинмаган.

Шайх Муҳаммад Саид Рамазон Бутий “Исломда жиҳод тушунчаси, уни қандай тушунамиз ва у билан қандай муомалада бўламиз” асарида қуйидагиларни таъкидлаган: “Бирор юртга жиҳод қилиш, даъват қилиш ёки улар билан сулҳ тузишни мусулмонларнинг имоми белгилаб беради. Мусулмонларнинг бошлиқлари халифа, имом, подшоҳ, президент каби турли номлар билан аталиши мумкин. Уларнинг рухсатларисиз, ўзбошимчалик билан бу ишларни амалга ошириб бўлмайди”.

Шу нуқтаи назардан, уламолар жиҳод фақат мусулмонларнинг қонуний ҳукмдорлари томонидангина умматнинг хавфсизлиги, мол-мулки ва эътиқодини ҳимоя қилиш йўлида эълон қилиниши мумкин экани таъкидланади.

Аксинча, Исломда ҳақли равишда ҳукмдорлик қилаётган мусулмон раҳбарлар қўли остида халқ тинч яшаб келаётган вақтда исён кўтариб фитна чиқарганлар тоифаси “боғийлар” деб аталади. Одамларни ўлдириш, портлатиш, ўғирлаб кетиш, ўз давлатига қарши чиқиш каби қабиҳ ишлар орқали фитна чиқариш, халқнинг хавфсизлиги ва хотиржамлигини бузиб, таҳликага солиш, бегуноҳ одамларни ўлдириш, мулкига эга чиқиш, аёлларини эса ўзларига ҳалол деб эълон қилиш Қуръони карим кўрсатмасига кўра катта гуноҳ ҳисобланади.

Мусулмонларга боғийларнинг фитнасида қатнашиш Қуръони каримда қатъий ман этилган: «Сизлардан фақат золимларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир» (Анфол сураси, 25-оят).

Мусулмон оламида “Ислом динининг далили” деб эътироф этилган Бурҳониддин Марғинонийнинг машҳур “Ҳидоя” асарида ҳам боғийлар ҳақида тўхталиб, динда исёнчи кишилар ўлдирилса, жаноза ўқилмаслиги таъкидланган.

Экстремистик ва террорчи ташкилотлар тарғиботчилари жиҳод ғоясини сохталаштирилаётгани мазкур масалага мантиқан ёндашилган тақдирда ҳам ойдин бўлади. Масалан, куни кеча ижтимоий тармоқларнинг рус тилидаги манбаларида Сурия ҳудудида “Ҳайъат таҳрир аш-Шом” террорчилик ташкилоти аъзолари “Абу Дуджон Доғистоний” исмли, Доғистондан келган жангарини йўқ қилганларини эълон қилди. Ўз навбатида, ўтган йили май ойида “Абу Дуджон Доғистоний” томонидан Суриянинг Идлиб вилоятида доғистонлик бошқа жангари, “Кавказ амирлиги” гуруҳи раҳбари “Абдулла Цумади” (Залимхон Кадиев)ни ўлдирилгани ҳақида маълумотлар тарқатилган эди. Кўриниб турибдики, гўёки “жиҳод” қилиш учун Сурияга келган жангарилар ўз хўжайинларининг манфаатлари йўлида нафақат ҳукумат қўшинлари билан, балки ўзаро жанг қилмоқда, бир-бирини ўлдирмоқда. Буни қандай қилиб “жиҳод” деб аташ мумкин? (Давоми бор.) 

Ўткир ҲАСАНБАЕВ

Ислом шариатида Суннат Қуръон каримдан кейинги иккинчи асосий манба ҳисобланади. Қуръон каримни ўқиш ва ўргатиш илмларнинг энг муҳими. Унинг тафсири ва шарҳи бўлмиш Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш ва ўргатиш илми аҳамият жиҳатидан кейинги ўринда туради. Зеро, маълумотнинг муҳимлигига қараб илмнинг қадр-қиммати ошади.

Ҳадислар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлгани учун У зотга кўрсатиладиган эҳтиром ҳадисларга ҳам кўрсатилиши зарур. Яъни, ҳадисларни ўрганиш ва ўргатишнинг бошқа илмларда учрамайдиган ўзига хос жиҳатлари: шартлари, таълим услублари ва одоб-аҳлоқлари бор бўлиб, ҳадис илми билан шуғулланувчи муҳаддислар бунга катта эътибор билан қарашган.

Муборак ҳадисларни ривоят қилган ва эшитган кишилар амал қилиши керак бўлган таълим методикаси-услуби, одоб-аҳлоқини белгилаб беришган. Бу ҳолат ҳадис илми китоб шаклида тўпланишига қадар оғзаки жорий бўлган.

