Дунё янгиликлари

Қозоқ эли Исломга кирганига 1270 йил тўлиши муносабати билан халқаро онлайн анжуман ўтказилди

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташаббуси билан Zoom дастури орқали қозоқ, ўзбек, қирғиз ва хориж уламолар иштирокида қозоқ элининг Ислом динини қабул қилганига 1270 йил тўлиши муносабати билан анжуман бўлиб ўтди.

Халқаро онлайн учрашув аввалида “Ислом динининг Қозоғизтонга кириб келиши” мавзусидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шундан сўнг Жамбил вилояти ҳокими Бердибек Мажитбек ули ва Қозоғистон мусулмонлар идораси муфтийси Наврўзбай ҳожи Тағанули Ислом динининг Ўрта Осиё, хусусан, Қозоғистонга кириб келиши, бу ҳудуддаги уламолар, мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги, туркий халқлар ислом билан шарафлангани ҳақида маълумот беришди.

Видеомулоқот шаклида ўтган учрашувда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон қори Ишматбеков маъруза билан қатнашиб, мамлакат муфтийси Наврўзбай ҳожи жаноблари бошчилигидаги уламоларни Қозоқ диёрига Ислом дини кириб келгани ва Қозоғистоннинг истиқлолга эришганининг 30 йиллик санаси билан самимий муборакбод этди, бугунги кунда икки қардош халқлар дўсту қадрдонликлари равнақ топишида Давлатларимиз Раҳбарларининг олиб бораётган саъй-ҳаракатлари натижаси экани, 2018 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон мусулмонлари идоралари ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида меморандум имзолангани ўтган давр мобайнида икки давлат диний муассасалари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилганини таъкидлади.

Шунингдек, Ҳомиджон қори Ишматбеков Аллоҳ таолонинг инояти билан Ислом динининг Мовароуннаҳр ўлкаси, хусуан, ҳозирги Қозоғистон ҳудудига Ислом динининг кириб бориши, икки мамлакат мусулмонлари идораларининг яқин ҳамкорлиги тарихий илдизлари 1943 йилда ташкил этилган Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасидаги муштарак фаолиятга бориб тақалиши, ўтган давр ичида Қозоғистон мусулмонлари диний идораси фалияти ривожланишига ўз вақтида раҳбарлик қилган Ратбек Ҳожи Нисанбайули, Aбсаттар Ҳожи Дербисали, Ержан ҳожи Маямеров, Серикбай ҳожи Ораз жаноблари катта ҳисса қўшгани, ҳозирда Наврўзбай ҳожи Тағанули, бошчилигингизда улкан ва савобли ишлар амалга оширилаётганини баён этди.

Онлайн анжуман доирасида сўз олган Қирғизистон мусулмонлари идораси марказий аппарати раҳбари Равшан Эратов мамлакатда олиб борилаётган ижобий ишлар – ҳамжиҳатлик, бирлик биродарлик, ҳалқнинг тақво ва ҳалоллик учун тарғиботи ҳақида, Халқаро турк академияси ректори академик Дархон Қувондиқули Қидирали ўз сўзида ислом динига туркий ҳалқларнинг ўрни, туркий олимларнинг хизматлари шариат илмлари ривожидаги аҳамиятида тўхталиб ўтди.

Азҳари шариф университети доктори устози Муҳаммад Ризо ўз сўзида Ислом динининг бу диёрларга кириб келиши нафақат Аллоҳни танишга, унга иймон келтиришга, балки бу минтақада истиқомат қилувчи халқларнинг бирлашишига асос бўлгани, илм-фан ривожига, инсоннинг ҳуқуқлари тараққий даражасига етказилгани ҳақидаги маъруза қилди.

Халқаро онлайн учрашув якунида қардош халқлар ва хорижлик уламолар бундай анжуманни юқори баҳолаб, ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш борасида келишиб олдилар.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1572 times

Янгиликлар

Top