Ҳадис илмларини ўргатадиган “мусталаҳул ҳадис” фанида ҳадис илмларига тегишли бошқа илмлар қаторида ушбу илм ҳам жой олган. Мусталаҳул ҳадис фанида ривоятни эшитиш ва уни етказиш ҳолатлари тўғрисида алоҳида боб бўлиб, у ерда таълим услублари-методлари, шартлари ва одоб-ахлоқлари белгилаб берилган.
Ҳадис илми жуда муҳим аҳамиятга эга илмлардан биридир. Ушбу илмнинг нақадар зарурлиги ҳақида саноқсиз уламолар жуда ўринли сўзларни айтганлар. Ҳофиз Зайниддин Ироқий айтади: “Ҳадис илми ўта муҳимдир. Фойдаси чексиздир. Жуда кўплаб ҳукмларнинг манбаси ва масдари ҳадис илмига мавқуфдир”. Абдуллоҳ ибн Муборак айтади: “Санад илми диндандир. Агар санад бўлмаганда ҳоҳлаган киши ҳоҳлаган нарсасини айтаверар эди”.

Дарҳақиқат, Санад илми бир сўз билан айтганда, мусталаҳул ҳадис илми орқали диннинг тўрт манбасидан бири ва энг асосини ташкил этувчи маълумотлар – Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак суннатлари сақланиб қолган.

Доктор Нуриддин Итр роҳимаҳуллоҳнинг “Манҳажун-нақд фий улумил ҳадис” номли китоблари ҳадис илми соҳасида ёзилган китоблар орасида энг аҳамиятли ва бетакроридир. Муаллиф ҳадис илми, ҳадисларни текшириш соҳасида беқиёс фойдалар намоён этган. Суннат ва унинг илмлари борасида шубҳа уйғотувчиларга қарата жавобсиз саволлар уйғотган, суннат қўрғонини ҳимоя қилишда тенгсиз барқарорлик билан мустаҳкам туриб берган олимлардан.

Муаллиф айни мақсадини китобнинг аввалида ошкор қилган. Китобнинг ўзига хос хусусияти ҳам шундадир. Доктор роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ҳадис илми соҳасига бағишланган китобдир. Ушбу китобимиз мазкур буюк илм биносининг бир ғишти бўлишини умид қиламиз”. Муаллиф ушбу илм қоидаларини ёрқин ва тўла тўкис ёритганлиги ўзининг олдига қўйган мақсадларидан маълумдир. Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларини ҳимоя қилиш, саҳиҳларини саҳиҳмасларидан ажратиш, мақбул ҳадисларни, номақбулларидан тозалаш муаллифнинг асосий мақсадларидандир.

Ушбу китоб ҳадис илмининг тарқоқ маълумотларини ўзида жамлаган ва мукаммал ҳолга келтирган.
Албатта, мазкур китоб уламолар томонидан жуда яҳши қабул қилинган ва жуда кўплаб мақтовларга сазовор бўлган. Муҳаммад Саъид Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ, Муҳаммад Тақий Усмоний, Муҳаммад Аввома, Мисрнинг собиқ муфтийси Али Жумъа, Муҳаммад Юсуф Қарзовий ва шу каби замонамизнинг етук алломалари мазкур китобнинг долзарб экани, ўзига хос фазилатларини эътироф этганлар.

Жумладан, Доктор Шайх Муҳаммад Абу Шаҳба Доктор Муҳаммад Итр роҳимаҳуллоҳнинг меҳнат ва машаққати ҳақида гапириб, бундай деган: “Албатта, “Манҳажун нақд фий улумил ҳадис” китоби ушбу фанда ёзилган китоблардан яққол ажраб турувчи, бебаҳо китобдир. У шу соҳада ёзилган китоблардан жуда кўп жиҳатлардан алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, шу мавзуда ёзилган асарларнинг энг муқаддимасида турувчи китобдир. Жумладан, тақсимлаш ва тафсилотлар жуда чиройли берилган. Китобнинг илмий қийматини оширувчи жиҳатларидан яна бири муаллиф ушбу фанга доир жуда кўп китоблардан хабардор экани, ҳатто бир кутубхона бўларлик даражада кўп китоблардан фойдалангани ҳамда шарқшуносларнинг илмий асос билан асосланмаган саволларига раддиялар беришга алоҳида ҳиммат қилганидир”.


Шукржон Эгамбердиев,
Тошкент ислом институти
махсус сиртқи бўлим 3-курс талабаси

الثلاثاء, 08 حزيران/يونيو 2021 00:00

Инсоф – олижаноблик белгиси

Кел  эй  комил, камол  этсанг  диёнат

Кишиға  қилмағил   хар  гиз   хиёнат

Узатмас  бўлсанг  анга  дасту  алтоф

Нечук  бўлғай  мусулмонлиғда  инсоф.

Сўфи  Аллоҳёр

 

Муқаддас Ислом дини инсонлар ўртасидаги муносабатларда ҳамиша инсоф, адолат, халоллик хукмрон бўлишини талаб этади ва мусулмонларни шунга чорлайди. Бу муносабатлар инсонни камолотга етаклайди.

Халқимиз орасида «Дунёни обод қиладиган ҳам, барбод қиладиган ҳам ИНСОН! Инсонни одам қиладиган ҳам, адо қиладиган ҳам ИНСОФ!», деган ажойиб хикмат бор. Инсоф хаддан ошмасликдир. Баъзан инсоф хақида гапирамиз-у, аммо асли инсофнинг нима эканлигини кўпчилигимиз яхши билмаймиз. Ҳазрат Алишер Навоийнинг «Инсоф  ила  адл  қасрини  қур» деган ишорасида қанча маъно ва мазмун яширинган.

Хар бир инсоннинг инсофли бўлишида, аввалам бор, унинг оиласидаги муҳит, ота-она ва мактабдаги ўқитувчи устозларнинг таълим-тарбияси катта аҳамият касб этади. Инсонни хар бир ишда хам, гапда хам инсофли бўлиши керак. Инсоф бу фақат хақиқатни айтиш эмас, балки кишиларнинг кўнглини топа билиш ва уларга мехрибонлик кўрсатишдир.

Ҳукамолар айтадилар: «Ўн ҳислатни қўлдан бермаслик лозим: тўғрилик, халоллик, инсоф, мулойимлик, кексаларни хурмат қилиш, кичикларга шафқат қилиш, қаноатлик бўлиш, вафодорлик, иффат ва адолат».

Ислом  дини кишиларни инсофга одатлантириш учун амалий бир услубни йўлга қўйган бўлиб, унинг асоси Қуръони каримда келганидек, мўминларнинг ўзаро ака-ука эканликлари, шунингдек, ҳадиси шарифларда айтилганидек, уларнинг ўзаро муносабатларида бамисоли бир тана каби эканликлари ҳақидаги ўгитлардан иборат. Жамият аъзолари бамисоли бир тана экан, улардан бирига нисбатан содир қилинган инсофсизлик ва зулм жамиятнинг бошқа аъзоларига ҳам таъсир қилиши муқаррар. Шу боис ҳам динимиз таълимотларида инсоф инсоний алоқаларни муҳофаза қилишнинг асосий воситаси қилиб белгиланган. 

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу ўз ўғиллари  Имом Ҳасан розияллоҳу анҳуга инсоф борасида шундай ўгитлар билан насиҳат қилган эканлар: «Эй ўғлим! Ўзинг билан ўзгалар ўртасидаги муомалангда ўз нафсингни мезон  қил. Ўз нафсинг учун яхши кўрган нарсангни биров учун ҳам яхши кўр. Ўз нафсинг учун ёмон кўрган ишингни бировга нисбатан ҳам раво кўрма. Ўзингга зулм қилинишини ёқтирмаганинг каби бировга ҳам зулм қилма. Ўзингга (Аллоҳ томонидан) эҳсон-яхшилик қилинишини севганингдек, ўзгаларга ҳам эҳсон-яхшилик қил. Бировнинг хулқида хунук санаганинг ишни ўз хулқингда ҳам хунук санагин. Ўзганинг феълида гўзал санаганинг ишларни ўз нафсинг учун ҳам гўзал ва керакли деб бил. Билмаган нарсангни гапирма. Билган нарсангни  гапир. Ўзингга  қарата  айтилишини ёқтирмаганинг сўзни бировга ҳам гапирма».

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг бу сўзларида олам-олам маъно мужассам. Инсон ўзгалар билан муомаласида ўз нафсини мезон қилишини, биров бизга ёлғон гапиришини, алдашини хоҳламаймизми? Демак, бошқаларга ёлғон гапирмайлик. Кимдир бирор нарсамизни ўғирлашини қабул қила олмаймизми? Демак, бировдан биз ҳам ҳеч нарса ўғирламайлик. Биров бизга кибр қилиб, ерга уришини истамаймизми? Демак, биз ҳам ўзгаларга таҳқиромуз ва такаббурона муомала қилмайлик. Шундай қилиб, ҳар доим ўзгаларга нисбатан қиладиган муомалаларимизда ўзимизга ўзимиз: «Мен шу муомалани  ўзим учун бўлишига рози бўлармидим?!», деган савол қўяйлик.  Мана  шу  ИНСОФдир. 

Инсоф, ҳалоллик, адолат ва виждонлилик тушунчалари динимиз Исломнинг барҳаёт таълимотларида бот-бот таъкидланган муқаддас тушунчалар бўлиб, уларга доимо риоя қилишимиз, одамлар билан амалга оширадиган барча муомала ва муносабатларимизда оғишмасдан амал қилишимиз лозим бўлган маънавий мезон ҳисобланади. Агар инсоф ва адолатни, ҳалоллик ва виждонни ўзимизга мезон қилсак, дунёю охират яхшиликларига эга бўламиз, жамиятимиз янада жипс ва мустаҳкам жамият бўлиб, гуллаб яшнайди.

Аллоҳ таоло барчамизни Ўзидан қўрқадиган, инсофли, адолатли  инсонлардан  бўлишимизни насиб айласин!

 

Нарзуллаев Одилжон

Янгийул туман "Имом Султон" жоме масжиди имом хатиби

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташаббуси билан Zoom дастури орқали қозоқ, ўзбек, қирғиз ва хориж уламолар иштирокида қозоқ элининг Ислом динини қабул қилганига 1270 йил тўлиши муносабати билан анжуман бўлиб ўтди.

Халқаро онлайн учрашув аввалида “Ислом динининг Қозоғизтонга кириб келиши” мавзусидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шундан сўнг Жамбил вилояти ҳокими Бердибек Мажитбек ули ва Қозоғистон мусулмонлар идораси муфтийси Наврўзбай ҳожи Тағанули Ислом динининг Ўрта Осиё, хусусан, Қозоғистонга кириб келиши, бу ҳудуддаги уламолар, мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги, туркий халқлар ислом билан шарафлангани ҳақида маълумот беришди.

Видеомулоқот шаклида ўтган учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков маъруза билан қатнашиб, мамлакат муфтийси Наврўзбай ҳожи жаноблари бошчилигидаги уламоларни Қозоқ диёрига Ислом дини кириб келгани ва Қозоғистоннинг истиқлолга эришганининг 30 йиллик санаси билан самимий муборакбод этди, бугунги кунда икки қардош халқлар дўсту қадрдонликлари равнақ топишида Давлатларимиз Раҳбарларининг олиб бораётган саъй-ҳаракатлари натижаси экани, 2018 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмонлари идоралари ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолангани ўтган давр мобайнида икки давлат диний муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилганини таъкидлади.

Шунингдек, Ҳомиджон қори Ишматбеков Аллоҳ таолонинг инояти билан Ислом динининг Мовароуннаҳр ўлкаси, хусуан, ҳозирги Қозоғистон ҳудудига Ислом динининг кириб бориши, икки мамлакат мусулмонлари идораларининг яқин ҳамкорлиги тарихий илдизлари 1943 йилда ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасидаги муштарак фаолиятга бориб тақалиши, ўтган давр ичида Қозоғистон мусулмонлари диний идораси фалияти ривожланишига ўз вақтида раҳбарлик қилган Ратбек Ҳожи Нисанбайули, Aбсаттар Ҳожи Дербисали, Ержан ҳожи Маямеров, Серикбай ҳожи Ораз жаноблари катта ҳисса қўшгани, ҳозирда Наврўзбай ҳожи Тағанули, бошчилигингизда улкан ва савобли ишлар амалга оширилаётганини баён этди.

Онлайн анжуман доирасида сўз олган Қирғизистон мусулмонлари идораси марказий аппарати раҳбари Равшан Эратов мамлакатда олиб борилаётган ижобий ишлар – ҳамжиҳатлик, бирлик биродарлик, ҳалқнинг тақво ва ҳалоллик учун тарғиботи ҳақида, Халқаро турк академияси ректори академик Дархон Қувондиқули Қидирали ўз сўзида ислом динига туркий ҳалқларнинг ўрни, туркий олимларнинг хизматлари шариат илмлари ривожидаги аҳамиятида тўхталиб ўтди.

Азҳари шариф университети доктори устози Муҳаммад Ризо ўз сўзида Ислом динининг бу диёрларга кириб келиши нафақат Аллоҳни танишга, унга иймон келтиришга, балки бу минтақада истиқомат қилувчи халқларнинг бирлашишига асос бўлгани, илм-фан ривожига, инсоннинг ҳуқуқлари тараққий даражасига етказилгани ҳақидаги маъруза қилди.

Халқаро онлайн учрашув якунида қардош халқлар ва хорижлик уламолар бундай анжуманни юқори баҳолаб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида келишиб олдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Мақолалар

Top